“Хазина” дея сарлавҳа қўйилган эртак қаҳрамони Бобур исмли болакай. У хазина топишни орзу қилади. Доимо шу ҳақида ўйлаб юради. Кунлардан бир куни пештоқига “Барча хазиналар калити бу - китоб” деб ёзилган бинони кўриб, севиниб кетади ва унга киради. Бу кутубхона эди, бола хазина калитини топар эканман, деган ўйда ҳар куни шу ерга қатнай бошлайди, 5-6 та китобни ўқиб чиқади. Лекин бу китобларда хазинанинг калити ҳақида ҳеч нима ёзилмаган эди. Шунда жаҳл билан чиқиб кетаётган Бобурга бир сеҳргар кампир ёрдам бермоқчи бўлади. Ундан ўрганган сеҳрли сўзларини айтган Бобур 40 қароқчи ўзига макон тутган Симсим ғорида, Аловуддиннинг сеҳрли чироғи ёнида, ҳатто фиръавнларнинг қадимий дахмалари ичида ҳам пайдо бўлади. Аммо бу хазиналарни қўлга кирита олмайди. Ҳафсаласи пир бўлган бола ўз замонасидаги хазина ёнида пайдо бўлишни сўраганида сеҳрли дуо уни яна ўша кутубхона олдига олиб келади. Бобур шундагина барча хазиналар калити китобда, тўғрироғи, ундан олинган билимда эканлигини англаб етади.
“Жазо” деб номланган яна бир эртакда эса атроф-муҳитга шафқатсизларча муносабатда бўлган 3 нафар ўқувчини Она табиат дарахтга айлантириб қўяди ва улар илгари ўзлари дарахтларнинг шохларини синдириб, танасига ҳар хил ёзувларни ўйиб ёзиб, уларга қанчалик озор берганларини тушуниб етадилар. Қолган эртакларни ҳам диққат ва азбаройи қизиқиш ортидан ўқиб чиқдим. Ва амин бўлдимки, булар болаликда биз ўқиган эртаклар сингари кишини яхшилик, эзгуликка чорлайди, ёмонликдан қайтаради. Бу эртаклар муаллифи – қамашилик ёш ижодкор, Қарши давлат университети хорижий тиллар филологияси факультети 3-курс талабаси Кибриё Холматова.
- Илк марта бадиий ижодга қизиқишим ўқувчилик йилларимда уйғонган, - дейди у. – Туманимиздаги 63-мактабда “Ёш қаламкашлар” тўгараги фаолият юритарди. Ёзган иншоларимга қараб, адабиёт ўқитувчимиз Олтин Ҳасанова мени шу тўгаракка қатнашишга ундаган. Дастлаб кўпчилик қатори мен ҳам шеърлар машқ қила бошладим. Эртак ёзишимга эса синглим Меҳригиё сабабчи бўлган. У ҳам кичкиналигида бошқа барча болалар сингари эртак тинглашни, мультфильм томоша қилишни яхши кўрарди. Лекин телевизордан бериладиган мультфильмларни бир марта кўргач, зерикар, ҳар куни янги эртак эшитгиси келарди. Унинг инжиқлигига чек қўйиш учун ўзим эртак тўқий бошладим. Синглимга сўзлаб беришдан аввал уни қоғозга туширдим. Ёзган эртакларим даставвал синглимни овутган бўлса, кейинроқ оиламиздагиларнинг эътиборига тушди. Ҳатто дадам “Мана бу ишинг бошқача бўлибди, эртак – халқ мулки. Демак, сенинг ёзганларингни ҳам одамлар ўқиши керак”, дея мени илҳомлантирди.
Кибриёнинг эртаклари дастлаб вилоятдаги босма нашрларда эълон қилинган бўлса, кейинроқ республика газеталарида ҳам чоп этилди. Бу эса ёш эртакчига бир олам завқ, янги куч-ғайрат, шижоат ва албатта, ўзига ишонч ҳиссини бахш этди. Эртаклари борган сари сайқалланиб, мукаммал кўриниш касб эта борди. Республика ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими қошида очилган “Ёшлик илҳомлари” тўгарагидаги машғулотлар унга бу борада катта ёрдам берди. Унинг жорий йил июль ойида ўтказилган “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остидаги ёш ижодкорларнинг республика анъанавий Зомин семинаридаги иштироки эса анчайин муваффақиятли кечди.
