Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Темур НИЗОМОВ

09.02.2023


ҲУДУДНИ РИВОЖЛАНТИРИШГА - КОМПЛЕКС ЁНДАШУВ

Қарор ва шарҳ

Жорий йил 3 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев "2023-2025 йилларда Қашқадарё вилоятини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорга имзо чекди.

Бешта асосий йўналиш белгиланди

Қашқадарёда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, бўш турган давлат активлари, мавжуд табиий ресурслар захиралари, қишлок хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидаги ер майдонлари ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига қўшилган қиймат занжирини яратиш, янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли даромадларини оширишга қаратилган бу ҳужжат билан, биринчи навбатда, вилоятимизни 2023 йилда ривожлантиришнинг бешта асосий йўналиши белгиланди.

Бу йўналишларнинг биринчиси ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, маҳаллаларни ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш.

Иккинчиси - фойдаланилмаётган давлат активлари ҳамда мавжуд табиий ресурслар захираларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш орқали ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш.

Учинчиси - маҳаллалар ихтисослашувини ҳисобга олган ҳолда маҳаллаларда саноат, ҳунармандчилик, касаначилик, чорвачилик, савдо ва хизмат кўрсатиш йўналишларида микромарказларни ташкил этишни янада жадаллаштириш.

Тўртинчиси - қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонлари ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш.

Бешинчиси - вилоят ҳудудидан ўтувчи халқаро автомобиль йўли атрофида йўлбўйи инфратузилмасини ҳамда туризм, таълим ва тиббий хизматлар кўрсатишни ривожлантириш, шунингдек, янги иш ўринларини яратиш.

Қарорда вилоятимизнинг 2023 йил учун асосий мақсадли кўрсаткичлари ҳам қайд этилган бўлиб, уларга кўра, жорий йилда Қашқадарёда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 59 триллион 32 миллиард сўмга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 24 триллион 12 миллиард сўмга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 31 триллион 456 миллиард сўмга, хизмат кўрсатиш ҳажмини 19 триллион 900 миллиард сўмга, даромадли меҳнат билан банд бўладиган аҳоли сонини 440 минг нафарга, ҳудудий экспорт ҳажмини эса 325,9 миллион АҚШ долларига етказиш назарда тутилган.

Кўкдалада мебель ишлаб чиқариш маркази, Ғузорда гулчилик кластери иш бошлайди

Қарорга мувофиқ бир қатор дастур ва рўйхатлар, бошқа ҳужжатлар тасдиқланган бўлиб, улардан бири 2023-2025 йилларда Қашқадарё вилоятини комплекс ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режасидир. 26 банддан иборат бўлган бу режада воҳамиз тараққиётига хизмат қиладиган  кўплаб муҳим чора-тадбирлар жамланган, уларни амалга ошириш механизмлари, ижро муддати, сарф этиладиган маблағлар ва молиялаштириш манбалари, ижро учун масъуллар кўрсатилган.

Масалан, ушбу ҳужжатга биноан жорий йилнинг апрель ойида Кўкдала туманидаги 20 гектар ер майдонида ташаббускорлар маблағлари ҳисобидан кластер усулида мебель маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган марказни ташкил этиш режалаштирилган. Бунинг учун қолган қисқа вақт ичида ушбу ер майдонини лотларга тақсимлаган ҳолда аукцион савдоларига чиқариш, касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларида мебелсозлик бўйича ўқув курсларини уюштириш, шунингдек, хом ашё сифатида фойдаланиладиган дарахт турлари плантацияларини яратиш, мебель маҳсулотлари бозори ва зарур омборхоналар очиш мўлжал қилинган.

