Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

14.01.2020


СОР-ЛОЧИНЛАР МАСКАНИ

Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти фаолиятининг Қарши шаҳрида тубдан қайта ташкил этилиши ўтган 2019 йилда мамлакатимиз мудофаа тизимида амалга оширилган энг муҳим воқеликлардан бири бўлди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги тезкор ва шиддатли, фан-техника юқори ривожланган даврда ҳар қандай мамлакатнинг қуролли кучлари таркибида ҳаво қўшинлари асосий ва ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шундан келиб чиққан ҳолда мустақиллик йилларида Қуролли Кучларимизнинг энг юқори манёврланган қўшин турларидан бири ҳисобланган Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари ҳамда Қуруқликдаги қўшинларнинг вертолёт авиациясини янада такомиллаштириш, қўшинларни энг замонавий ҳарбий авиация техникалари билан таъминлаш ҳамда соҳа учун профессионал кадрлар тайёрлаш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилди.

Жумладан, 1994 йилда Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти ташкил этилиб, мазкур муассасада миллий армиямиз учун ҳарбий учувчилар, ҳарбий авиация техникаларига хизмат кўрсатувчи малакали мутахассислар тайёрлана бошланган эди. Ўтган йиллар давомида ушбу олий ҳарбий билим юртини битириб чиққан кўплаб мутахассислар бугун миллий армиямиз сафларида муваффақиятли фаолият олиб бормоқда. Шу билан бир қаторда, курсантларнинг ўқишини бевосита кўпроқ амалиёт билан уйғунликда ташкил этиш эҳтиёжи юзага келаётган эдики, айни жиҳат Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртини бу борада жуда    катта имкониятларга эга бўлган Қарши шаҳрига   кўчирилиш эҳтиёжини юзага келтирди. Хусусан,  Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 28-30 январь кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида Қарши туманидаги Хонобод ҳарбий аэродромида бўлиб, ҳарбий учувчилар тайёрлаш, уларнинг амалий машғулотлар олиб боришида объектнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш мақсадида Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртини Қарши шаҳрида қайта ташкил этиш таклифини илгари сурганди.

Шундан сўнг Қарши сержантлар тайёрлаш мактаби негизида олий ҳарбий авиация билим юрти ташкил этилиши белгиланиб, бу ерда кенг кўламдаги қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Қисқа фурсатда объектнинг ўқув корпуси ва ёрдамчи бинолари замонавий кўринишга келтирилиб, масканда юксак маҳоратли мутахассислар тайёрланиши  учун барча шарт-шароитлар яратилди. 2019 йилнинг сентябрь ойидан эса Ўзбекистон Республикасининг олий ҳарбий авиация билим юрти Қарши шаҳрида фаолият бошлади.

- Бу ерда курсантларнинг ўз касб сирларини пухта ўзлаштириши, шу билан бир қаторда, яшаши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши, спорт билан шуғулланиши учун барча имкониятлар аъло даражада яратиб берилган, - дейди билим юрти бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари Меҳриддин Қўчқоров. - Очиқ ва ёпиқ спорт мажмуалари, шинам ва бой кутубхона, ўқиш заллари, компьютер хоналари, хуллас, барча шарт-шароитлар муҳайё.

Яна бир муҳим жиҳати, билим юртига машғулотлар олиб борилиши учун энг замонавий русумдаги ўқув-тренажёрлари келтирилган. Улар турли шароитда, турли ҳолатларда душманга қарши ўт очиш, жанг олиб бориш кўникмаларини ошириш имконини беради.

- Мисол учун, "Н-125" вертолётнинг ўқув-тренажёрини оладиган бўлсак, ушбу технология яқинда Франциядан жуда катта маблағ эвазига олиб келинган бўлиб, дунё миқёсида ҳам саноқли ҳарбий таълим муассасаларида бор, - дейди билим юрти ўқитувчиси Отабек Шоназаров. - Ушбу тренажёр ёрдамида ўрганувчи машғулот хонасига кириб, вертолёт  бошқарувига ўтиради ва ўзини амалда ушбу техникани бошқараётгандек ҳис этади. Бунда барча майда деталларга қадар ҳақиқийси билан бир хил. Шартли полигон майдони эса махсус программадан танланади. Хоҳласа тоғ, хоҳласа саҳро ёки шаҳарни полигон майдони сифатида танлаш мумкин. Шундан сўнг учувчи ишга киришиб, берилган топшириқларни бажаради. Бу жараёнда ўрганувчи ўз хатоларини аниқ кўриб олади ва кейинги машғулотда уларни такрорламасликка ҳаракат қилади. Муҳими, бундай тренажёрларимиз жуда кўп ва уларнинг ҳар бири ўзига хос имкониятларга эга.

Айни пайтда Олий ҳарбий авиация билим юртида ҳаво ҳужумларидан мудофаа қўшинлари ва ҳарбий ҳаво кучлари учун 7 та йўналиш бўйича мутахассислар тайёрланмоқда.

- Ёшлигимдан ҳарбий учувчи бўлишни орзу қилардим, - дейди жиззахлик Алишер Жуманов. - Шу боис ўз мақсадим йўлида қатъий тайёргарлик кўрдим. Ўтган йили саъй-ҳаракатларим самара бериб, Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий авиация билим юрти курсантига айландим. Ҳозирда учувчилик сир-асрорларини пухта эгаллаяпман. Келгусида Ватанимиз  сарҳадларини ҳаво ҳужумидан муносиб ҳимоя қиладиган жасур ҳарбий учувчи бўлмоқчиман.

- Мен эса ҳарбий учиш аппаратлари ҳамда двигателларга техник хизмат кўрсатувчи муҳандис бўлишга қарор қилганман, - дейди андижонлик Раҳматуллоҳ Расулов. - Бу жуда масъулиятли вазифа. Боиси, ҳарбий учиш техникаларининг ҳар дақиқа шайлиги ва  созлиги аввало муҳандиснинг билими, тажрибаси ҳамда ўз ишини қанчалик аъло даражада бажара олишига боғлиқ. Шу боис устозларим томонидан берилган ҳар бир вазифани қунт билан ўрганмоқдаман.

Албатта, истиқлолимиз абадийлиги, юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги кўп жиҳатдан ана шундай таълим муассасаларида тайёрланадиган етук мутахассислар, сарҳадларимизни муносиб ҳимоя этадиган аскар ва офицерларнинг масъулиятли хизматлари билан чамбарчас боғлиқ. Зеро, олий ҳарбий авиация билим юрти олдига қўйган мақсад ҳам соҳада ҳар томонлама етук кадрларни тайёрлашга қаратилган.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Report typo