Кириб келаётган 2017 йил эса мучал ҳисобига кўра, товуқ йилидир. Хўш, аждодларимиз товуқ йилининг хосиятларини нималарда кўришган? Қуйида бу йилнинг ўзига хос айрим жиҳатлари ҳақида фикр юритамиз.
ТОВУҚ МЕҲНАТНИ ХУШ КЎРАДИ
Кексаларимизнинг таъкидлашича, товуқ йилида озиқ-овқат сероб бўлади. Лекин шунга монанд меҳнат ҳам кўпаяр экан. Чунки товуқ дангасаликни ёқтирмайди. У ҳар бир донни ер титиб, ўзи топиб ейишни хуш кўради. Шу боис бу йилда қанча кўп меҳнат қилсангиз, шунга яраша даромад олишингиз мумкин. Яна бир жиҳати борки, товуқ мучал йилига номи берилган ҳайвонлар ичидаги ҳалол жонзотлардан бири ҳисобланади. Демак, бу йил режалари ва орзулари эзгулик ҳамда яхшиликка асосланган, ҳақиқатпарвар ва адолатли инсонларга омад кулиб боқади.
ОИЛА ҚУРУВЧИЛАР УЧУН
Мунажжимлар башоратига кўра, товуқ йилида оила қуриш ниятида бўлганлар журъатлироқ бўлиши талаб этилади. Товуқ уятчанликни ёқтирмайди, шу боис, агар кимнидир анча вақтдан буён ёқтириб юрган бўлсангиз, ташаббускорликни қўлга олинг. Бундан ташқари, турли тортишувлар, келишмовчиликларнинг олдини олишда ўзгаларни тинглай билиш, ён босиш каби хислатлар ёрдам бериши мумкин.
САЛОМАТЛИККА ЭЪТИБОРЛИ БЎЛИШ ЛОЗИМ
Товуқ тез касалланадиган паррандалар сирасига киради. Демакки, товуқ йилида саломатликка эътиборли бўлиш талаб этилади. Ушбу йилда эрта туриш, жисмоний машғулотлар билан шуғулланиш, кўпроқ табиат қўйнида сайр қилиш ва иммунитетни кучайтириб бориш фойдадан холи бўлмайди. Соғлиқдаги майда муаммоларни ўз ҳолига ташлаб қўйиш унинг жиддий тус олишига олиб келиши мумкин экан.
У ҚЎРҚОҚ ЭМАС
Биз товуқни жуда қўрқоқ парранда деб биламиз. Аммо у бу сифатни сира ёқтирмас экан. Шунга монанд товуқ йилида жасур ва довюрак кишиларга омад кулиб боқишини ота-боболаримиз кўп кузатишган ва буни йилнинг ўзига хос хосиятларидан бири сифатида эътироф этишган. Манбаларда таъкидланишича, товуқ йилида режалаштирган ишларингизга кўп ўйлаб ўтирмасдан, кучли ғайрат ва шижоат билан киришсангиз, у албатта амалга ошади. Лекин бу каллага келган ҳар қандай фикрни амалга ошириш керак, дегани эмас.
МУЧАЛ ВАКИЛЛАРИ...
Товуқ йилида туғилганларга журъат, довюраклик хос. Булар чуқур фикрловчи ва истеъдодли шахслардир. Ҳеч қачон ичида гина сақламайди. Агар суҳбатдоши ноҳақ бўлса, дарров юзига айтади. Товуқ мучалининг кучли жиҳатларидан бири ўзига ҳаддан зиёд ишонишидир. Рақибларини ҳеч қачон кечирмайди. Бировларга маслаҳат беришни хуш кўради. Унинг ҳаётда дўстлари ва танишлари жуда кўп. Барчалари товуқ мучали вакилининг садоқатда, ишончда тенгсиз эканини қадрлашади. Пул ишлаб топишни жуда яхши ўзлаштирган, аммо харажат қилишда ҳам унга етадигани йўқ. Табиатан ўз ишига уста, қийинчиликларга мардона нигоҳ ташлайди, ожизларни ҳар қандай вазиятда ҳам қаттиқ туриб ҳимоя қилади.
ПУЛ ВА МАВҚЕ
Бу мучал вакиллари иш масаласида жуда қаттиққўл. Албатта, ўзига нисбатан. Аксар ҳолатларда у шундай ишни танлайдики, шунинг соясида ўзини бошқаларга намойиш эта олади. Пул масаласида юқорида таъкидлаганимиздек, кўр-кўрона харажатлар қилишдан тийила олмайди. Айниқса, кимгадир моддий кўмак зарур бўлса, сира ўйлаб ўтирмай, қўлидаги бор пулини ҳам бериб юбориши мумкин.
Албатта, бу товуқ йилининг ва унда туғилган инсонларнинг ўзига хос хусусиятлари сифатида эътироф этилган фикрлар, холос. Кириб келаётган 2017 йилда барча юртдошларимизга сиҳат-саломатлик, омад ва зафарлар тилаймиз. Юртимизни тинчлик, фаровонлик, қалбимизни эзгулик ва шижоат тарк этмасин.
ЖАҲОНГИР тайёрлади.