Хабарингиз бор, шу йилнинг 30 июнь куни Президент раислигида одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши кураш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида суд тизимини янада ислоҳ қилиш бўйича ечимини кутаётган бир қатор муҳим ва долзарб масалалар кўрсатиб берилганди. 24 июль куни Президентимиз томонидан имзоланган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон ушбу масалалар ечимини топишга қаратилган тарихий ҳужжат эканини қайд этиш даркор.
Хусусан, фармон билан 2021 йил 1 январдан бошлаб вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилади. Бу эса, ҳудудларда ягона суд амалиётини шакллантиришга, фуқаролар ва тадбиркорлар ортиқча овора бўлишининг олдини олишга хизмат қилади.
Шунингдек, туман (шаҳар) маъмурий судлари ўрнида туманлараро маъмурий судлар ташкил этилади ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилади. Бу ўз навбатида, маъмурий судларнинг муайян тумандаги маҳаллий ҳокимият органларининг турли тазйиқларидан холи бўлишига, мустақил фаолият олиб бориб, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан суд орқали ишончли ҳимояланишларига замин яратади.
Бундан ташқари, прокурорнинг судда иштирок этиши тартиби илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларга мослаштирилмоқда. Янги амалиёт, яъни давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш, тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина прокурор томонидан суддан ишларни чақириб олиш, бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этиш назарда тутилмоқда. Бу эса, судда тортишув ва тенглик приципларини амалда рўёбга чиқаришга замин яратади.
Фармоннинг яна бир эътиборга молик томони, бу ортиқча суд инстанцияларини бекор қилиш йўли билан “бир суд – бир инстанция” тамойили жорий қилинишидир. Мазкур тамойил халқаро тажрибада синалган, дунёда энг мақбул тизим сифатида эътироф этилади. Бу билан, ишларни кўриш биринчи инстанция – туманлараро, туман (шаҳар) судлари; иккинчи инстанция – апелляция (вилоят судлари) ва учинчи инстанция – кассация (Олий суд) билан якунланади. Натижада, фуқароларнинг ва тадбиркорлик субъектларининг низолари битта судда ҳал бўлишига эришилади.
Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркибини ташкил қилиш ва судлов таркибига инвестиция киритилган санада 20 миллион АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда инвестицияни амалга оширган жисмоний ёки юридик шахслар ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган инвестициявий низолар ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш ваколати берилмоқда. Бу эса, инвесторларда ўз ҳуқуқларини суд орқали кафолатлай олишига бўлган ишончнинг ортишига вабу билан мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга замин яратади.
Ҳужжатда судьялар мақомини кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, барча судьялар ва суд аппарати ходимларининг иш ҳақи ва қўшимча тўловлари тўлиқ давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириш, судьяларга нисбатан интизомий иш фақат судьяларнинг тегишли малака ҳайъатлари томонидан қўзғатилишини назарда тутган ҳолда, судьяларнинг интизомий жавобгарлиги, интизомий иш қўзғатиш ва кўриб чиқиш тартиби такомиллаштирилиб, судьялар ваколатини тўхтатиб туриш, тугатиш асослари ва тартиби янада аниқлаштирилмоқда.
Фармонда назарда тутилган вазифаларни бажариш юзасидан қабул қилинадиган қонунлар одил судлов самарадорлигини янада оширишга, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини амалда тўлиқ ҳимоя қилишга, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.
Абдуқаюм МАҲКАМОВ,
жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси