Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мўмин АЗИЗОВ

29.08.2017


ТАЪҚИБУ ТАЗЙИҚЛАРНИ ЕНГИБ...

Бир вақтлар нафақат қишлоғида, балки Шаҳрисабзда ва ён-атрофларда мўътабар зот сифатида уни ҳамма ҳурмат қилар, давралару уйларнинг тўрини унга атар эди.

Чоризм қўшинлари Шаҳрисабзни эгаллаб,  Бухоро амирлиги ва унинг шимолдаги беклиги Русия империясининг мустамлакасига айланганида Аваз Бадал ўғли уч ёшда эди. У илм-маърифатли, дин-диёнатли оилада дунёга келди. Аввал отасидан сабоқ олди, кейин қишлоқдаги эски мактабга қатнади. Қуръони каримни ёд олишга, араб, форс тилларини ўрганишга киришди. Фарзандидаги қобилият ва истеъдодни пайқаган падари бузруквори уни Бухорога бориб ўқишини давом эттиришга   рағбатлантирди. Мадраса талабалиги даврида ҳам Аваз мударрислардан илм олишга иштиёқи баландлиги, дарсларни яхши ўзлаштириб, тенгдошлари ўртасида ўрнак бўлганлиги учун фақат мақтов эшитди. Шунинг учун ўқишни якунлагач, мадраса мудири уни шу билим даргоҳида қолдирди. 8 йил давомида Аваз мадрасада мударрислик қилди, амирлик мирзахонасида ишлади. Падари бузрукворининг қистови билан она қишлоғи Мўминободга қайтди. Оила қурди, Хадичабиби, Ойшабиби  исмли қизлар кўрди, ягона ўғил фарзандига Шоймардон деб исм қўйди. Аваз Бухородаги ўқиши даврида Қуръони каримни тўлиқ ёд олиб, Аллоҳ каломини чиройли тиловат қилишга эришгани учун унга "қори" унвони берилган эди. Ҳамқишлоқлари уни жомеъ масжиди имом-хатиби этиб сайлашди. Ибодатдан бўш пайтларида Аваз ўзига қарашли ерда деҳқончилик қилар, чорва молларига қарар, шу билан бола-чақасини боқарди. Кунлар шу зайлда ўтаверди...

Бир куни қори Аваз масжидда бомдод намозини ўқиб тугатганидан сўнг унинг олдига намозхон дўсти келди:

- Тақсир, эшитдингизми? Шаҳрисабзга болшавойлар ҳужум қилиб, шаҳарни эгаллашибди. Бек жаноблари, амалдорлари қамоққа олинибди. Мени ўйлантирадигани, янги ҳукумат динга қарши эмиш. Бойларни кўргани кўзи йўқ экан...

Бу пайтда Аваз Бадал ўғли 47 ёшда бўлиб,  Русияда инқилоб юз бериб, Оқпошшо тахтдан ағдарилгани, йўқсуллар сардори Ленин бошчилик қилган инқилоб тўлқинлари Тошкентга ҳам етиб келганлиги, Бухоро амирлиги ҳам омонат турганлиги ҳақида эшитган эди. Янги ҳокимият корчалонлари Мўминободга ҳам етиб келишди. Улар энг аввал бой-бадавлат хонадонларга кириб, уларнинг бутун мол-мулкларини, ерларини хатдан ўтказиб, шўролар ихтиёрига олишди. Қишлоқ масжиди ёпилди, диний китоблар ёқилди, намозхонлар рўйхатга олинди. Қора рўйхатнинг бошига қори Аваз Бадал номи ёзилди. ГПУ(давлат сиёсий   бошқармаси) ходимлари биринчи бўлиб, унинг қўлига кишан солишди. Бутун мол-мулки талон-торож қилинди, Қуръони карим, диний адабиётлар, қўлёзма китобларни олиб кетишди. Оиласи тирикчилик манбаидан мосуво бўлди. Терговчилар бир кунда уни тўрт марталаб сўроққа тутишди, саволлари билан айбсиз бир инсонни қармоққа илинтириб, жазо камерасига тиқишга ҳаракат қилишди. Ҳар қанча уринишмасин, "тузум учун хавфли шахс" эканлигини исботлай олишмади. Шунинг учун уни қўйиб юборишга мажбур бўлишди. Аваз Бадал уйига қайтганига қарамай, кўнглидаги ҳадик кўтарилмаган, энди уни безовта қилмасликларига ишончи йўқ эди. Шунинг учун оила аъзолари билан маслаҳатлашиб, бир ойдан сўнг қишлоқдан бош олиб чиқиб кетди. Унинг қадрдон қишлоғи, хонадони, бола-чақасидан айрилиқдаги ҳаёти беш йилга чўзилди. Бу йилларда тоғли Вардон, Башир, Хўжаимкана қишлоқларида яшириниб юрди. Ўзининг кимлигини ҳеч кимга билдирмади, бошпанасиз, дарбадар инсон қилиб кўрсатиб, одамларнинг хизматини қилиб кун кечирди. Фақат ёстиқдоши, болаларининг аҳволи қандайлигини билолмай, руҳан эзиларди.

