Ҳар бир киши ҳаётда ўрнини топишга, яхши даромад топиб, рўзғорини бут қилишга уринади.
Бунинг учун доимий ишга эга бўлиш кераклигини кўпчилик тушунади. Идораларда эса ҳамманиям ишга олишавермайди. Айрим даргоҳлардаги "ставка"лар эса ҳеч кимга сир эмас. Шу боис кўпчилик идора, ташкилотларга боришдан кўра таниш-билишнинг этагидан тутишни афзал кўради. Бундан эса айрим олғирлар ўз манфаати йўлида фойдаланиб қолишга уринади.
Масалан, Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмаси ходими Т.С. Ф.Ю.ни тиббиёт бирлашмасига фаррош сифатида ишга киритиб қўйишга ваъда беради. Текинга эмас, албатта. Фаррошлик учун 350 доллар бериш керак экан.
Ишонарли бўлиши учун Т.С. тиббиёт бирлашмаси бошлиғи номига ариза ҳам ёздириб олади. Тумандаги "Сарбон баракаси" буюм бозорида ўтказилган тезкор тадбирда 350 АҚШ долларини олган вақтида қўлга олинади.
Хўш, натижа нима бўлди? Ишсиз бир кишида "муомала"сини қилмаса, ишга жойлашиб бўлмас экан, деган фикр янада қатъийлашди, "ҳожатбарор" эса жазога тортилди.
Баҳриддин АЗИЗОВ,
департаментнинг Чироқчи тумани бўлими бошлиғи
Асқар БОЙҚУЛОВ,
бошқарма катта инспектори