Болаликнинг биргина шу лавҳаси кўз ўнгимдан ўтиши ҳамоно соч билан боғлиқ яна бошқа бир қанча ўгит-пандлар, турли одат-удумлар, иримлар ёдимга тушди. Ўзбек оиласида туғилган фарзанд ёшига етар-етмас “соч олди” маросими ўтказилади. Агар фарзанд ўғил бўлса, бу маросим тоқ ойда, қиз бўлса, жуфт ойда нишонланган. Маросимда оиланинг ёши улуғи гўдак сочига қайчи уриб беради. Бунинг замирида бола шу улуғ ёш яшаган одам каби толеи баланд, ризқ-насибали бўлсин, деган эзгу ният ётади. Соч олинганида орқа томонда – энсада бироз қолдирилиб, ўстирилган ва бу “эргаш”, “кокил” деб юритилиб, бола маълум ёшга етганида ўтказилган махсус маросимда кесилган. Бу амал “болам катталарга эргашиб, униб-ўссин, кўпга қўшилсин”, деган нек-ниятда қилинган. Бу удум ҳатто ҳозир ҳам айрим олис қишлоқларда сақланиб қолганини кўриш мумкин. Қиз боланинг сочи эса қўлга илашадиган бўлган заҳоти ўримга солинган, қизалоқларнинг сочи ёйилиб, бесаранжом бўлиб юришига йўл қўйилмаган. Кесилган, таралганда тушган соч толалари эса ҳеч қачон оёқ остига ташланмаган.
Илгари сочнинг қандай ўрилганига қараб, унинг соҳибаси ҳақида маълумот олиш мумкин бўлган. Ёш қизалоқлар сочига пилта ё жамалак тақилган бўлса, навниҳол бўй қизлар сочи ҳамиша қирқкокил қилиб ўрилган. Оналар қизининг сепига алоҳида безакли жамалак солишган. “Пўпак”, “тахтапўпак”, “заркокил”, “нуқрапўпак” сингари турлича номлар билан аталган безак янги келинликнинг белгиси бўлган. Энди у то фарзандли бўлгунича, сочини шу безак билан ясатиб юрган. Боласи туғилиб, оналик мақомига етган аёл эса сочини бир ёки икки ўрим қилиб, орқасига ташлаб юрган.
Адабиётда ҳам соч тимсоли алоҳида юкли бадиий маъно ташувчи унсур ҳисобланган. Эртакларда сеҳргар парилар ўзларини қут-қарган ботирларга уч тола соч бериб, ёрдамга шай туриши сочда илоҳий-сеҳрий бир қувват, замонавий тилда айтганда, магик куч борлигига ишора. Ёки халқ ишонган ботир, азамат қаҳрамоннинг эртакларда зар кокилли йигит қиёфасида гавдаланиши сочда маълум бир қудрат жамланганини билдиради.
Мумтоз адабиётда эса соч - соғинч, ҳижрон, меҳр тимсоли.
“Сочининг савдоси тушди бошима бошдин яна...”
Бобурнинг шу сатр билан бошланадиган ғазалини ўқиганимиз ҳамоно кўз олдимизда сочлари узун, иболи-ҳаёли Шарқ гўзали гавдаланади. Ошиғи шайдо бу гўзалнинг сочларига маҳлиё, унинг тўсдай қоралиги ошиқнинг уйқусиз ўтган тунини эслатса, узунлиги ишқнинг сермашаққат, чўзилган йўлига ўхшайди, соч толаларининг сон-саноқсизлиги эса гўё ошиқ изтироблари, қийноқлари кўплигига ишорадай...
