Тасаввур қилинг, ҳусни ойдек бир киши бор, қараб кўзинг қувнайди. Агар ўша ҳусндор бир табассум қилсаю, тишлари кемшик кўринса, шу ҳолатда уни чиройли деб бўладими? Бояги тасаввур ўзгаради-қўяди.
Биласиз, бизда турли идоралар тепасига унинг номи катта ҳарфлар билан битилади. Бу бир ҳисобда яхшиям, билмаган кишини сарсонгарчиликдан қутқазади. Умуман, ташкилот биноси тепасида унинг номи бўй кўрсатиб тургани ҳар томонлама маъқул.
Аммо вилоят бош тиббий-меҳнат эксперт комиссияси биносидаги пешлавҳанинг "тишлари" тушиб қолганига нима дейсиз? Анчадан бери бу ердагилар ўша "кемшик тишлар" ўрнига янгисини қўйишга имкон тополмаяпти шекилли, жуда кулгили бир ҳолат пайдо бўлган.
Комиссиядагилар қандай ишлаяпти, буниси ўзларига тан, бироқ биргина пешлавҳанинг ўзи уларнинг ишига - "ҳусн"ларига соя солиб тургандек. Нима дедингиз?..
НАСРИДДИН