Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдураззоқ МУРОДОВ

20.06.2022


ТАРҒИБОТ, ТАШАББУС ВА ТААССУРОТ

Тақдимот

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, ҳар бир хонадон сув иситиш учун бир ойда газ ёки электр истеъмоли учун қанча энергия ва маблағни сарфлайди? Бу ўша оиланинг даромадига қанчалик таъсир кўрсатади?

Хабарингиз бор, 10 июнь куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни кенгайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу каби масалалар атрофлича муҳокама қилинган эди. Президентимиз томонидан, айниқса, қайта тикланувчи энергия ускуналарини кенг жорий этиш, бу борада аҳолини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари ҳақида таклифлар билдирилди.

Видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш, бу борада аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш мақсадида Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти раҳбарияти ва Нишон тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида хайрли ишга қўл урилди. Бугун нишонлик бир гуруҳ тадбиркорлар, маҳалла фаоллари институт энергетика факультетидаги “Муқобил энергия манбалари” илмий-инновацион полигонида бўлиб, “Қуёш уйи” лабораторияси, “Қуёш иссиқлик насосли қуритиш-совитиш камераси”, биогаз ва пиролиз қурилмалари билан яқиндан танишдилар.

Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор Ғулом Узоқов ҳамда факультет профессор-ўқитувчилари меҳмонларга полигондаги барча қурилмалар, уларнинг аҳамияти, ишлаш принциплари ҳақида тушунча берди.

- Таассуротимиз бир олам! - дейди Нишон тумани ҳокимининг “Жануб машъали” маҳалла фуқаролар йиғинидаги маслаҳатчиси Шавкат Панжиев. – Бу ерда яратилган қурилмаларни кўриб ҳайрон қолдик. Айниқса, қуёш нури ёрдамида сув иситиш, ҳатто овқат тайёрлаш ускунаси дала-даштдаги чўпонлар ва деҳқонлар учун жуда қулай ва ихчам қурилма экан. Кейин чиқиндидан биогаз олиш агрегати ҳам кўпчиликда қизиқиш уйғотди.

Туман ҳокимлиги Нишонда аҳоли хонадонлари ва бошқа объектларни биринчилардан бўлиб муқобил энергия манбалари асосида иситиш, биогаз олишни йўлга қўйиш орқали электр энергияси ва табиий газ тежамкорлигини таъминлашни мақсад қилган. Қолаверса, бу саъй-ҳаракат аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашнинг амалдаги ифодаси ҳам бўлади.

-  Кейинги йилларда институтда муқобил энергия манбалари бўйича ўнлаб стартап лойиҳалар турли танловларда энг яхшилар қаторида эътироф этилди, - дейди муқобил энергия манбалари кафедраси мудири Хайрулло Давланов. – Масалан, 4-босқич талабаси Сетора Сафарова “Ўзбекистон Республикаси жанубий ҳудудларида паст потенциалли қуёш энергетик қурилмаларининг самарадорлигини ошириш” мавзусидаги илмий тадқиқоти “Бўлажак олим” республикаси танловида ғолиблар қаторидан ўрин эгаллашига сабаб бўлди ва унинг лойиҳаси 36 миллион сўм маблағ билан молиялаштирилди.

Аввал хабар берганимиздек, айнан 10 июнь куни вилоят ҳокими Муротжон Азимов ҳам мазкур илмий-инновацион полигонга ташриф буюриб, бу ердаги қурилмалар билан танишган ва уларни аҳоли хонадонлари, айниқса, ижтимоий объектларда кўпроқ ўрнатилиши учун тарғибот ишларини кучайтириш лозимлиги ҳақида кўрсатма берган эди.

Абдураззоқ МУРОДОВ

Муаллиф олган суратлар.

 

Report typo