Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Соҳиба СУЮНОВА

20.01.2017


ТАДБИРКОР ҚИЗНИНГ ЭНГ ЯХШИ ЛОЙИҲАСИ

Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси, Марказий банк, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамкорликда ўтказаётган мазкур танловнинг вилоят босқичида ўрта махсус, касб-ҳунар коллежларининг тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган 42 нафар битирувчи қизлари иштирок этди.

Қатнашчиларнинг танловга тақдим этган лойиҳалари "Ишлаб чиқариш соҳасидаги энг яхши лойиҳа", "Сервис соҳасидаги энг яхши лойиҳа", "Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги энг яхши лойиҳа" номинациялари асосида саралаб олинди.

Қайд этиш жоиз, бу каби танлов ва тадбирлар бугунги кунда коллеж битирувчилари бандлигини таъминлаш, хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб этиш ва улар учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, банклардан ажратилаётган имтиёзли кредитларни янада қулайлаштириш, жаҳон талабларига мос ишлаб чиқариш ва сервис хизматларини ташкил қилишда катта аҳамиятга эга бўлмоқда. Шу боис танлов давомида қизлар томонидан тақдим қилинган бизнес-режаларнинг ҳар томонлама мукаммаллигига, улар бошламоқчи бўлган тадбиркорлик фаолиятининг ҳудудий талабга мос келишига, вилоятимизнинг миллий ҳунурмандчилигини ривожлантиришдаги аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди. 

Шундай қилиб, "Ишлаб чиқариш соҳасидаги энг яхши лойиҳа" номинацияси бўйича ғолиблик Китоб туманилик Умринисо Ҳамидованинг, иккинчи ўрин эса чироқчилик Дилобар Бекмуродованинг лойиҳаларига берилди. "Сервис соҳасидаги энг яхши лойиҳа" номинациясида мубораклик иштирокчи Мафтуна Азаматова (биринчи ўрин) ва Косон туманилик Гуландон Шойқулова (иккинчи ўрин) тақдим этган лойиҳалар истиқболли деб топилди. "Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги энг яхши лойиҳа" номинацияси бўйича қамашилик Дилфуза Назарова ва яккабоғлик Ирода Худойқулова ишлаб чиққан лойиҳалар мос равишда биринчи ва иккинчи ўринга қўйилди.

Танлов сўнгида истиқболли деб топилган ана шу лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш учун ташаббускорларга тижорат банкларидан имтиёзли кредит олиш имконини берувчи сертификатлар топширилди.

Соҳиба СУЮНОВА

Report typo