Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Комила КАРОМОВА

20.02.2017


ТОҒЛАРНИ УЙҒОТГАН, ТОШЛАРНИ ЭРИТГАН КУН

“Сайёра йиқилди”... Нега йиқилади, нимага йиқилади? 6 болани ёлғиз ўзи оёққа турғазганида қалқимаган аёл энди юки енгил бўлганида йиқиладими? Хиёнатнинг ўткир пичоғи юрагига санчилганда гандиракламаган мард аёл садоқат кўшкида туриб йиқиладими? Ўғли доғи юрагини парча-парча этганда ҳам кўз ёшини яшириб, Нодиридан ёдгор набирасининг қўлидан маҳкам тутган сабрли аёл энди шу мустаҳкам суянч билан ҳам йиқиладими? Келин, набираларнинг серфайз ташвишини ортган қадди адл аёл йиқиладими ҳеч? Туширажак қўш келинлар орзусида юрган аёл қандай йиқилади?

...Кўча одамга тўла эди. Уй одамга сиғмас эди. Шаҳар оқиб келарди оддий, беҳашам  дарвоза томон... Эркаклар йиғлаган, аёллар йиғлаган...

Онам, опам, синглим, сирдошим деб ёдлашар эди, йиғлашар эди, излашар эди ўша қадрдон, азиз сиймони, кулимсираган нурли чеҳрани...

Сайёра Зоирова... Мактабда ўқувчилик йилларим “Қашқадарё ҳақиқати” газетасида “С.Зоирова, ТошДу талабаси” имзоси билан босилаётган мақолаларга ҳавас қилардим. Йиллар ўтиб, орзуим ушалиб, амалиётни катта даргоҳ - “Қашқадарё ҳақиқати” газетасида ўтай бошладим. Келган заҳотим Сайёра опани суриштирдим. Эндигина фарзандли бўлган Сайёра опа бир ёшга тўлиб-тўлмаган фарзанди билан касалхонада экан. Онам раҳматли эшитиб, қўлимга ул-бул тугиб кўргани юборди. Ўшанда онам патир юборган экан, Сайёра опа онам пиширган патирни яқин-яқин кунларгача “новвойнинг қизиман, бундай қаймоқли патирни пишириш ҳамманинг қўлидан келмайди, қўллари дард кўрмасин”, деб мақтаб юрар эди.

Сайёра опани онам жуда яхши кўрардилар. Ҳеч ёдимдан чиқмайди, ҳовлимизда тўй бўлаётган эди. Бир маҳал Сайёра опа болалар аравачасида ҳали 2-3 ёшга тўлмаган гўдаклари Нодир, Хуршид билан кириб келдилар. Онам болажон аёл эмасми, шундай қувонди, шундай қувондики... Ва ҳаммага қалам билан бешикни баравар тебратаётган, айни пайтда кўнгил олишга ҳам улгураётган бу меҳнаткаш аёлни ибрат қилиб мақтади.

 Сайёра опа ҳам онажонимни жуда яхши кўрар, қўш фарзандлари билан уйимизга тортинмай кириб бораверар эди. Менинг меҳнаткаш, очиқ кўнгил онажоним доим Сайёра опани жонига жойлаб кутиб оларди.

Сайёра опа билан узоқ йиллар газетада, хотин-қизлар қўмитасида бирга ишладик. Шодиой опа Мансуровадек қаттиққўл ва айни пайтда қатъиятли, ўрни келганда меҳрибон, керакли пайтда суяй ҳам оладиган устознинг ҳаёт мактабида таҳсил олдик. Сайёра опа жуда ишонувчан, ўта меҳмондўст, кўнгилчан инсон эди. Рост-ёлғонга  бирдек баравар ишониб, дарҳол севиниб ёки аксинча, дарров хафа ҳам бўлар эди. Баъзан Шодиой опа: “Сайёра, қизиқсиз, шунга ҳам ишондингизми”, деб дакки бергандек бўлар эди.

Опанинг танбеҳида меҳр бор, дер эди Сайёра опа сира кўнглига олмай, очилиб-сочилиб.

Баъзан қаттиқ ихлос қўйган инсонимдан ўринли-ўринсиз хафа бўлсам, Сайёра опага кўнглимни ёрар эдим. Сайёра опа эса  фақат ўзига хос ёруғ чеҳра билан, шарақлаб кулиб, “Одам яхши кўрганидан хафа бўлади-да. Сиз билан мени яхши кўрадилар-да, мен ўрганиб кетганман. Кўнглингизга олманг”, дер эди. Кўнглим ёришар, кўнглим тозарар, кўнглим кўтарилар эди бу сўзлардан. Гоҳ эса телефоним кутилмаганда жиринглаб қолар, ўша таниш, қадрдон, хокисор овоз эшитилар эди:

“Фалон тадбирда нега кўринмадингиз. Мени ҳам айтишмаган эди. Бўритош опа билан боравердик. Тўғри қилибмизми? Қарасам, Малоҳат опа, Шодиой опа  ҳам йўқ...”

 Соддагина  опам, фақат эл ичида бўлишни ният қилган элчи опам.

Оддийгина журналист Сайёра опа келган хатларга жуда катта эътибор билан қарарди. Муаммони ечиш, оилаларни тиклаш учун соғлиғини, вақтини аямади. Судма-суд, идорама-идора чопди. Ташкилот раҳбари, оқсоқол борми, ҳаммани эзгу ишга сафарбар қила олди. Буёғи Деҳқонобод, буёғи Муборак... “Сиз кимсиз, дейишди баъзан унга ажабланиб. Онаси бўлмасангиз, қайнонаси бўлмасангиз? Нега аралашасиз, бунча ёнасиз?”

