...Шу кунларда интернетда Иссиқкўл тубида, қирғоқдан икки километрча ичкарида скифлар шаҳри топилгани ҳақида хабар пайдо бўлди. У табиий фалокат туфайли сувга ғарқ бўлган.
ХХ асрда одамзод шаҳар, қишлоқлар, унумдор ерлардан иборат улкан ҳудудларни сувга бостира оладиган қўлбола денгиз яратишни ўрганиб олди. Шундай қайғули тақдир Рыбинск сув омбори тубидан жой олган рус шаҳри Мологанинг толеига тўғри келди. Қадимий Хитойдаги Ши Чен шаҳри ҳам унга қисматдош: бу шаҳар сирлари Циндао кўли тубида яширин.
МИНГ ОРОЛ КЎЛИ
1959 йилда Хитой ҳукумати Чжэ-цзян провинциясидаги Синьань дарёсида гидроэлектрстанция ва йирик шаҳар - Ханчжоу эҳтиёжи учун хизмат қиладиган сув омбори барпо этишга қарор қилди. Натижада 573 квадрат километр майдонда ясама денгиз - гўзал Циндао (хитойчада "минг орол кўли" маъносида) кўли бунёд бўлди. Аслида ороллар сони мингдан ҳам кўп: катталари 1078 та, кичик ороллар ҳам бир неча мингни ташкил этади. Улар ҳудудининг 80 фоизи суви биллурдай тоза кўлга қараган ўрмонлар билан қопланган. Кўл сувидан минерал сув ишлаб чиқаришда фойдаланилиши унинг мусаффолигини тасдиқловчи яна бир далилдир. Ороллар ва кўл атрофи бўйлаб Хитойдаги энг катта ўрмонзор парк жойлашган, бу ерда қушларнинг 90, ёввойи ҳайвонларнинг 60 тури яшайди. Бу хушманзара жойни томоша қилиш учун кўплаб туристлар келади. Ҳар бир оролнинг ўз номи ва диққатга сазовор жойлари бор. Энг машҳурлари - Қушлар, Илон ва Маймун ороллари, шунингдек, қалъалар музейи жойлашган Қалъа ороли ҳам донг таратган.
Оролларнинг гўзал манзарасига маҳлиё бўлган туристлар бу ерда ярим аср муқаддам рўй берган фожиани ҳатто хаёлларига ҳам келтиришмайди. Тўғон ва гидроэлектрстанция қурилишида Хитой ҳукумати водийда яшовчи аҳолининг улкан ҳудудни сув босиши мумкинлиги ҳақидаги ваҳимасига эътибор беришмайди. 290 мингга яқин одам бошқа ерга мажбуран кўчирилади. Ясама денгиз суви 27 шаҳарни, 1 минг 377 та қишлоқни, минглаб уйлар ва 50 минг акрга тенг хўжалик майдонини босиб кетади.
Негадир ҳеч ким ҳатто энг қимматбаҳо тарихий меросни сақлаб қолишга ҳам ҳаракат қилмади. Шаҳарларни 40 йил давомида – то 2001 йилга қадар, туризм вазирлиги бу ерларни ёдгорликка айлантириш ҳақида қарор қабул қилмагунича эслашмади. Шундан сўнг бу жойда мутахассислар сув остида қадимий маданият изларини тадқиқ этиш билан шуғулланадиган махсус марказ ташкил этилди. Шу тариқа қадимий Чуньань шаҳри яна дунёга юз очди.
АРСЛОН ШАҲРИ
Чуньанни кўпинча Ши Чен (Арслон шаҳри) деб аташади, чунки у Ву Ши (Беш Тоғ арслони) тоғи этагида жойлашган. Бу "беш арслон" 40 метр чуқурликка ғарқ бўлган шаҳарнинг тинчлигини аввалгидек қўриқлаб турибди. Чуньань ҳақидаги илк манбалар 621 йилга тааллуқли. Ўша даврда Хитойда Тан сулоласи ҳукм сурган.