- Бу семинарда таниқли болалар ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев биз билан суҳбат ўтказди, - дейди Кибриё. – Бундан ўзим учун зарур бўлган кўп нарса олдим. Ростини айтсам, мен бу севимли адиб билан учрашишни болалигимдан бери орзу қилардим. Бунинг бир сабаби Худойберди Тўхтабоев асарларини катта қизиқиш билан ўқиганим. Яна бир сабаби эса шундаки, ёзувчидан мен орзу қилишни, ҳаётда катта-катта мақсадлар билан яшашни ўрганганман. Ўқувчилик йилларимда телевизорда адиб иштирок этган бир кўрсатувни томоша қилганман. Унда Худойберди Тўхтабоев қайта-қайта “Агар бир амаллаб ўқишга кириб олсам, кейин уни тугатиб олсам, бўлди, у ёғи бир гап бўлар, деб хаёл қилсангиз, ҳаётда ҳеч нарсага эришмайсиз. Қачонки, олдингизга катта мақсад қўйсангиз, қўрқмасдан улкан орзуларга берилсангиз, бу сизга куч беради – ҳамма истагингизга эришасиз”, дея таъкидлаганди.
Бу сўзларни қулоғига қуйиб, юрагига жойлаб олган Кибриёнинг бугунга қадар эришганлари кишининг ҳавасини келтиради. Мактабни тамомлаб, Қамаши педагогика коллежида таҳсил олди. Бир муддат тумандаги мактабда ишлади, болалар оламини яқиндан кузатди, ўрганди. Мактабда чет тилига ҳаваси баландлиги боис 2015 йилда Қарши давлат университетининг хорижий тиллар факультети немис тили йўналишига ҳужжат топширди ва тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, талабага айланди. Яқинда эса Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги “Ижод” хайрия фонди ҳомийлигида унинг эртаклар тўплами нашр қилинади.
- Факультетимиз қошида фаолият кўрсатаётган “Бадиий таржима” тўгараги аъзосиман, - дейди Кибриё Холматова. – Тўгарак раҳбари Шаҳноза Қувонованинг йўл-йўриқлари билан таржимонлик маҳоратимни ошириб бораяпман. Ака-ука Гриммлар қаламига мансуб 6 та эртакни немисчадан таржима қилдим ва уларнинг 4 таси яқинда “Соҳибқирон юлдузи” журналида босилди.
Бундан ташқари, Кибриё устози Ғулом Хўжаев раҳбарлигида “Немис ва ўзбек эртакларининг қиёсий таҳлили” мавзусидаги илмий иш устида ишлаяпти. Мақсади икки халқ ижодига мансуб эртакларнинг ўзаро яқин ва фарқли жиҳатларини чуқур ўрганиш. Келажакда эса немис тилини мукаммал ўрганиб, ҳар икки тилда баравар ижод қилишни кўнглига туккан.
* * *
Ёш умидли шоира Мўътабар Бойматованинг ижоди вилоятимиз адабий муҳитида яхши таниш. Косон туманининг Некўз қишлоғида яшайдиган бу қиз ҳам адабиётга, шеъриятга болалигидан меҳр қўйган. Ўзбекнинг номдор шоиру адиблари ижоди қаторида рус адабиёти билан ҳам яхши таниш бўлган Мўътабарнинг шеърларида бу жиҳат сезилиб туради. Бундан ташқари, бу шеърларда манзара тасвири, драматик руҳ ҳукмрон. Ҳозирга қадар Мўътабарнинг “Тун сеҳри”, “Руҳ садоси”, “Ҳаёт ёғдулари”, “Анжир гули” номли мўъжаз шеърий тўпламлари нашр этилди.