- Мен журналистман, мухбирман, - дер эди Сайёра опа фахр билан. Онаси десангиз ҳам, қайнонаси десангиз ҳам майли...

Сайёра опа ана шундай таниш-нотаниш дардманднинг жондай азиз бегонаси эди... Қишлоқма-қишлоқ кезди, маҳаллама-маҳалла юрди, хонадонма-хонадон кирди. Кекса борми, бемор борми, 50 ёшга, 60 ёшга кирган, 100 ёш билан юзлашган борми табриклашдан эринмади. Дил сўзини қоғозга ёзиб, газетада босиб, очилиб-сочилиб ҳар бир хонадонга, ҳар бир кўнгилга кириб бораверди...

  Ҳеч ёдимдан чиқмайди. 90-йилларнинг охири, Сайёра опа Тошкентда кўзини операция қилдириб қайтган кунлар эди. Маҳалладаги кекса, кўзи ожиз момо, деворни ушлаб, пайпасланиб-пайпасланиб ҳол сўрагани келди. Коса тўла қаймоқни тўкмай олиб келиб, Сайёра опанинг қўлига тутқазар экан, бир шикаста овоз билан шивирлади.

“Сен касал бўлма болам, ётиб қолсанг мени ким сўрайди, ким онамгўйлик қилади. Сенгина касал бўлма...”

Сайёра опани ҳамма ана шундай яхши кўрар эди, ана шундай ич-ичидан яхши кўрар эди. Кимдир ошкор, кимдир пинҳон, кимдир озор бериб, кимдир меҳр кўрсатиб. Лекин яхши кўрарди. Сайёра опа шаҳар хотин-қизлар кенгаши раиси, вилоят хотин-қизларининг нашри “Нафосат” газетаси муҳаррири бўлиб ишлаган кезлари одамгарчиликнинг юксак намуналарини кўрсатди. Ҳаммани эшита олар, ташвишига у ёки бу даражада елка тута олар эди. Сайёра опа айниқса  жигарлари-қариндошлари - опа-сингил, укалари учун ҳеч нарсани аямайдиган, фидойи жон эди. Ҳамманинг ташвишини елкасига ола биладиган, бу ташвишларни ҳеч нолинмай кўтарадиган куйинчак жон эди. Онаси ташлаб кетган ўсмирни жонига жойлай олган, оқ ювиб, оқ тараган, йиллар ўтиб, ўз боласидек, “Мен Гулимни эгасига топширдим” деб енгил тин олган, эри кўчага ҳайдаган келинчакка уйи эшигини очиб, хонадони тўрини бера билган, дардмандни суяй олган, ёлғизга тиргак бўла билган қалби, қўли очиқ аёл эди. Тўй-маъракадан қолмас, кейин чарчаб-ҳориб қайтар экан, танбеҳларимизга “Кўнглини олай”, дедим-да деб ҳорғин жилмайиб қўяр эди. Сайёра опа ҳамманинг кўнглига қаради, ҳамманинг кўнглини олди...

Бугун қалбимни бир армон кемиради, бир армон емиради. Бу ишим, бу ташвишим деб яқинларимиз билан сўраша олмаймиз, йўқлай олмаймиз. Худди дўстларимиз устундек, худдики улар абадийдек. Чақирганда доим учиб келаётгандек гўё... Бўлмаса, янги йилда бир учрашиш ниятим бор эди, Сайёра опа. Устозларни бирга бир йўқламоқ тилагим бор эди, Сайёра опа. Кейин ишдан орта олмадим-да, деб ўзимга таскин бердим, баҳорда учрашамиз, куннинг кўпи билан учрашамиз. Ана шундай баҳоналар билан дийдорни маҳшарга қолдириб, қиёматга қолдириб, меҳримизни дариғ тутиб, бир-биримизни асрамай, бир-биримизни авайламай ўта берамиз. Умр жуда қисқа эканини, кўнгил олишга улгура олмаганлигимизни фақат йўқотишлардан сўнг англаймиз. Кейин суянчсиз қоламиз, севинчсиз қоламиз. Дўстнинг катта тоғ эканини тоғимиз қулагандан сўнг англаймиз. Армон кемиради юрагимизни, изтироб қийнайди кўнглимизни. Айтилмай қолган яхши сўзлар, айтилмай қолган эзгу тилаклар армон. Дийдор армон.

Шундай аёл кетди-я, деймиз афсус билан. Бир гапириб, ўн куладиган аёл-а... меҳнаткаш, заҳматкаш аёл-а. Ҳар даврага боласидек азиз газетасини бағрига босиб кириб борарди. Дуч келган одамга газета улашишдан завқланар эди...

Туни билан осмон биз билан баробар йиғлади. Ўксиб-ўксиб, ўкириб-ўкириб йиғлади, дув-дув кўз ёш тўкиб йиғлади. Кейин... кейин бағрига олиш учун қор тўшади. Бир соф, покиза инсонни бағрига олиш учун оппоқ поёндоз тўшади... поклади борар манзилини... Чунки Сайёра опа оқликни, покизаликни яхши кўрар эди. Руҳи, тани оқликка қоришиб кетди...

Комила КАРОМОВА

 

Report typo