Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

23.06.2022


ТАКРОРИЙ ЭКИН - ҲАМ ЕРГА, ҲАМ ЭЛ-ЮРТГА ФОЙДА

Озиқ-овқат хавфсизлиги

Қашқадарёда жорий йилда эртаки экинлар ва ғалладан бўшайдиган майдонларнинг 70 минг гектарига такрорий қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш режалаштирилган. Бунда ер майдонларини эҳтиёжманд, ишсиз ва деҳқончилик қилиш хоҳиши бўлган фуқароларга ажратиб бериш орқали аҳоли бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Вилоят ҳокимининг шу йил 20 июндаги қарори билан тасдиқланган прогноз параметрларига мувофиқ, эртаки экинлар (3 минг 700 гектар) ва ғалладан бўшайдиган майдонлар (66 минг 300 гектар)нинг асосий қисмида озуқа экинлари, яъни дон ва силос учун маккажўхори (жами 29 минг 300 гектарда), дуккаклилар, яъни мош, ловия ва ерёнғоқ (жами 18 минг гектарда), мойли экинлар, яъни кунжут ва кунгабоқар (жами 8 минг гектарда) ҳамда  тариқ (7 минг 800 гектарда) жойлаштирилади. Шунингдек, бу ерларга такрорий экинлар сифатида сабзавотлар, яъни сабзи, шолғом, карам (жами 5 минг 100 гектарда) ва полиз экинларидан асосан тарвуз (1 минг 800 гектарда) экиш ҳам мўлжал қилинган.

Вилоят ҳокимининг қарори билан ғалладан бўшайдиган майдонларда такрорий экинларни етиштириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ишларини мувофиқлаштирувчи вилоят ишчи гуруҳи таркиби ҳам тасдиқланиб, унинг асосий вазифалари  белгиланган. Вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари Улуғбек Узоқов раҳбарлик қилаётган бу ишчи гуруҳи, хусусан, сув таъминоти ҳамда бошқа шароит ва омилларни ҳисобга олган ҳолда, такрорий экинларни контурбай жойлаштириш таклифини ишлаб чиқиш, ғалладан бўшайдиган майдонларга қишлоқ хўжалиги экинларини экиш учун ер тайёрлаш, экишни оптимал муддатларда ташкил этиш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказилишини тизимли назорат қилиш баробарида маҳаллалар кесимида ишсиз, эҳтиёжманд, экин экиш истаги бўлган фуқаролар рўйхатини шакллантириш, улар билан юзма-юз учрашиб, экиладиган экин тури ва экин экишга хоҳиши борлигини аниқлаш, аризалар қабул қилишни ҳам ўз зиммасига олади.

Бунда такрорий экин экиладиган ерлар жойларда сектор раҳбарлари томонидан тузилган рўйхат асосида кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларга 20-50 сотихдан номма-ном ўзи яшайдиган ҳудуддан танлаб ажратиб бериш ташкиллаштирилади. Экин экиш истаги бўлган фуқаролар кесимида ўз маблағидан экадиган, кредитга эҳтиёжи бор ва кам таъминланган оилалар кўрсатилган рўйхат шакллантирилади. Ер тайёрлаш ва экишни ташкил қилиш фуқаролар ҳамда кластерлар ва экспортёрлар ўртасида тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади. Такрорий экин экиш ва маҳсулот етиштириш, ҳосилни ўз вақтида йиғиб олиш ва тузилган шартномалар асосида белгиланган йўналишлар бўйича етказиб беришда  фуқароларга ҳар томонлама кўмак берилади, камчилик ва муаммолар аниқланганда эса зудлик билан бартараф қилиб борилади.

Жорий йилда кутилаётган сув танқислигидан келиб чиқиб, ҳокимнинг қарорида мутасадди ташкилотлар олдига такрорий экинларни етиштиришда сув тежовчи   технологиялардан кенг фойдаланишни  тарғиб қилиш юзасидан аниқ чоралар кўриш ва махсус графикларни ишлаб чиқиб, улар асосида ўз вақтида сув етказиб берилишини таъминлаш вазифаси қўйилган.

Ўз мухбиримиз

Report typo