Амир Темур ёшлик чоғидан ўткир зеҳн ва ақлу идрок эгаси бўлиб ўсди, турли дунёвий, диний билимларни эгаллади. Қуръони каримни ёд олди, ҳадис илмини ўрганди, иймон-эътиқодли, ҳалол инсон бўлиб вояга етди. Амир Темурнинг ёшлиги ҳақида маълумотлар кам учраса-да, айрим манбаларга қараганда, у ёшлигида хат-савод чиқариб, ўз даврининг риёзиёт, фалакиёт, меъморчилик ва тарих илмларини ўрганган. Амир Темур билан суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлган араб файласуфи Ибн Халдун жаҳонгир турк, араб, форс халқлари тарихини, диний, дунёвий ва фалсафий билимларнинг мураккаб жиҳатларигача яхши ўзлаштирганини таъкидлайди.
Архиепископ Иоаннинг “Амир Темур ва унинг саройи ҳақидаги хотиралар” асарида Соҳибқиронга шундай таъриф берилади: “У адолат шиори учун ўз тамғасида форс тилида “адолат” сўзини икки марта нақш қилдирган эди. У ҳақиқатан ўткир фаросат, катта куч-ғайрат, фикрида собитқадам, кескир нигоҳли, чуқур идрок соҳиби эди. Ундан ҳеч нарсани яшириб бўлмас, ҳузурида фаҳш, ёлғон, ғийбат сўзларни гапиришга йўл қўймас эди. Шижоатли ва ғайратли кишиларни хуш кўрар, олдида ўз камчиликларини айтишларини талаб қилувчи зот эди”.
Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Мовароуннаҳрда мўғулларнинг қарийб 140 йиллик ҳукмронлик даврида бирорта ҳам кўзга кўринарли қурилиш ёки сув иншооти вужудга келмаган. Амир Темур ташаббуси билан 1365 йилда Қарши, 1370 йилда Самарқанд, 1380 йилда Кеш атрофи мудофаа деворлари билан ўраб олинган. Шунингдек, халқ фаровонлигию мамлакат ободончилиги йўлида сув омборлари, тўғонлар қуришга, ариқлар қазишга, янги ерларни ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Мамлакатнинг иқтисодий аҳволини кўтаришда савдо-сотиқнинг аҳамияти беқиёс эканини тушунган ҳукмдор бозор, раста ва тимлар, турли-туман устахоналар барпо этиб, халқ ҳунармандчилиги санъатини тараққий эттирган. Илм-фан, маънавият аҳлига эътибор, меҳрибонлик кўрсатиб, улардан жамият маданий ҳаётида фойдаланишга интилар экан, тарихчи Ибн Арабшоҳ ёзганидек, “Темур олимларга меҳрибон, саййиду шарифларни ўзига яқин тутар эди. Уламо ва фузалога тўла иззат-ҳурмат кўрсатиб, уларни ҳар қандай одамдан тамом муқаддам кўрарди. Уларнинг ҳар бирини ўз мартабасига қўйиб, иззату икромини унга изҳор қиларди”.
Босиб олинган ҳудудлардаги улуғ зотларга, оддий фуқарога бўлган эътиборидан, ҳурматидан Соҳибқироннинг қандай юксак сифатларга эга бўлганини билиш қийин эмас. Унинг бу фазилатлари чет эл тарихчилари эътиборини тортмай қолмаган. Масалан, немис олими Ф.Шлоссер ўзининг “Жаҳон тарихи” асарида “Бахтиёр жангчи, жаҳонгир, узоқ Шарқда қонуншунос бўлиш билан бирга, ўзида Осиёда кам учрайдиган тактик ва стратегик билимларни ифодалади”, деб ёзса, атоқли немис олими ва тарихшуноси М.Вебер “Темур ўз душманларига нисбатан жуда бераҳм эди, лекин саркардалик, давлатни бошқариш ва қонунчилик соҳасида буюк иқтидорга эга эди”, деб таърифлайди.
Соҳибқирон адолатнинг кучига, унинг ғалабаси ва енгилмаслигига чуқур ишонар эди. Қонун даражасига кўтарилган ушбу ишонч ва ақида “Тузуклар”даги мана бу жумлаларда ҳам ўз ифодасини топган:
“Адоват эмас, адолат енгади”, “Қонни қон билан эмас, сув билан ювишни ўрган”, “Мен салтанатимни ислом дини, тўра тузуклар асосида мустаҳкамладим”.
Соҳибқирон ўз авлодларини ўч-интиқом олмасликка, ҳар доим тинчлик ва ярашиш йўлларини очиб қўйишга чақириб келган. Шунинг учун Амир Темурдан кейин ҳам ватанпарварлик, адолатсеварлик, қонунга бўйсуниш Темурийлар давлатининг унутиб бўлмас анъаналарига айланиб қолган.
“Тузуклар”да айтилган “Салтанат ишларининг бир қисми сабру тоқат билан бўлгай, яна бир қисми эса билиб-билмасликка, кўриб-кўрмасликка солиш билан битур. (Хуллас) тадбирлардан огоҳ қилингандан кейин шуни айтиш жоиздирким, қатъийлик, ҳушёрлик, эҳтиёткорлик, шижоат ва сабр-чидам билан барча ишлар амалга оширилгай” сўзлари алоҳида эътиборга молик.
