Бизга цитаталардан бошқа ҳеч нима қолмади. Бизнинг тилимиз - цитаталар тизими.
* * *
Жаннатни ҳар ким ўзича тасаввур қилади, менга у болалик йилларимданоқ кутубхона бўлиб кўринган.
* * *
Ҳақиқат шундаки, яқинларимиз ва севганимиздан бошқа ҳеч ким бизни хафа қилолмайди.
* * *
Дўстлик туйғуси ҳаёт деб аталмиш хаоснинг муҳаббат ва шунга ўхшаш бошқа қиёфаларидан камроқ жумбоққа эга эмас. Баъзан ўйлаб қоламан: тилсими бўлмаган ягона туйғу бахт бўлса керак, чунки у ўз-ўзига жо бўлган.
* * *
Бир-бири билан хайрлашмоқ – айрилиқни тан олмаслик ва бундай ўйлашдир: бугун биз шунчаки ҳижронга итоат этамиз, эртага эса яна кўришамиз.
* * *
Ўз яқинларини кечирадиганлар бахтли, ўз-ўзини кечирганлар бахтиёр.
* * *
Баъзида эркак киши аёл муҳаббатига бор-йўғи уни унутиш, бошқа у ҳақида ўйламаслик учунгина эришади...
* * *
Борлиқнинг ўзи сирли, аммо бу асрор бир нечта нарсаларда аёндек. Денгизда, зарғалдоқ тусда, нуронийнинг кўзларида, мусиқада уни кўриш мумкин.
* * *
Мен на ўч олиш, на афв этиш ҳақида гапираяпман. Унутмоқ – мана ягона қасос ва ягона афв.
* * *
Кечаги одам бугун ҳам кечаги эмас.
* * *
Мен буни аллақачон тушунганман: ҳар нарса – чеҳра, сўзлар, компас, сигарета нави ҳам, агар уларни хотирангдан буткул ўчириб ташлай олмасанг, сени чексиз алам-изтиробларга гирифтор қила олади.
* * *
Саройларни вайрон қилгувчи Вақт шеърнинг қийматини оширади.
* * *
Искандарияда айтишардики, фақат гуноҳ қилган ва тавба чеккан одамгина қайтиб бу ишни қилмайди; бу гапни тўлдирамиз: хатодан озод яшамоқ учун аввал унинг асири бўлмоқ керак.
* * *
Ҳар бир одамнинг тақдири, у қанчалик узун ёки мураккаб бўлмасин, барибир, ягона бир лаҳзада жамланади – бу лаҳзада инсон ўзининг аслида ким эканини бир марта, аммо бир умрга англаб етади.
ХУРШИДА тайёрлади.