МАЪНАВИЯТ ИЛДИЗЛАРИ
Маълумки, оилани моддий жиҳатдан таъминлашга ота масъул саналади. Она эса бола тарбияси билан машғул бўлиб, уларга меҳр кўрсатади. Айниқса, қиз боланинг тарбиясига алоҳида эътибор қаратилади, унга шарқона одоб ўргатилади. Чунки у эртага она бўлади, авлодлар давомийлигини таъминлайди. Шунинг учун аёл шаъни миллат шаънидек асралади, ҳимоя қилинади. Ўз навбатида хотин-қизлар ҳам бунга лойиқ бўлишга ҳаракат қилишган. Бироқ бугун турфа орзу-ҳаваслар ортидан қувиб, охир-оқибатда одам савдоси қурбонига айланиб қолаётган, энг ачинарлиси, одамфуруш деган жирканч номга “сазовор” бўлаётган нозик жинс вакиллари, афсуски учрамоқда. Статистик маълумотларга кўра, дунё миқёсида ҳар йили 600 мингдан 800 минг нафаргача аёл ва бола алдов йўли билан сотиб юборилмоқда. Бунинг туб асоси аслида маънавият илдизларига, оилада эркакнинг ўрни бўлмаган, аёллик шаъни қадрланмаган муҳитга бориб тақалмаяптими?
ҲАР ЖОЙНИНГ ТОШ-ТАРОЗИСИ БОР
- Мени ўз дугонам бадавлат хонадон болаларига энагалик қиласан, у сенга жуда яхши ҳақ тўлайди, деган алдов билан чет элга олиб кетди, - дейди ўзини Жамила деб таништирган аёл. – У ерга боргач ҳаммаси бошқача эканлигини билдим. Ўша ерда ўтган бир йил ҳаётимдаги энг қўрқинчли ва жирканч давр бўлди. Яхшиларнинг ёрдами билан ўз юртимга қайтгач, қийинчиликлар ортда қолди, деб ўйлагандим. Лекин ўша азоблардан руҳан қутула олмадим. Гўёки яна кимдир мени олиб кетиб, ўша ботқоққа элтиб ташлаётгандек. Республика реабилитация марказида психологик, ҳуқуқий ва тиббий ёрдам кўрсатишди. Ҳозир ўз уйимдаман. Ишга кирдим. Ҳаётим анча изга тушиб қолди. Бошқа аёлларимиз, қизларимиз мен каби алданиб қолмасликларини, менинг ҳаётим улар учун бир дарс бўлишини хоҳлайман. Ҳамма жойнинг тошу тарозиси бор экан. Чет элда яхши даромад топаман, деб хомхаёл бўлманг!
ИШЛАМОҚЧИМИСИЗ, ҚОНУНИЙ ЙЎЛДАН БОРИНГ!
Инсон онгли мавжудот. У озод ва эркин яшашни истайди. Уни эркидан маҳрум қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Албатта, бу эрк қонун ва ахлоқ доирасидан четга чиқмаган бўлиши керак. Бироқ, бугунги кунда дунё бўйлаб одам савдосидай ўта хавфли иллатнинг кенг тарқалиши инсон шахси, шаъни, қадр-қиммати, шахсий ҳуқуқ ва эркинликларига жиддий таҳдид туғдирмоқда. Бу билан боғлиқ жиноятлар жаҳон жамоатчилигини жиддий ташвиш ва хавотирга солаётгани айни ҳақиқат. Кейинги йилларда одам савдоси туфайли юзага келаётган глобал хавф қанчалик ортиб бораётган бўлса, бу жиноятга қарши кураш кўлами ҳам шунчалик кенгаймоқда.
- Албатта, юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг чет давлатларга саёҳат, ишлаш учун бориб келиш ҳуқуқлари давлатимиз томонидан тегишли қонун ҳужжатлари билан тўлиқ кафолатланган, - дейди вилоят ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бошқармаси одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўлими бошлиғи Фазлиддин Юсупов. - Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 12 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет эллардаги меҳнат фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ, Меҳнат вазирлиги ҳузурида Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ва унинг ҳудудий бюролари фаолият олиб бормоқда. Улар орқали аҳоли меҳнат миграциясига оид ўзи учун керакли маълумотлардан бохабар бўлиб келмоқда. Бундан ташқари, Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Фирибгарнинг тузоғига илинманг”, “Боши берк кўчага кириб қолманг” деб номланган буклет ва плакатлар, маълумотномалар фуқароларга тарқатилмоқда. Лекин осон даромад илинжи, ғараз ниятли кимсаларнинг ёлғон ваъдалари ҳуқуқий савияси заиф, маънавий қашшоқ айрим фуқароларимизнинг кўзини кўр, қулоғини кар қилиб қўймоқда. Уларга одам савдоси каби жиноятчиликнинг турли кўринишлари, унинг фожиавий оқибатлари ҳақида қанча тушунтирманг, “бунинг менга дахли йўқ”, қабилида иш тутиб, натижада одамфурушларнинг ўлжасига айланиб қолишмоқда. Чет давлатларга бориб ишлашни истаган ҳамюртларимизга қарата яна бир бор “қонунни билган қоқилмайди”, деган ҳаётий ҳикматни эслатиб, сизу бизнинг манфаатларимизни кўзлаб қабул қилинган қонунларимизга амал қилинг, ўз ҳаётингизни хавф остига қўйманг, дейиш айни муддао.
Шу азиз Ватанда меҳр кўриб, эъзоз топаётганлар ҳам бегоналар эмас, опа-сингилларимиз, жондай азиз оналаримиз. Уларнинг энг асосий ютуғи, бойлиги нимада? Улар аввало шукур қилишни билишади. Борига қаноат қилишади. Ўз-ўзидан оила ҳам мустаҳкам бўлади. Жамият юксалади. Кимнингдир қаноатсизлиги, ношукурлиги аввало ўша кимсанинг бошига етади, азоб-уқубатларга дучор этади.
Пул топаман деб азоб, ташвиш, кулфат топманг. Сабрли бўлишни, оқила бека бўлишни ўрганинг, эй, опа-сингиллар!..
Шоҳиста БОЗОРОВА