Манбаларда таъкидланишича, урушсиз таслим бўлган шаҳарларда бирон бир навкар бирор кимсага, хусусан, аёл кишига тажовуз қилса ё бировнинг молини тортиб олса, бундай аскар қатл қилинган.
Соҳибқирон қайси мамлакат забт этилган ёки қўшиб олинган бўлса, ўша ернинг обрў-эътиборли кишиларини азиз тутиб, саййидлари, уламолари, фузало ва машойихига таъзим бажо келтирган ва уларнинг ҳурматини жойига қўйган, уларга суюрғол, вазифалар бериб, маош белгилаган, ўша вилоятнинг улуғларини оға-иниларидек, ёшлари ва болаларини ўз фарзандларидек кўрган.
Яна бир жиҳати, саркарда фатҳ этилган мамлакатнинг гадоларига вазифа тайинлаб, шу орқали салтанатида гадо зоти бўлмаслигига эришган.
Ҳар бир мамлакат фатҳ этилгач ёки қўшиб олингач, турли кўнгилсиз ҳодисалардан эмну омонликда бўлиш учун у ернинг фуқаролари рози-ризолиги билан иш тутилган, уларнинг кўнглига қаралган.
Бебаҳо фикр ва йўл-йўриқларга бой “Темур тузуклари” кўпроқ соҳиби тожларга керак бўлган, бошқарув ишларида муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилган. Шунинг учун ҳам ҳукмдорларнинг кўпчилиги бу асардан нусха кўчиртириб, шахсий кутубхоналарида асраган ва ижтимоий-сиёсий фаолиятларида ундан доимий фойдаланган. Масалан, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг авлоди Шоҳ Жаҳон, Қўқон хони Муҳаммад Алихон ва Бухоро амири Абдулаҳадхон моҳир котибларига буюриб, “Темур тузуклари”дан ўзлари учун нусха кўчиртирган.
Ҳаммамизга маълумки, Амир Темур мусулмон ҳукмдори эди. У давлат ишларини юритишда ўз даврининг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги етакчи омиллардан усталик билан фойдаланди: дину шариат ишларини тартибга келтирди. Салтанат мартабалари тузугини қуйидагиларга таяниб тузди: салтанат қонун-қоидаларини ислом дини ва шариатга боғлади, ҳар бир ишда, ҳатто муомалада ҳам меъёрни унутмади, яхшиларга ёндашди, ҳеч кимдан ўч олиш пайида бўлмади, халқни эъзозда тутди, жабру зулмни ўзига бегона билди.
Амир Темур давлатининг ижтимоий-сиёсий тизимини яратишда ўтмиш тажрибаларига таянган бўлса-да, улардан кўр-кўрона нусха кўчирмади, негаки бундай қалтис ҳаракат ҳамиша ҳар қандай давлат учун хавфли саналган.
Амир Темур иқтисодиётни ҳар қандай салтанат пойдевори, деб тушунган. “Давлату салтанат, – деб таъкидланади “Тузуклар”да, – уч нарса билан – мулк, хазина ва лашкар билан тирикдир”. Бу билан Соҳибқирон давлатнинг яшаши ва ижтимоий ривожи учун, аввало, иқтисодий имкониятларга эга бўлиши зарурлигини уқтиради.
Амир Темур даври қонунчилигининг моҳият-марказида фуқаро ва давлат туради. Бу ҳамма замонлар учун аҳамиятли сабоқ. Зеро, иқтисодий жиҳатдан ночор давлат заифлашиб, емирилиб боради. Иқтисодий қудратни эса халқ яратади. Бунда адолатли қонунчиликнинг ўрни беқиёс. Амир Темур даҳосининг ёрқин қирраларидан бири ҳам унинг мазкур ҳақиқатни англай билганлиги ва амалда намоён қила олганлиги билан ўлчанади.
Соҳибқирон фаолиятига назар ташларкансиз, у кўз олдингизда етук давлат арбоби, моҳир саркарда, олиму фузалолар ҳомийси, бунёдкор, адолат ва тинчлик тарафдори, дунё тамаддуни ривожига улкан ҳисса қўшган йирик шахс сифатида гавдаланади. Унинг “Тузуклар”га жо бўлган ҳикматлари эса кишини тўғри йўлга бошлайди, юксалтиради, улуғ ишларга ундайди.
Умуман олганда, Амир Темурнинг нафақат Туронзамин, балки бутун дунё тарихида тутган ўрни беқиёс. Унинг улкан меросини ўрганиш, тадқиқ ва тарғиб қилиш зиммамиздаги бурчдир. Зеро, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов таъкидлаганидек, Амир Темурни англаш – ўзлигимизни англаш демакдир. Амир Темурни улуғлаш – тарих қаърига чуқур илдиз отган томирларимизга, маданиятимизга, қудратимизга асосланиб, буюк келажагимизни, ишончимизни мустаҳкамлаш демакдир.
Н.ХЎЖАЕВ