Шу билан бирга, мазкур чора-тадбирлар режаси доирасида вилоятимизда 2023 йилда ғаллачилик кластерлари маблағлари ҳисобидан буғдойни қайта ишлашга қаратилган 25 та истиқболли инвестиция лойиҳаси рўёбга чиқарилади, Fyзop туманида 1 гектаргача бўлган майдонда Наманган вилояти тажрибаси асосида гулчилик кластери фаолияти йўлга қўйилади, Қарши шаҳрида барпо этилаётган "Она ва бола" маркази замонавий асбоб-ускуна ва анжомлар билан жиҳозланади. Яккабоғ-Қарши ичимлик суви тармоғи қурилишига Франция молия вазирлиги ғазначилигидан 120 миллион АҚШ доллари жалб қилинади. Қамров даражаси паст бўлган ҳудудларда 380 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотини тузиш учун 52 миллиард сўм миқдорида субсидия ажратилади. Вилоятимизда 2023-2026 йиларда туризмни комплекс ривожлантириш бўйича қарор лойиҳаси тайёрланиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

8 та йирик лойиҳани ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш учун 216 миллиард сўм йўналтирилади

Қарорнинг иловаларидан бирида 2023-2025 йилларда тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестициялар иштирокидаги йирик ишлаб чиқариш лойиҳаларини ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш тадбирларининг манзилли рўйхати келтирилган. Унга асосан, мисол учун, Муборак туманидаги "NTCS EXTRUSION GROUP" қўшма корхонасининг олтингугуртдан минерал ўғитлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга йўналтирилган қарийб 600 миллиард сўм эквивалентидаги лойиҳа учун 0,5 километр масофада автомобиль йўли барпо қилинади ва 1 километр узунликдаги сув қувури тортилади. Қамаши туманида эса хорижий инвесторлар иштирокидаги "Матанат" МЧЖ томонидан қурилишда ишлатиладиган қуруқ аралашмаларни ишлаб чиқариш лойиҳаси (қиймати 245 миллиард сўм эквивалентида) учун 4 километрлик газ қувури ва газ тақсимлаш пункти, 13 километрлик  электр энергияси тармоғи ва битта нимстанция, 2,1 километрлик сув қувури бунёд этилади.

Умуман олганда вилоятимиздаги шу каби 8 та йирик лойиҳани ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлашга 216 миллиард сўмдан ортиқ маблағ, жумладан, табиий газ тармоқлари ва қурилмаларига 40,7 миллиард сўм, электр энергияси тармоқлари ва қурилмаларига 160,9 миллиард сўм, йўл объектларига 5,2 миллиард сўм, сув таъминоти тизимларига 9,3 милиард сўм сарфланади. Бу эса умумий қиймати 2,7 триллион сўмга тенг йирик ишлаб чиқариш қувватларининг барқарор фаолият юритиши учун замин яратади.

Ҳужжатнинг яна бир иловасида турли захираларга эга (минерал тузлар ва шиша хом ашёсидан тортиб, лёссимон жинслар ва табиий пардозбоп тошларгача) 46 та ер қаъри участкаси рўйхати акс эттирилган. Қарор талабига кўра, бу   участкалар 2023 йилнинг I чораги якунига қадар аукцион савдоларига чиқарилиши зарур.

Ишсизлик даражаси юқори маҳаллаларда 21 та микромарказ очилади

Ҳар бир ҳудуднинг комплекс ривожланиши кўп жиҳатдан жойларда турли соҳаларда янги иш ўринлари яратилиши ва кичик саноат зоналари фаолияти йўлга қўйилиши билан ҳам боғлиқдир. Шу боис давлатимиз раҳбарининг қарори билан тасдиқланган ҳужжатлар тўпламидан 2023 йилда саноат, ҳунармандчилик, касаначилик, чорвачилик, савдо ва хизмат кўрсатиш йўналишларида микромарказлар ташкил этиладиган маҳаллалар рўйхати, 2023-2024 йилларда ташкил этиладиган кичик саноат зоналари ва уларни муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминлаш тадбирларининг манзилли дастурлари ҳам ўрин олган.

Мазкур ҳужжатларнинг биринчисида қайд этилишича, шу йилнинг сентябрь-декабрь ойларида вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларидаги 21 та маҳаллада юқорида қайд этилган йўналишларда микромарказлар пайдо бўлиб, уларга жами 59 та маҳалла бириктирилади. Масалан, Ғузор туманидаги Обод маҳалласида бўш турган 0,03 гектар ер майдонида шу йилнинг октябрь ойигача микромарказ барпо этилиши ва унга Обод, Чаноқ ва Тинчлик маҳаллалари бириктирилиши лозим. Шу тумандаги Пахтазор маҳалласида эса Пахтазор, Амир Темур ва Буюк Карвон маҳаллалари аҳли учун 0,04 гектар майдонда микромарказ қурилади. Бу эса ишсизлик даражаси юқори бўлган мазкур маҳаллаларда замонавий ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилишини жадаллаштириб, шу асосда доимий иш ўринлари ташкил этилишини таъминлаш ва аҳоли даромадларини ошириш имконини беради.

