Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – ЎзЛиДеП вилоят кенгаши томонидан Қарши шаҳрида ўтказилган давра суҳбатида шулар хусусида сўз юритилди. Тадбир 2016 йил 5 октябрда имзоланган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони мазмун-моҳиятини кенг аҳоли қатламига тушунтириш, тадбиркорлар ва фермерлар ўртасида тарғиб қилиш, шунингдек, ушбу ҳужжатда белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди. Унда маҳаллий давлат ҳокимияти, назорат органлари мутасаддилари, қатор ташкилотлар масъуллари, халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларидаги ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳи аъзолари, тадбиркорлар иштирок этишди.
Таъкидланганидек, мазкур фармонда тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, унинг фаолиятига асоссиз аралашувларга буткул чек қўйиш, бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш кўзда тутилган. Аҳамиятлиси, эндиликда тадбиркорлар томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилишининг барвақт олдини олиш, бу борадаги профилактика ишлари самарадорлигини ошириш биринчи галдаги вазифага айлантирилди. Шунингдек, қонунга зид фаолият кўрсатган тадбиркор етказилган ижтимоий хавфи кам зарарни қопласа, жавобгарликдан озод этилиши белгилаб қўйилди.
- Бу албатта биз, ишбилармонларга кенг қулайлик яратади, - дейди Ғузор туманидаги “Жамила Жасмина” фермер хўжалиги раҳбари Зубайда Жўраева. – Чунки яна бир имкониятга эга тадбиркор бошқа бундай хатони содир этмасликка ҳаракат қилади. Бу эса юртимизда тадбиркорлик бундан-да равнақ топишига хизмат қилади. Бугунги кунда биз кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўйганмиз. Хўжалигимиз асосан чорвачиликка ихтисослашган. 70 та асалари оиласини парвариш қилаяпмиз. Ўтган йили 1 тоннаю 300 килограмм асал йиғиб олгандик. Шунингдек, 20 бош қорамол, 200 бошдан зиёд қўй-эчки боқаяпмиз. Ҳар йили аҳолига сут ва гўшт етказиб берамиз. Паррандачиликда ҳам ютуқларимиз мақтовга лойиқ. 1000 та товуғимиз бор, улардан ҳар куни 800 тагача тухум оламиз. Келгусида балиқчиликни ташкил қилмоқчимиз. Бунинг учун шароит етарли. Бизни давлат даражасида қўллаб-қувватлашаётган экан, бунга ташаббускорлик ва илғорлик билан жавоб қайтаришимиз керак.
Тадбир давомида мутахассислар фармонда қайд этилган асосий жиҳатлар, устувор вазифаларга атрофлича шарҳ беришди. Давра суҳбати қизғин савол-жавобларга бой бўлди.
М.ШУҲРАТОВ