Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Азизбек НОРОВ

10.05.2017


ТОНГ ОТАР ЭКАН, ҲАЁТ ДАВОМ ЭТАДИ

ЎТКИР ҲОШИМОВНИНГ “УРУШНИНГ СЎНГГИ ҚУРБОНИ” ҲИКОЯСИДАН:

Урушнинг қора қаноти узоқлаб кетган бўлсаям, эрта-индин Гитлернинг тўнғиз қўпиши кўриниб қолган бўлсаям, ҳамон унинг сояси одамлар бошига кўланка ташлаб турибди. Ҳали у қўшниникида аза очилади, ҳали бу қўшниникида.

* * *

Сув қалқиса, лойқаси юқорига чиққандай, замон қалқиганидан буён ёмон кўпайди.

* * *

Умри холани пешин намозига чиқаришди. Гўристондан чиқиб келишаётганида Шоикром одамларнинг ўзаро гапини эшитиб қолди:

- Уруш тамом бўпти, эшитдингизми?

* * *

ЛЕВ ТОЛСТОЙНИНГ “УРУШ ВА ТИНЧЛИК” РОМАНИДАН:

- Ботирлик ёшга қарамайди, - деди Сухтелен бўлиб-бўлиб.

* * *

- Ярадор бўлдингизми? – деб сўради жағининг титроғини зўрға босиб.

Кутузов рўмолчасини ўқ теккан юзига босиб:

- Бу яра ҳеч нарса эмас, ана у яра ёмон! – деди қочиб бораётган солдатларни кўрсатиб.

* * *

- ...ғалабамиз бир лаҳза ҳам шубҳа остида қолгундай бўлса, ўз императорларинг душманнинг биринчи зарбасига қарши кўкрак кериб чиқишини кўрасизлар, чунки айниқса миллатимизнинг шон-шарафи тўғрисида сўз бораётган кунда ғалаба тўғрисида иккиланиш ҳеч мумкин эмас.

* * *

“Ҳа, балки эртага ҳалок бўларман”, - деди ўзича. Шуни ўйлаганида тўсатдан аллақачонлар бўлиб ўтган, юрагини эзадиган бирмунча нарса эсига тушди; отаси ва хотини билан хайрлашганини, хотинига кўнгил қўйган дастлабки кунларини эслади; ҳомиладор хотини кўзига кўриниб, унга, ўзига ҳам ачинди, кўнгли бузилиб, нима қилишини билмай, Несвицкий билан бирга турган уйдан ташқарига чиқди ва эшик олдида нари-бери юра бошлади. 

* * *

...Ҳаёт билан мамотни бир-биридан ажратиб турадиган чегарани эслатувчи бу чегарадан бир қадам нари ўтилса, номаълум азоб-уқубат ва ўлимга борилади. Бу майдон, дарахтлар ва офтоб шуъла сочиб турган уйларнинг у томонида нималар бўлаётипти? Ким бор? Буни ҳеч ким билмайди, лекин билгинг келади: бу чегарадан ўтиш қўрқинчли, лекин ўтгинг келади: биласанки, эртами, кечми, бу чегарадан ўтишинг, у томонда нималар бор эканини билишинг керак бўлади. Ўзинг бақувват, соғлом, хурсанд ва шайланган, атрофингдаги одамлар ҳам ўзингдай соғлом, шайланган. Душманнинг рўпарасида турган ҳар бир киши ана шундай деб ўйламаса ҳам, лекин шуни ҳис қилади ва бу ҳис шу пайтда бўлаётган ҳамма ҳодисага айрим бир жило беради ва ёрқин қувонч туғдиради. 

* * *

ЭРИХ МАРИЯ РЕМАРКНИНГ “ЭСИЗГИНА ЁШЛИГИМ” РОМАНИДАН:

Нима бўлаётганини биров ҳатто тасаввур ҳам қилолмасди. Тўғрисини айтганда, оддий ва камбағал одамлар ақллироқ чиқиб қолишди – улар дастлабки кунлардаёқ урушнинг турган-битгани кулфат эканини  англаб етдилар, ваҳоланки ўзига тўқлар совуқ хабарни эшитиб, териларига сиғмай кетишди, аммо урушнинг оқибати нима бўлишини ўшалар илгарироқ фаҳм этиши керак эди-ку.

* * *

Фронт менга мудҳиш гирдобни эслатади. Ҳали анча олисда, сокин сув сатҳида турганингдаёқ унинг ўз домига тортаётган қудратли кучини ҳис эта бошлайсан, минг типирчиламагин, бу куч қаршилигингни аста-секин енгиб, силлангни қуритади, ахири сени буткул шол қилиб қўяди.

Аммо-лекин ердан, ҳаводан танамизга ўзимизни ҳимоя килиш учун зарур бўлган куч оқиб киради, айниқса, ердан. Заминнинг қадрини ҳеч ким аскарчалик билмайди. Ўлим ваҳимаси уни чалпак қилиб тупроққа қапиштириб ташлаганда ер аскар учун яккаю ягона дўст, ота ва онага айланади.

* * *

Дастлабки портлашларнинг гумбур-гумбуриёқ ҳаётимизнинг бир бўлагини минг йиллар орқага суриб ташлайди. Бизда ҳайвоний сезги уйғонади, бутун хатти-ҳаракатларимизни ана шу сезги бошқаради, ана шу сезги бизни қўриқлайди. Бунда олдиндан англанган ҳаракат йўқ, бу сезги онгдан кўра тезроқ, онгдан кўра дадилроқ ва бехатороқ ишлайди. Буни тушунтириб бўлмайди.

* * *

Қабристон ағдар-тўнтар бўлиб кетган. Ҳаммаёқда тобут ва мурдалар сочилиб ётипти. Марҳумлар яна бир марта ўлишди, аммо бурда-бурда бўлиб кетганларнинг ҳар бири қайси биримизнидир ўлимдан сақлаб қолди.

* * *

Қўлимиз – тупроқ, вужудимиз лой, кўзларимиз – халқоб. Ўликмизми, тирикмизми – билмаймиз.

* * *

Кейинги пайтларда кун санамайдиган бўлиб қолдик. Бу ерга келганимда қаҳратон қиш эди, портлаш тўлқини ҳавога учирган яхлар снаряд парчаларидан қолишмайди. Ҳозир дарахтлар барг чиқарди. Гоҳ баракдамиз, гоҳ фронтда - ҳаётимиз шундан иборат. Уруш рак ва силдай, грипп ва ичбуруғдай хавфли касалликка ўхшаркан. Фақат урушда ўлим кўпроқ бўлади, шаклу шамойили ҳам даҳшатлироқ.     

Азизбек НОРОВ тайёрлади.

 

 

Report typo