Эслатиш жоизки, микромарказлар маҳаллалар ёки маҳаллаларнинг туташ ҳудудларида бўш турган давлат мулки объектлари негизида ёки қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер майдонларида ташкил қилинади. Бунинг учун давлат мулки объектлари ва ер участкалари муайян шартлар асосида тадбиркорларга 5 йил муддатга ижарага берилади. Бу шартлардан бири микромарказда саноат, ҳунармандчилик, касаначилик фаолият йўналишлари бўйича камида 10 та, чорвачилик йўналиши бўйича эса камида 3 та иш ўрнини яратиш ва таъминлаб боришдан иборат.

Қарорга асосан 2023-2024 йилларда Деҳқонобод туманидаги Бешбулоқ, Қамаши туманидаги Манғит, Кўкдала туманидаги Олтин дала, Шаҳрисабз туманидаги Шаматон, Нишон туманидаги Нурчи, Қарши туманидаги Янгибоғ ва Кўчкак, Ғузор туманидаги Қоракўл маҳаллаларида янги кичик саноат зоналари ташкил этилади. Умумий майдони 33,6 гектарга тенг бу махсус ҳудудларнинг ери жами 208 та лотга бўлиниб, белгиланган тартибда сотувга чиқарилади. Мазкур кичик саноат зоналари учун 37,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига ичимлик ва оқова сув (17,4 километр, 8 та объект), табиий газ (12,7 километр) ва электр энергияси (29,8 километр ва 8 та объект) тармоқлари барпо этилиб, 9,3 километр узунликдаги автомобиль йўллари қурилади ва реконструкция қилинади.

Очиқ осмон остидаги музей учун 1,3 гектар ер ажратилади

Қарорга биноан вилоятимизда жойлашган давлат активларини сотишнинг алоҳида тартиби ҳам жорий этилиб, эксперимент тариқасида аукцион савдоларида 3 ойдан ортиқ муддат мобайнида сотилмасдан турган 72 та давлат активи уларнинг нархи белгиланган қийматнинг 50 фоизига қадар қадам-бақадам камайтирилган ҳолда савдога чиқарилади. Шу тарзда сотиладиган объектлар орасида, масалан, Ғузор туманидаги 4-сонли автосарой маъмурий биноси (умумий майдони - 2,45 гектар, бинолар майдони - 2 минг 278 квадрат метр), Қарши шаҳридаги Қарши ҳарбий комендатура биноси (2,38 гектар, 4 минг 588 квадрат метр), Нишон тумани Нуристон кўрғонидаги АЁҚШ (1,24 гектар, 248 квадрат метр) мавжуд. Бундан ташқари эксперимент тариқасида нархи 50 фоизгача арзонлаштирилган, бироқ бир йилдан ортиқ муддат мобайнида савдода турган 40 та давлат активининг аукцион савдоларида сотилган нархидан қатъи назар уларнинг харид тўловларини 3 йил муддатда тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашга ҳам рухсат берилади. Бундай давлат активлари рўйхатида, мисол учун, бир қатор корхоналар ("Ғузор 2532-автожамланма" МЧЖ, "Косон нефть-газ қидирув экспедицияси" МЧЖ, "Муборакнефтгазмонтаж" АЖ ва бошқалар)нинг давлат улушлари, Нишон туманидаги майда шохли моллар бурдоқичилик комплекси, Яккабоғ туманидаги қурилиши тугалланмаган 1000 тонна сиғимли мева-сабзавот сақлаш учун совутгични кўриш мумкин. 

Вилоятимизда жорий этилаётган алоҳида тартибга кўра, шунингдек, 2025 йил 1 январга кадар олти ой давомида аукцион савдоларида сотилмаган давлат активлари баҳоланган нархининг 50 фоизи микдорида пасайтирилган нархда савдога қўйилади.

