Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

19.01.2017


ЎТЛИ ҚАЛАМДАН ТЎКИЛГАН ОТАШ САТРЛАР

Балки шу боис кўп эмас, саноқли ижодкорга “эл суйган шоир”, “халқ дардини куйлаган қаламкаш” дея таъриф берилар? Эҳтимол, айни шу сабаб шеърият майдонида ҳар касга ҳам ўрин йўқдир? Рост-да, унинг ижодини кимдир ўқиб, ҳузурланмаса, таъсирланмаса, ёзгани фақат баландпарда гаплару оддий бақироқ мисралардан иборат бўлса, у адабиётнинг мардона саҳнасида туриб бера олармиди?

Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов шеърлари мутолааси давомида ҳар гал шундай ўйлар қуршовида қоламан. Шоирнинг содда, самимий, аммо замирида улкан ҳаёт фалсафасини жамлаган шеърлари ўқувчини ўзига мафтун қилади, қалбининг тўридан жой олади. Қуйма сатрларнинг халқона оҳанги, теран маъно-мазмун, ҳаётий, рост хулосалар донишмандона шеъриятни ҳосил қилганки, бу ижод билан танишган сари киши руҳи тозариб бораверади, ўзлиги ва борлиққа теранроқ нигоҳ ташлайди, атрофдаги воқеликлардан тугал мазмун қидиради.

Асл шоир юртини жону дили билан севиб куйлайди ва бу юмушни ўзи учун энг олий вазифа, бурч деб билади. Абдулла Ориповнинг юрт, халқ, Ватан ҳақидаги шеърлари ана шу бурч даъвати билан ёзилган асарлардир. Ҳар гал ўқиганда ё эшитганда юракни қат-қатларигача титратиб юборадиган шеърларни эсланг: “Мен нечун севаман Ўзбекистонни?”, “Ўзбекистон – Ватаним маним”, “Она тилим”, “Она сайёра”... Бу каби шеърлар рўйхатини узоқ давом эттириш мумкин. Уларнинг ҳар бирида шоирнинг, унинггина эмас, бутун ўзбекнинг юртга меҳри, садоқати ифода этилган. Бу шеърларда миллий ғурур, ифтихор туйғуларининг юксак ифодасини кўриш, ҳис қилиш мумкин. Айниқса, “Мен нечун севаман Ўзбекистонни?” ва “Ўзбекистон – Ватаним маним” шеърлари шоирнинг адабий паспортига айланган. Қоғозга туширилган даври нуқтаи назаридан қаралганида катта ижодий жасорат талаб қиладиган бундай сатрларни дадил ёза олиш учун шоир юраги чинакамига ўтдек ёниши керак эди:

Кечмишинг бор чиндан ҳам узоқ,

Илғай олмас барчасин кўзим.

Мақтамасман мозийни бироқ,

Ўтмишингни ўйлайман бир зум.

Забтга олиб кенг Осиёни,

Бир зот чиқди мағрур, давонгир,

Икки аср ярим дунёни

Зир қақшатди Буюк жаҳонгир.

Айтгум, бу кун, у маним, маним.

Ўзбекистон, Ватаним маним.

Ўзбекнинг ушбу шеърдан, жиллақурса, бир парчани ёд олиб, бурро тилда айтиб бермайдиган боласи йўқ, дейилса, муболаға бўлмас. Ва ҳар гал жажжилар тилидан шу шеър янграр экан, одамнинг қалби фахрдан, ғурурдан жўшиб кетади. Бу эса, шубҳасиз, шоирнинг сатрларда манаман деб кўриниб, барқ уриб турган ватанпарварлик туйғуларидан тушган учқундир...

Абдулла Ориповнинг улкан шеъриятидан жой олган минглаб шеърларда донишмандона хулоса яширин. Шоир ҳар бир ҳолат, ҳар бир ҳаётий воқеа, инсоний кечинмадан теран хулоса чиқара олади. “Она тилим” шеърида тили йўқолган миллатнинг тўтиқушга қиёсланиши таъсирли бир манзарани кўз ўнгимизда чизгани каби машҳур яна бир шеър – “Биринчи муҳаббатим”да энг юксак инсоний туйғуга ошнолик киши қалбида ўчмас из қолдириши ёрқин тасвирларда берилади. “Тулки фалсафаси” шеъри эса ўткир ва аччиқ кулги йўсинида тулкисифат кимсаларни ўз тилидан фош қилувчи ҳажвий-сатирик асарга айланган.