Ши Чен ўзи жойлашган ҳудуднинг маъмурий, маданий ва иқтисодий маркази бўлган. Шаҳар ниҳоятда хушманзара эди. Ва бу гўзаллик кўл тубида сақланиб қолган, чунки тоза, мусаффо сув шаҳарни шамол ва ёғин-сочиннинг емирувчи ҳамласидан асрай олди. Шунинг учун ҳам археологлар бундай жойларни "вақт капсуласи" деб аташади. Тўғри, бу нодирликни эндиликда фақатгина сув остининг чуқурликларига тушиш учун махсус тайёргарликдан ўтган одамларгина кўра олади. Улар сув тубида шаҳарнинг бешта дарвозаси тош нақшлар солинган миноралари билан бирга ажойиб тарзда сақланиб қолганига, асосий олтита тош кўча, жимжимадор безакли уйлар, ҳайбатли тош арслонлар қўриқлаётган ўрта аср деворларининг путурсиз турганига гувоҳ бўладилар. Ҳатто ёғоч тўсин ва зина поғоналари (агар улар сувдан чиқарилса, шу заҳоти қорайиб қолади, сўнг қуриб-қовжирайди ва яроқсиз ҳолга келади) ҳам бус-бутунлигича қолган. Табиий ойнага ўхшаган кўл суви остига ғарқ бўлган тош гумбазлар, девор нақш-суратлари, йирик миноралар, ҳужум қила туриб, музлаб қолгандай таассурот уйғотадиган Хитойнинг ғалати мугузли тош аждарлари, ҳайратланарли обидалар - абадий ва завол топмас Ши Чен шаҳрининг бу қиёфаси дилни ҳаяжонга солади.
СУВ - ЭНГ ЯХШИ АСРОВЧИ
Циндао кўли яна икки қадимий шаҳарни ўз бағрида яширган, улардан бири - Суйань шаҳри, уни Хе Ченг деб ҳам аташади. Бу шаҳар ҳатто Арслонлар шаҳридан ҳам қадимийроқ. Унга 208 йилда, шарқий Хан сулоласи ҳукмронлиги даврида асос солинган. Шаҳар Ши Ченчалик мафтункор эмас, лекин унинг қизиқарли жиҳатлари кўп. Суйанда археологик тадқиқотлар олиб борилаяпти ва ҳозирча шаҳар одамлар учун ёпиқ. Хитой ҳукумати сув остидаги бу қадимий шаҳарларни томоша қилиш учун қулайроқ қилишга ҳаракат қилди. Масалан, туристлар учун сувости туннели қуриш таклиф этилди, аммо лойиҳанинг амалга оширилиши қадимий биноларга зарар етказиши мумкинлиги боис тўхтатилди. Шунингдек, кўл сувига шўнғий оладиган 48 кишилик сиғимга эга сувости кемаси ясала бошланди. Бироқ бу лойиҳа ҳам тугалланмай қолди.
Бу тарихий меросни сақлаб қолиш бўйича бирваракайига бир қанча таклифлар илгари сурилди, лекин буларнинг бари катта маблағ талаб қилади ва Хитой ҳукумати бундай кўп маблағни бу ишга сарф қила олмайди. Шунинг учун ҳам кўпчилик экспертлар мураккаб вазиятни баттар чигаллаштирмаслик учун ҳали-ҳозирча ҳеч нарса қилмасликни маъқул кўрадилар. Олимлар сувости муҳити ёдгорликларни яхшироқ асрай олади, деган фикрда.
