Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • СУДЛАР ФАОЛИЯТИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ВА ОДИЛ СУДЛОВНИ ТАЪМИНЛАШ ЙЎЛИДА

Саддам ОРЗИҚУЛОВ

18.08.2021


СУДЛАР ФАОЛИЯТИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ВА ОДИЛ СУДЛОВНИ ТАЪМИНЛАШ ЙЎЛИДА

Маълумки, мамлакатимизда судлар фаолиятини ташкил этиш ва суд ишларини юритиш тизимини тартибга солувчи илк асосий ҳужжат - Ўзбекистон Республикасининг "Судлар тўғрисида"ги Қонуни 1993 йилнинг 2 сентябрида қабул қилинган эди. 2000 йил 14 декабрда эса мазкур қонун янги таҳрирда қабул қилиниб, амалиётда учраётган жараёнлардан келиб чиққан ҳолда, янада тўлдирилди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу қонун қарийб 20 йилга яқин вақт давомида соҳадаги муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлиб келди. Бироқ, кейинги йилларда судларнинг тузилиши ва судлов ишини юритишнинг ҳуқуқий асосларига жиддий ўзгартиришлар киритилгани ва суд орқали ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилгани, тизим самардорлигини ошириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилгани "Судлар тўғрисида"ги  Қонунни қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштиришни тақозо қилаётган эди.

Шунга монанд, Президентнинг 2020 йил 24 июлдаги тегишли қарорига асосан 2020 йил 1 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан янги таҳрирдаги "Судлар тўғрисида"ги Қонун ишлаб чиқилиб, "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали"га жойлаштирилди, лойиҳа бўйича бир қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Узоқ давом этган муҳокамалардан кейин 2021 йил 28 июлда Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги "Судлар тўғрисида"ги Қонуни қабул қилинди.

Янги қонунда судьялар мақоми, уларнинг мустақиллиги кафолатлари ва судья лавозимига номзодлар ва сайланган шахсларга қўйилган талаблар халқаро стандартларга мувофиқ мустаҳкамланган. Ҳужжатда судьяларнинг интизомий жавобгарлиги қайта кўриб чиқилган, ваколатларини бекор қилиш асослари ва тартиби аниқлаштирилиб, уларнинг ижтимоий ҳимояси аниқ белгилаб берилган. 

Қонуннинг яна бир эътиборга молик томони, фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонунлари, халқаро шартномаларда, шунингдек, инсон ҳуқуқи тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда кафолатланган ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини ҳимоя қилиш билан бирга, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш судларнинг асосий вазифаси сифатида кўрсатилган.

Маълумки, ҳар қандай давлат иқтисодий салоҳияти юксалиши кўп жиҳатдан инвестиция сиёсатининг нақадар оқилона юритилишига боғлиқ. Бунинг учун эса хусусий мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтириш, кичик бизнес ва тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш лозим. Зеро, бежизга Президент "Бир нарсани билинглар - сармоя киритаётган инвестор биринчи навбатда ўз ҳуқуқлари суд орқали кафолатли ҳимоя қилинишига эътибор беради",  деб таъкидламаганди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, янги қонун "Қонунийлик" деб номланган 8-модда билан тўлдирилди. Яъни, Ўзбекистон Республикасида одил судлов қонунга қатъий мувофиқ ҳолда амалга оширилади.

Биламизки, судни том маънода "Адолат қўрғони"га айлантириш орқалигина фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш,  мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, эркин фуқаролик жамият барпо этиш, қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш мумкин.

Қонуннинг "Суд ҳужжатларининг мажбурийлиги"га бағишланган 10-моддасида, қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини ижро этмаслик қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақидаги янги норма билан тўлдирилди.

Яна бир муҳим янгиликлардан бири бу суд ишларини юритишнинг ошкоралигидир. Яъни, қонуннинг 12-моддасига кўра, суд мажлиси залида ҳозир бўлган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлиси залида қонунда белгиланган тартибда жараённи фотосуратга олиши, видео ва аудио ёзув ускуналаридан фойдаланиши  мумкин.

Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 19-моддасига мувофиқ, суд залида овозларни ёзиб олиш, фотосуратга, видеоёзувга ва кинотасвирга олишга фақат суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан йўл қўйилиши, бу ҳақда тегишли ажрим чиқарилиши ҳақидаги талабларни эътиборга олиш лозим бўлади.

Аввалги қонунда, фақат гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ҳимояланиш ҳуқуқи билан таъминланиши назарда тутилган бўлса, янги қонуннинг 15-моддасига мувофиқ, одил судловни амалга оширишда ҳар бир кишига малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланиши, қонунда белгиланган ҳолларда давлат бепул малакали юридик ёрдам кўрсатилишини таъминланиши белгиланди.

Бундан ташқари, қонуннинг 17-моддаси билан тарафларга, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса бошқа шахсларга ҳам суд ҳужжати устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланди.

Ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкинки, мазкур қонун суд тузилмасининг самарали фаолият кўрсатиши, фуқароларнинг суд тизимига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Саддам ОРЗИҚУЛОВ,

вилоят судининг кадрлар бўлими бош консультанти

Report typo