Шоирнинг кейинги даврда ёзилган шеърларини мутолаа қилар экансиз, ҳаёт, умр ҳақидаги бой мушоҳада уммонида сузаётгандай бўласиз. Инсон умри – оқаётган дарёга қиёс: унинг шиддати пасайиши мумкиндир, аммо зинҳор тўхтаб қолмайди. Одамзод ортига ўгирилиб қараб, ўтган вақтини сарҳисоб қилар экан, изидан ўсиб келаётганларнинг шашти-шиддатида ўз ёшлигини, ўт-олов чоғларидаги шижоатини кўргандай бўлади. Ўзи қилган хатоларни улар такрорламаса, ўзи юрган сертикан йўллардан улар ўтмаса, дейди. Айтадиган панди, берадиган маслаҳати навниҳолни авайлаш, асраш қасдида бўлади.

Болам, умид билан яшагин, бироқ

Ҳаёт баланд-пастин бўйнингга олгин.

Ўзинг кабиларга яқин бўл кўпроқ,

Қол, деса мардларнинг ёнида қолгин.

Бу сатрлар шоирнинг “Қаноат” шеъридан. Одамнинг умри давомида инсон сифатидаги эришган энг буюк рутбаси сифатида шоир қаноатни танлайди. Бу фазилатга суянган одам қоқилмайди, адашмайди, сабр унга йўлдош, камсуқумлик ҳамроҳ бўлади. “Қаноат одамнинг энг яқин дўстидир”, дея хулоса ясайди шоир:

Инсон умид билан яшайди, аммо

Руҳини эзгайдир хорлик, каму кўст.

Аллоҳ айирмасин ризқидан асло,

Йўқдир, қаноатдан ортиқ бирор дўст.

Абдулла Орипов – фалсафа шоири. Унинг аввалги шеърларида ҳам, кейинги давр ижодида ҳам шу жиҳатни кузатиш мумкин. Кейинги даврга мансуб “Космодром” сарлавҳали шеърини ўқиган киши азалий мавзу – яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги кураш, бу курашда мағлуб бўлганлар: иблиси лаин, Одам Атонинг ўғли Қобил, буюк бастакор Моцарт қотили Сальеридан тортиб, яна бошқа кўплаб тимсолларни эсга оладики, уларнинг бари ҳасад аскарларидир. Азалдан инсон тийнатида гоҳ ғолиб, гоҳ мағлуб бўлиб келаётган ҳасад замон  яралибдики, мавжуд ва тоабад барҳаёт. Уни йўқотиб бўлмайди. Шеър шу ҳақида. Абдулла Ориповга хос бетакрор услуб – ҳикоянавислик шеърнинг муаллиф айтмоқчи бўлган ғояни тугал ифодалашга хизмат қилган. Шеър шундай бошланади:

Космодромга тун чўкар аста,

Чор-теварак одамга тўлиқ.

Бир томонга сотилган чипта,

Марсга бориш. Лекин қайтиш йўқ.

Давомида сайёрадан бутунлай бош олиб кетаётган инсоният тасвирланади: кимдир бу ерга қайта олмаслигини ўйлаб, йиғлайди, кимдир биродарини излаш билан овора. Сўнгги дамда ҳамманинг кўнглида дард, пушаймон ва алам. Аммо бир кимса хурсанд. Унинг бу ҳолати шеърда қуйидаги сатрларда ўз ифодасини топади:

Бир ҳасадгўй қийқирар шу он:

– Ёвим кетди, энди мен ҳурман.

Билиб қўйгин, эй кўҳна жаҳон,

Ўзим қолдим, ҳаммадан зўрман!

Шеърнинг хулоса қисмида ҳасадгўйни шу иллатга мубтало қилган хусусият – худбинликнинг асл намоёни мужассам. Ерда ёлғиз ўзи қолаётгани, унга қаршилик қиладиган, халал берадиган кимсанинг бош олиб кетаётганидан мамнунлик олдинда кутиб турган ёлғизлик исканжасини унуттиради, ёмоннинг қисқа ақли, хира шуурида “Мен ғолиб бўлдим!” деган худпараст тантана бош кўтаради. Унинг ҳолати Инсонни жаннатдан ерга туширган шайтоннинг, нафси йўлида ўз укасини ўлдирган Қобилнинг ёвузона қиёфасини кўз ўнгимизда чизиб бергандай бўлади...

“Шоирлар ўлмайди, улар ўзларининг шеърларида барҳаёт”. Топиб айтилган гап. Зеро, чин ижодкорнинг иккинчи умри ҳам бор. У ўз шеърларида, шеър бўлганида ҳам чинакам ижод маҳсули, йиллар ўтса-да, эскирмайдиган, ҳар юракда янгиланадиган санъаткорона назмий дурдоналарида яшайверади. Демакки, биз билан ҳамиша ёнма-ён, ҳамқадам, ҳамроҳдир...

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

Report typo