БАҲАЙБАТ ЛЕМУРЛАР ИМОРАТЛАРИ
Ер юзида сувости шаҳарлари кам эмас. Улардан энг ҳайратомуз ва қадимийси Тайвань оролининг шарқий қисмидан 100 километрча масофада, Рюкю архипелагидаги япон ороли - Йонагуни яқинида топилган. 1985 йилда япон инструктор-аквалангисти Кихачиро Аратаке тасодифан мазкур оролдан унча узоқ бўлмаган жойда, 6 метр чуқурликда тик шаклга эга улкан кўпметрли қурилмага дуч келди. Бу топилма ҳақида у Рюкю университетининг денгиз сейсмологияси бўйича профессори Масааки Кимурага хабар қилди. Профессорнинг ўзи шахсан сув остидаги тошларни текшириб кўриб, бу қояда барпо этилган ва сувга ғарқ бўлган шаҳар қолдиқлари, деган хулосага келди. Кейинчалик, 1998 йилда Тинч океани қаърида ўтказилган илмий экспедиция чоғида сувости харобаларида текширув ўтказилиб, олинган натижалар асосида сувости шаҳрининг нусхаси тузилди.
Маълум бўлдики, сув тубидаги бу улкан девор қисмлари жойлашувига кўра тоғ қояларида бино қилинган шаҳарнинг зинапоясимон деворини эслатади. Шуни таъкидлаш керакки, 30 метр сув тубида жойлашган бу қияликларда кўплаб улкан тош қатламлари харобасини кўриш мумкин. Булар эса шаҳарда рўй берган қаттиқ зилзила туфайли экани шубҳасиз.
Олимлар шаҳарнинг ёши 8 минг йилни ташкил этишини аниқлашди. Лекин ўша даврдаги тамаддун бу қадар улкан тошларга ишлов бера оладиган технологияни яратишга қодирмиди? Шу ўринда мистикадан хабардор одамлар Елена Блаватскаянинг "Сирли доктрина"сидаги бир парчани эслаши табиий: "…лемурлар, ўзларининг олтинчи субраса (субирқ) даврида, тош ва лавадан илк қоямонанд шаҳарларини бунёд этишди".
Бундан эса шундай тахмин юзага келади: сувости шаҳри харобалари баҳайбат лемурларга тегишли бўлиши мумкин. Чунки Лемурия ҳудуди бутун Тинч океанига ёйилиб, Ер юзининг шу қисмида ҳукм сурган.
Харобалар чуқурроқ текширилганида, шаҳар қўлдан бино қилинганининг далил-исботлари топилди. Жумладан, бир нечта улкан тошқатламда айлана шаклидаги ёриқлар бор эди. Шуниси қизиқки, Йонагуни оролида ҳам шундай тошқатламли зинапоясимон деворлар қолдиқлари учрайди. Бу ёдгорликларнинг бир-биридан фарқи шундаки, қуруқликдаги харобалар шамол, ёмғир, ҳарорат ўзгариши таъсирида юзага келган ёриқ-шикастлар билан тўла. Сувости харобаси эса чиғаноқ билан қопланган.
Бундан ташқари, Йонагуни оролининг шимолроғида, Керам ороллари ёнида сув тубида йирик тош йўлак - лабиринтлар топилган. Рюкю архипелагидаги Агуни ороли ёнида эса каттагина айлана шаклидаги ёриқ изларига дуч келинди. Чатан оролидан унчалик узоқ бўлмаган жойда улкан тўғрибурчакли тик қудуқ ва деворлар топилди. Айтиш мумкинки, ҳозирги Рюкю архипелаги ҳудудида ўз вақтида ҳукм сурган Лемурия лемур-циклоп тамаддунининг маркази бўлиб, уни тарихдан илгариги даврларда қитъа билан бирга денгиз ютиб кетган.
Шубҳа йўқки, келажакда сув тубидаги лемур тамаддун маркази ҳақида янги батафсил маълумотлар топилади, чунки бу ерда илмий мақсадларда сувости археологик қидирув ишлари амалга оширилади.
Одамларга номаълум бўлган бундай "вақт капсулалар"и сайёрамиздаги сувликларда оз эмаслиги турган гап. Ва келажакда тиришқоқ тадқиқотчилар янги ажабтовур сирлар билан юзма-юз келадилар.
Муаллиф: Виктор МЕДНИКОВ
Рус тилидан Хуршида АБДУЛЛАЕВА таржимаси.