Буларнинг барини бир ерга жамласак, халқимизда сочга ҳурмат-эътибор билан ёндашилгани, унга айрича маъно-мазмун юклангани, соч эъзозли аъзо – бош билан баравар ардоқлангани, эҳтиётланганини кўрамиз.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, сочга бўлган муносабат фақат бизда эмас, бошқа халқларда ҳам шундай. Масалан, манбаларнинг далолат беришича, қадимда рус аёллари ҳамиша сочларини тақимга етгудай ўстириб, ўриб юришган. Соч қанча узун бўлса, унинг соҳибаси шунчалик доно, ақлли, унинг аёллик фазилатлари, меҳр-муҳаббати ва куч-қуввати шунчалик кўп бўлади, деб ўйлашган. Гавданинг орқа томонидан тушиб турган қалин соч ўрими соҳибасига илоҳий куч бағишлаб, унинг руҳий қувватини мустаҳкамлаган. Аёллар сочларига катта эътибор ва меҳр билан қарашган. Қадимда славян халқларида қизларнинг ўз ошиғига зулфидан ҳадя этиши расм бўлган, токи ошиқ ўз севгилисининг соч толасини юрагига яқин жойда сақлаб, ҳамиша уни ёдида тутсин. Узун, қалин бир ўрим сочи ерга тушгудай, тим қора толалар шаршараси тагидан ой балқиб турган бир қиёфада тасвирланган рус халқ эртакларидаги Доно Василиса, Марья малика каби қаҳрамонларни эсланг. Ёки қадимий Европанинг аслзода хонимлари акс эттирилган суратларни олайлик, ҳаммасида сочлари турмакланган ё ўрилган, бошига ёпинчиқ ташланган аёлларни кўрамиз.
Хўш, бугун-чи? Бугун сочга бўлган муносабат ўзгариб, қарашлар жўнлашиб бормаяптими? Яқин ўтмишгача ардоқланган, эҳтиёткорона муносабатда бўлинган соч бугунги даврга келиб, “оммавий маданият” қуролига айланиб қолмаяптими?
Кўча-кўйда сочини ёйиб юрган қиз-аёлларни кўриб, кўзимиз ўрганди. Бироз калтароқ сочлар-ку, майли, эҳтимол, уларнинг ёйиб юрилиши эркин ҳаракатланишга халал бермас, атрофдагиларнинг эътиборини тортмас, аммо узун, белдан ошадиган сочларнинг шаршарадай ёйилиб туриши кўзга бироз ғалати кўринмайдими? Тўсдай қоп-қора сочларнинг сап-сариқ, қизил рангларга бўялиши-чи? Қошнигина эмас, ҳатто кўзни ҳам тўсар даражада қалин қилиб туширилган пешоназулф – “чёлка”ларга нима дейсиз? Буларнинг бари аслида шарқона одат-таомилга зид, шарқона тарбияга тескари ҳолатлар эмасми?
Узун сочни ёйиб юргандан кўра, чиройли турмаклаб ёки ўриб юриш қулай эмасмикин? Ёйилган сочларга на ўзимизнинг, на бошқа халқларнинг қадим эътиқодида ижобий қараш бор. Хусусан, бизда жуфти дунёдан ўтган аёл азада сочини ёйиб, дод солган. Таъзияга тўсатдан келган нотаниш одам шу белгига қараб, хонадонда ким ўтганини тахминлаган. Европа давлатларида эса сеҳр-жоду билан шуғулланадиган аёллар сочларини ёйиб юришган. Бу усул жодугарларга ўзларида тўпланган салбий қувватни атрофга тарқатиш, ёйишда қўл келган. Ёки ҳинд эпоси “Маҳобҳорат”да малика Дроупади таҳқирлангач, то ўзи учун қасос олинмагунича ёйилган сочларини йиғмайди.
Булардан кўриниб турибдики, ёйиб юрилган соч ўзида салбий маъно ташийди. Демак, асоссиз ёйилган соч қадим қарашлар, ахлоқ қоидаларига зид. Бунинг фақат бир халқда эмас, бир неча халқларда такрорланиши, салбий маъно ташувчи атрибут саналиши эса бежиз бўлмаса керак. Шундай экан, сочни бежирим тарзда, ҳаракатланишга халал бермайдиган қилиб ўриб ё турмаклаб юрган минг марта аъло. Чунки йиғилган соч эгасини саранжом-саришта, батартиб кўрсатиб, унга нисбатан атрофдагиларнинг ҳурмат-эҳтиромини уйғотади. Асл гўзаллик – оддийлик, соддаликда эканини унутмаслик керак.
Дилфуза ЖУМАЕВА