Вилоятимиздаги банкларнинг бирида, айланма маблағни кенгайтириш ҳамда қурилиш материаллари сотиб олиш мақсадида Қарши туманида жойлашган МЧЖга 150 миллион сўм миқдорида кредит берилган. Бироқ МЧЖ раҳбари, 48 ёшли Д.И. (аёл) гаров сифатида қўйилган “Captiva” русумли автомашинанинг кредит қарздорлиги тўланмасдан туриб, 2020 йилнинг август ойи бошларида қарздорлик ҳақидаги алоқа хатидаги ёзувларни ўчирган ва нотариусга қалбаки ҳужжатларни тақдим қилган. Шу орқали автомашинани тақиқдан чиқаришга эришиб, банк томонидан банд солинган мулкни қонунга хилоф равишда сотиб юборган.
Судга оид техник экспертиза хулосасига кўра, банк томонидан берилган алоқа хатининг ўрта қисми механик ҳаракат таъсири оқибатида ўчирилгани ҳамда юқори ва пастки қатордаги матнлар бир принтерда бажарилмагани кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳри бўйича ИИО ФМБ 3-сонли ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми “б” банди (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш), 228-моддаси 3-қисми (қалбаки ҳужжатдан фойдаланиш), 233-моддаси 1-қисми (банд солинган мулкни қонунга хилоф равишда тасарруф этиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги тергов департаментининг хабар беришича, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.