Бир куни  Аваз Бадал таваккал қилиб, қишлоғига қайтди. Дарвозадан ичкарига кириши билан уни хотини, қизлари хурсандчилик билан кутиб олишди. Аммо ўғли Шоймардон кўринмади. Хотинидан дарҳол унинг қаердалигини сўради. Хотини кўзига ёш олиб, Шоймардоннинг тақдирини айтиб берди. ГПУ ходимлари қори Аваз Бадални яна қамаш учун уйига келишганида уни топиша олмайди. Оила аъзоларининг ҳаммаси сўроққа тутилади. Айниқса, Шоймардонни жуда қийнашади. Аммо у чурқ этмайди, шунинг учун уни ўзлари билан олиб кетишади. Шу-шу Шоймардон уйига қайтмайди, унинг кейинги тақдири ҳозиргача номаълум.

Қори Аваз Бадалнинг қишлоққа қайтиб келганидан дўст-оғайнилари, пок ниятли инсонлар хурсанд бўлишди. Аммо давлатнинг шу қишлоқдаги хуфялари бу ҳақида дарҳол ГПУга хабар беришди. Уни 1929 йил апрель ойида яна тутиб олиб кетишди. Бу гал қори Аваз Бадал Шаҳрисабздаги қамоқхонада икки ой азоб чекканидан сўнг уни Қаршига жўнатишди. Шаҳардаги Ҳожи Абдулазиз мадрасаси қамоқхонага айлантирилган эди. Ноҳақ қамалганлар шунчалик кўп эдики, тўрт талабага мўлжалланган ҳужрага 15 дан 20 нафаргача маҳбус жойлаштирилган эди. Шундай шароитда қори Аваз икки йил умрини ўтказди. Шу муддат мобайнида у билан ўтказилган савол-жавобу сўроқлар, қизил салтанатнинг истибдод сиёсатини амалга оширувчиларга ҳеч қандай натижа бермади. Чунки у айбдор эмас, фақат илм-маърифат соҳиби, инсонларга ислом ва иймон нурини таратувчилардан эди. Мўминобод қишлоғининг бообрў одамлари қори Аваз Бадалнинг бегуноҳ эканлиги ҳақида ёзма гувоҳлик беришганидан сўнг у ҳибсдан озод этилди.

Қори Аваз қишлоғига соғлиғини йўқотган, абгор бир ҳолатда қайтиб келди. Оила аъзолари ҳам отасиз, ҳам Шоймардонсиз жуда қийналишган, рўзғор ташвиши турмуш ўртоғи зиммасида қолган эди. У бир муддат оёққа туриб, саломатлигини мустаҳкамлаганидан сўнг кексайиб қолганига қарамай, ҳам енг шимариб ишга киришди, колхозга аъзо бўлди, оиласига қарашли бир парча ерда деҳқончилик қилди, тўкилиб қолган рўзғорини тиклади. Кундузлари тинмай ишлаб, қанчалик чарчамасин, ёстиққа бош қўйганида бирдан уйқуга кета олмас, қамоқда ётган йиллари, чеккан азоблари, ғаддор тузум туфайли хазон бўлган ҳаёти кўз олдида гавдаланар эди. Ана шулар қўлига қалам олишга ундади. Қори Аваз ёшлигида Алишер Навоий, Лутфий, Аҳмад Яссавий, шоҳ Машрабни кўп ўқирди, уларнинг ғазалларидан ёд олган эди. Шунинг учун Аллоҳ унга яна бир иқтидор - шеър ёзишни ҳам насиб этди. Шўролар томонидан қама-қама бошлангунига қадар Аваз Бадал шеър машқ қилиб, бир дафтарни тўлдиришга улгурган эди. Бошқа жойларда таъқибдан қочиб юрганида ҳам буни канда қилмади. Ёзганларининг ҳаммаси асосан ирфоний шеърлар бўлиб, уларда ирфоний руҳ, илоҳий мазмун мужассамланган эди. Қамоқхоналарда маҳбус, агар у шеърият мафтуни бўлса-да, қўлига қалам олиб, оқ қоғозга илҳом маҳсулини битолмасди. Чунки қамоқхона назоратчилари бунга асло рухсат беришмасди. Шоир кўнглига келган фикрларни дафтарга эмас, хотирасига жойлар, вақти-вақтида уларни такрорлаб турарди. Шу тариқа дафтарга ёзилмаган анча шеър-ғазаллари хотирасига битилди. Маҳбусликдан қутулган Аваз Бадал уларни  кейинчалик қоғозга туширди. Янги шеъру ғазаллар ёзди. Нияти келгусида уларни бир қалин дафтар - тўпламга жамлаш эди. "Маҳзун" - қори Авазнинг адабий тахаллуси бўлиб, "Шаҳрисабзий" деган илова унинг шу юртга мансублиги белгиси эди. Маҳзун Шаҳрисабзий ижоди бошқа шоирлар ижодидан шуниси билан фарқ қиладики, ижодкорнинг назмиёти қатағон даврининг маҳсули бўлиб, уларда мустабид тузум манзаралари, қамоқ азоблари ўзининг бадиий ифодасини топган. Шоир  мустабид тузумнинг ўзини зиндонбанд қилиб, бор-будидан айирганини, ҳақ-ҳуқуқини поймол қилганини шундай тасвирлайди:

