Қарши давлат университети тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси факультети ўқитувчиси Элнур Эгамов тасвирий санъатнинг айни шу йўналиши мутахассиси. У аввало тасвирланаётган объектнинг композицияси, қиёфаси, ранги ва ўзига хос томонларини миясида пишитади. Рассом ҳовучидаги қум шаффоф ойна узра сочилар экан, энди улар кристалл заррачалар эмас, биргаликда тасвир ҳосил қилаётган биллур бўлакчалар каби таассурот қолдиради кишида. Рассомнинг нафис ҳаракатланаётган бармоқлари уларни керакли нуқтага жойлаштиришни таъминлайди.
Дастлаб, бир тадбирда ишлаб чиқарувчининг маҳсулотини реклама қилиш мақсадида ана шу усулда сурат чиздим, дейди Элнур Эгамов. Қизиқувчилар шу даражада кўпайдики, бу менга янада илҳом бағишлади. Шунда Соғлом она ва бола йилига бағишланган композициямдан ташқари табиат тасвири, иштирокчиларнинг портретларини ҳам акс эттириб бердим. Қумдаги тасвир ва лавҳалар барчада бирдек қизиқиш уйғотди.
Рассом ишини кузатар экансиз, бир қарашда қумда чизиладиган суратнинг ҳеч қандай мураккаблиги йўқдек туюлади. Аммо осон иш эмас, рассомга бу борада тасвирий санъат соҳасига оид билимлари ёрдам берар экан.
Рангбаранг мўйқалам ёрдамида сурат чизиш рассом хаёлидаги тасвирни гавдалантиришда қийинчилик туғдирмайди, дейди Элнур. Аммо қумнинг йўриғи бошқа. У ёрдамида ишланаётган суратни аввало тасаввурда гавдалантириш лозим. Рангли чироқ ёрдамида ёритилган шаффоф ойна устида қалин қум қатлами тўқ ранг, кам қатлам эса очиқ рангларни ифодалайди. Баъзида сиз учратмаган шакл, кутилмаган ранг ҳам ҳосил бўлади. Буни бир сўз билан мўъжизага қиёслаш мумкин.
Тасвирий санъат асарлари нима воситасида яратилмасин, унга томошабинлар қандай баҳо бермасин у рассомнинг дил парчаси сифатида ўзига қадрли. Шу сабаб суратни асрабавайлайди, яхши сақлашга ҳаракат қилади. Бордию, унга кимдир зарар етказса, кўнгли ранжийди. Аммо қумдаги суратни бегона эмас, рассомнинг ўзи ўз қўли билан бузади ва кейинги тасвирни акс эттиришга киришади.
Тасвирдаги суратда тасаввурдагини тўла акс эттириб бўлмайди, дейди у. Кўз ўнгингдаги сурат бир қадар жонли, сеҳрли. Қумдаги суратларни эса матодаги ёки қоғозда чизилгани каби сақлаб қўйиш мушкул. Айнан шу масалага ечим топишга ҳам уриниб кўрдим. Натижа кутилганидек. Қум ёрдамида ишланган суратларни турли елим ва геллар ёрдамида қотириб қўяяпман. Энди шу шаклни бошқа чиза олмасман деган ўй менга азоб бермайди.
Ҳар қандай санъат ижрочи маҳорати билан гўзал. Шу сабаб ҳамма ҳам профессионал актёр, қўшиқчи ёки рассом бўлиб кетавермайди. Ваҳоланки, барчамиз шу ишларга ҳаваскор сифатида уриниб кўрганмиз ва бундан завқ туйганмиз. Англадимки, ёшликда дарё бўйидаги қумда ниманидир акс эттириб завқланганимиз сингари шаффоф ойна устига сочилган қумдан сурат ишлаш ҳам кишига кайфият улашишини ҳис этиш учун профессионал рассом бўлиш шарт эмас.
Замира РЎЗИЕВА.
С.НАРЗИЕВ олган сурат.