Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Лола ЎРОҚОВА.

06.03.2017


УКА

Ихтиёрсиз машинасини секинлатди, опасини уйига элтиб қўйгиси келди ва зимдан хотинига қаради.

Энсаси қотган жувон қошларини чимириб, қовоғини осиб олганди. Хотиннинг турқи масалани ҳал қилди: опасини элтиб қўйишга ҳадди сиғмади ва яна "Нексия"сини учириб кетди...

Хотиннинг зўри - эрнинг шўри.

БАРАКА

У ўзини чор тарафга уриб, қилмаган иши қолмади. Сартарошлигини ташлаб бозорга чиқди ва дўкондорлик қилди.

Пул санаб олишдай туюлган ишнинг остида ҳам заҳмат ётганини англагач, уялганидан чет элга кетди. Хўроз ҳамма ёқда бир хил қичқираркан. Сўнг новвойлик қилиб кўрди. Барибир бири икки бўлмади. Қаерга бош урса, боши ёрилиб, ғурра бўлиб чиқаверди.

От айланиб қозиғига келди:  у яна қўлига устарасини олиб, боригаям кўнди, йўғигаям. Қўним топган эди, ортидан баракаям топди.

Дарахт бир жойда  кўкаради-да.

САБОҚ

Оппоқ либосларга ўраниб, Ҳожи оналигини кўз-кўз қилган аёл бошқа аёлга сўз қотди:

- Қачон қарасам, ўчоқ бошида куймаланасиз. Болаларингиз гўрингизга кирармиди? Бундоқ ҳажга боришни ҳам ўйланг.

Аёл деди:

  - Ўттиз ёшда тул қолиб, бир этак сағирни катта қилганим, ўқитиб, одам қилганим, қизини чиқариб, ўғлини уйлантирганим ҳаж эмасми? Эсимни таниганимдан буён элнинг яхши-ёмон кунига яраганим, иккита нон топсам, бирини муҳтожга берганим ҳаж эмасми?

Ҳожи она тилини тишлади. У қишда қор бермайдиганлар хилидан эди.

ДАРЗ

Бошига мушкул иш тушиб, пул керак бўлиб қолди унга. Бегонага сир бермай, яқинларига дардини ёрди эшикларини қоқиб.

Акаси у ён бурилди, укаси бу ён. Опаси ундоқ деди, синглиси бундоқ. Йўғидан-ку йўндириб бўлмайди, бори ҳам қарз бермади, бергиси келмади. Ноумид қайтди...

Бегоналар қайишиб, мушкули  кушод бўлдию, аммо юрагига дарз кетди унинг.

Шундан хафа...

Лола ЎРОҚОВА.

Report typo