Манго бор эди саҳрода замину мулку ҳаётиу боғ,

Қилиб кишти зироат, рўзғор аҳлим бўлибон чоғ,

Экиб шоли, буғдойу фалак, кунжуд бўлурди ёғ,

Ки холо кетти қўлдан, хас босиб бўлди мақоми зоғ,

Замоне бўлдиким, боғи жинонимдин айирдилар.

Шўро замонида илм аҳли хор-зор эди. Бундан норозилигини шоир  қуйидаги мисраларда ифодалайди:

Хор ўлди жаҳонда аҳли аброр,

Маснад шарафида жумла ашрор...

Олим киши кулфати замондин,

Рухсораси гулгун ўлди қондин...

Маҳзун Шаҳрисабзий бу хўрлик ва ҳақоратлардан қутқарувчи зот ягона Аллоҳ эканини таъкидлаб:

Ё илоҳи, биз ғарибларни ўзунг шод айлагил,

Ғам ўтидин жумла мўъминларни озод айлагил,

Баҳри ғамда бўлғонларни бир ёд айлагил,

Бинди зиндон ичра қолғонларни озод айлагил, дея барча маҳбусларга озодлик тилайди.

Зуллисонайнлик қори Аваз Бадалга ҳам хос бўлиб, у ўзбек ва форс-тожик тилида ижод қиларди. Мўминободлик зукко, маърифатпарвар инсон Акобирхон Жониев давраю гурунгларда қори Аваз Бадалнинг шоир ҳам бўлганлиги, ундан кўплаб шеърий мерос қолганлигини излаб-суриштириб, улар шоирнинг қизи Хадичабибининг фарзанди Шарофат Овлақулова қўлида эканлигинини аниқлади. Шоирнинг невараси ҳамқишлоғининг хайрли эзгу ниятини эшитиб, унга бобосидан қолган ёдгорлик - шеърий бисотини топширди. Акобирхон Жониев саъй-ҳаракатлари билан қўлёзма "Шоир Маҳзун Шаҳрисабзий" номли илмий-адабий рисола шаклида босмадан чиқарилди.

Акобирхон Жониев шоир номини абадийлаштириш борасида яна бир хайрли ишга қўл урди. Унинг ташаббуси туфайли қишлоқдаги жомеъ масжиди "Қори Аваз Бадал жомеъ масжиди" деб аталди. Шунингдек, қатағон даврида қамалиб, шўро қамоқхонасида вафот этган шу қишлоқлик мулла Шоймардонқул номи Мўминободдаги яна бир жомеъ масжидига берилди.

Қори Аваз Бадал сабр-бардошли бўлганидан қизил салтанат қамоқ машинаси олдида ўзини мағрур тутди, қийноқлар унинг метин иродасини синдиролмади, руҳан бука олмади. Барчасидан халос бўлган аллома ва шоир яна узоқ йиллар яшаб, 1946 йилда вафот этди. У бир шеърида:

Мани мавзеим эрур Мўминобод,

Қилинг мен ғарибни дуо бирла ёд, деб ёзган эди.

Мўмин АЗИЗОВ, журналист

Report typo