ёхуд дўхтир опаларга "велик" бериш "ташаббуси" қанчалик ўзини оқлайди?
Шахсий фикр
Зап ажойиб эртакларимиз бор-да. Тулки билан лайлак бир-бирини меҳмон қилгани ҳақидагиси ёдингиздан чиқмаган бўлса керак. Тулки лайлакни базмга чорлаб, тарелкада шўрва тортади ва табиийки, тумшуғи узун қуш ундан бир қатра ҳам ея олмайди. Лайлакнинг гали келганда эса тулкининг қошига кўзада овқат келтиради ва бу сафар тулки ҳеч нарса татий олмайди. Саломга яраша алик-да, нима дейсиз.
Қиссадан ҳисса шуки, бировга лутф-карам кўрсатмоқчимисиз, ўша одам ундан бемалол фойдалана билсин, ўзингизни саховатпеша кўрсатманг, саховатли бўлинг, ёрдам бераётгандай кўрсатманг, ёрдам беринг, каби кўплаб мазмунли, маъноли ҳикматларга эга бўлиш мумкин.
Яқинда Қарши тумани ҳокимлиги томонидан туман тиббиёт бирлашмасига қарашли бир қанча поликлиника ходимларига велосипед тарқатилгани ҳақидаги хабарни ўқиб, негадир ўша тулки ва лайлак эртаги ёдимга келаверди.
Айтилишича, велосипед беришдан мақсад пандемия даврида касалликка қарши курашиш ва беморлар ҳолидан хабар олишни тезкор амалга ошириш, "касалланиш ҳолатлари бўлганда, тез ёрдам машиналарига эҳтиёж сезилганда биринчи ёрдамни кўрсатиш ҳамда вақт унумдорлигини ошириш, тез ёрдам сифатини яхшилашга бўлган эътиборнинг намунаси" экан.
Велосипедларни ўз эгаларига топшириш маросимида туман ҳокимининг ўринбосари ҳам иштирок этиб, суратлардан кўринишича, бир-икки оғиз нутқ ҳам сўзлабди. Бунга кифоя қилмай, велосипедлардан бирининг рулини тутиб, суратга ҳам тушиб юборибди (бундан нима мақсад кўзлангани бизга номаълум).
Хўп, майли, яхши... дея тилда такрорлайсизу, кўнгилда турли саволлар қалқиб чиқаверади-да.
"Тез ёрдам машиналарига эҳтиёж сезилса, биринчи ёрдам кўрсатиш учун ҳамшира велосипедда етиб боради". Шундайми? Бордию, ўша беморнинг аҳволи оғирроқ бўлса, уни шифохонага "велик"да элтиш керак бўладими шунда?
Яна денг, велосипед рулида ёши катта аёллар! Кўчада ҳеч кўрганмисиз "шайтон арава" миниб юрган дўхтир аёлларни? Биз-ку майли, бир-икки кўрсак, кўзимиз ўрганиб кетар, лекин бу дўхтир опаларнинг ўзлари учун бориб турган ноқулайлик-ку. Велосипед беришдан аввал уларнинг фикри инобатга олинганми ўзи?
Ўтар иш ўтибди, харажат қилинган, велосипед эгаларига берилган - энди буёғини кўрамиз, қани бу "янгилик" қанчалик ўзини оқларкин? Велосипедлар поликлиникада ё дўхтир опаларнинг уйида қаққайиб турадими, ё чиндан ҳам ундан аниқ мақсад йўлида фойдаланиладими? Ҳали эгалари қўлига етиб бормаёқ баллонлари "пуссайиб" ётган велосипедларни кўриб бор умидинг ҳам пучга чиққани ёмон-да...
НАСРИДДИН