- Лекин бу китобларимни бирор танловда иштирок этиб, ўрин олиш ёки шуҳрат қозониш учун эмас, ўзим, устозларим учун ижодий ҳисобот тарзида тақдим этганман, - дейди Мўътабар. – Зеро, яхши ижодкор бўлиш учун китоблар сони эмас, сифати муҳим. Қолаверса, ҳар бир тўпламда қандайдир янгилик бўлиши кераклигини ҳис қиламан, шунга интиламан.
Дарҳақиқат, унинг китобчаларини варақлаб, шеърларини мутолаа қилсангиз, тўпламдан тўпламга ижодий ўсиш билан ўтганига амин бўласиз. Масалан, “Руҳ садоси”да Пушкин ҳақидаги кичик драматик достон, “Ҳаёт ёғдулари”да эса ўзбекнинг оташин шоираси Нодирабегим ҳақида ёзилган “Нодираи даврон” шеърий драмасини ўқийсиз. Кейинги тўплам эса “Анжир гули” деб номланган яна бир фалсафий йирик шеърий асар билан якунланган. Дарвоқе, Зомин семинаридаги иштироки Мўътабар Бойматова учун муваффақиятли кечди. Таниқли ижодкорлар, адабиётшунослар унинг келажакда умидли драматург бўлишига ишонч билдиришди.
- Драма жанри мени кўпдан ўзига тортади, - дейди Мўътабар. – Айниқса, шеърий драмаларни ўзгача қизиқиш билан ўқийман. Ўзимни таъсирлантирган бирор воқеа-ҳодисани шу усулда қоғозга тўкиш мен учун осонроқ. Масалан, Нодирабегим ҳаёти, аччиқ тақдири мени қаттиқ таъсирлантирган ва хаёлимда унинг сиймосини гавдалантирар эканман, шоира тимсолини оддийгина шеърда ёки насрда эмас, фақат шеърий драма тарзидагина ўзим истагандек тасвирлай олишим мумкинлигини ҳис қилдим.
Асарда Нодирабегим тимсоли драматик ҳолатларда тасвирланади, унинг аччиқ қисмати, ўша давр руҳига хос ранглар воситасида муаллиф бир ўзбек аёли, онанинг қалб изтиробларини, шоиранинг Ватан, салтанат мустаҳкамлиги учун чеккан заҳматларини ишонарли гавдалантирган. Зомин семинарида эса Мўътабар янги тарихий драматик асари билан иштирок этди.
- Драматургия йўналишида республика бўйича фақат 5 киши қатнашдик, - дейди у. – Мени илҳомлантирган жиҳат шу бўлдики, янги шеърий драмам таниқли адабиётшунос Шуҳрат Ризаев томонидан яхши баҳоланди. Унинг “Бу асар устида яна бироз ишланг, шунда уни саҳнага олиб чиқиш мумкин бўлади”, деган гаплари менда ўзимга нисбатан ишонч уйғотди ва янги куч бағишлади.
Мазкур шеърий драма Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг авлодлари – Шоҳжаҳон ҳамда унинг ўғиллари ҳақида экан. Ҳозирда Мўътабар асар устида ишлаяпти.
- Драмага Аврангзеб Оламгирнинг қизи – машҳур бобурий малика, шоира Зебуннисо образини киритдим, - дейди у. – Аммо бу образга бошқачароқ ёндашишга ҳаракат қилаяпман. Чунки шу пайтга қадар айрим асарларда Зебуннисо образига мазлума Шарқ аёли, отаси Аврангзеб зулми остида эзилган шоира сифатида қаралганини кўрамиз. Аслида эса у саройда ўз нуфузига эга бўлган, отасига эркин фикр билдира олган. Асарни якунлагач, яна ўйлаб қўйган мавзуларимдан бирида драма ёзиш ниятим бор. Келажакда эса шу жанрнинг устаси бўлиб етишишни мақсад қилганман.
Хуллас, бу ҳар иккала ёш ижодкорнинг олдига қўйган тугал мақсади борлиги ва шу мақсад йўлида изланаётгани қувонарли. Бу йўлда уларга омад ёр бўлсин, деймиз.
Хуршида АБДУЛЛАЕВА