Президент қарорига мувофиқ, ҳукумат ва вилоятимиз ҳокимлиги ҳамда бир қатор вазирликлар таклифига биноан воҳамиз туманларида кичик саноат зоналари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари ва бошқа саноат объектларини барпо этиш мақсадида жами 206 гектар, шундан 32,1 гектар қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган суғориладиган ерлар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказилмоқда. Масалан, Яккабоғ тумани Пахтакор маҳалласидаги 3,6 гектар суғориладиган, бонитети 56 баллга тенг ернинг тоифаси келажакда бу жойда савдо комплекси, мотель,   ресторан, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, автомобилларни ювиш, авария (эвакуатор) чақирув хизмати, автотураргоҳ ва бошқа объектлар қурилиши муносабати билан ўзгараётган бўлса, шу туманнинг Совуқбулоқ маҳалласидаги 1,3 гектар ерда (бонитети баҳоланмаган) очиқ осмон остидаги музей, Амир Темур давридаги қишлоқнинг этник кўриниши вужудга келади.

Фойдаланишга киритиладиган ерларнинг асосий қисмига анор экилади

Айни айтда вилоятимизда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари қисқариб кетишининг олдини олиш мақсадида фойдаланишдан чиқиб кетган жами 5 минг 439 гектар ер майдони 2023 йилда қайта фойдаланишга киритилади. Бунинг учун шу ерларда сув тежовчи технологиялар жорий қилиниб, лазерли текислаш тадбирлари амалга оширилиши белгиланди. Эътиборлиси, қайта фойдаланишга киритиладиган ерларнинг катта қисми (1 минг 620 гектари) Муборак тумани ҳиссасига тўғри келади.

Шу билан бир вақтда Ўрмон хўжалиги агентлиги ҳамда Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасидан вилоятимизнинг тегишли туманлари ҳокимликлари захирасига 20 минг гектар ер майдони ўтказилади. Бу ерлар ҳамда фойдаланишдан чиққан 10 минг гектар ер майдонларида 2023-2025 йилларда анор ва бошқа экинлар жойлаштирилади. Биргина Косон туманини оладиган бўлсак, у ерда жами фойдаланишга киритиладиган ер майдонлари 6 минг 922 гектарни ташкил этади, уларнинг асосий қисмига (4 минг 626 гектари)га анор, қолганига эса бодом (500 гектар), картошка (680 гектар), узум (1000 гектар) ва бошқа экинлар (116 гектар) жойлаштирилади.

2023 йилда фермер хўжаликлари ва кластерлар фойдаланишидаги пахта ва ғaллaдaн қисқартирилган ҳамда аҳоли пунктларига яқин ва сув таъминоти яхши бўлган 10 минг 530 гектар экин майдонлари аҳолига очиқ электрон танлов орқали ижарага берилади. Бу майдонларда қишлоқ хўжалиги экинлари "Бир ҳудуд - бир маҳсулот" тамойили асосида маҳаллаларнинг ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда экилади. Қишлоқ хўжалиги кооперативига аъзо бўлган ер эгаларига суғориш воситаларини харид қилиш, уруғликлар ва кўчатлар сотиб олиш учун субсидиялар ажратилади.

Президент талабига кўра, жорий йил давомида вилоятимизга Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида 1,1 триллион сўм ажратилиши керак.

Қарорнинг қабул қилиниши, шубҳасиз, воҳамизда бунёдкорлик кўламининг янада кенгайиб бориши учун мустаҳкам замин ҳозирлади. Зеро, юқорида келтирилган кўплаб фактлардан ташқари, унга мувофиқ жорий йил 1 июнга қадар Қарши шаҳри, Қамаши ва Шаҳрисабз туманларида юқори салоҳиятга эга ҳудудларнинг мастер-режалари ишлаб чиқилиши якунланиши ва улар асосида бўш ер майдонлари аукцион савдоларига чиқарилиши зарур.

Шу йил 1 мартга эса республика ҳукуматига Китоб ва Қарши туманларида "Янги Ўзбекистон" массивларини ташкил этиш бўйича таклифлар киритилиши, 1 сентябргача Кўкдала ва Ғузор туманларидаги 10 та кўп қаватли турар жой биноларини қуриш ишлари ниҳоясига етказилиши лозим.

Темур НИЗОМОВ тайёрлади.

 

Report typo