Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Раҳматилло УСМОНОВ

20.02.2017


УЛУҒ ҚАДРИЯТ, МАЪНАВИЙ БУРЧ

Инсон хотираси билан азиз саналади, миллат эса хотираси ва тарихи билан улуғланади. Шу боис ҳам Президентимизнинг фармони билан 1999 йилда 9 май санаси “Хотира ва қадрлаш куни” деб эълон қилинди. Бу сана халқимиз - катта-кичик, ёшу қари, жамиятимизнинг барча аъзолари томонидан ўтганларни хотирлаш ва руҳини шод этиш, инсонни эъзозлаш, унга эҳтиром кўрсатиш каби фазилатларни улуғлайдиган, Ватан тинчлиги йўлида фидойилик кўрсатган, юрт тараққиётига ҳисса қўшаётган инсонларни қадрлаб, ўз миннатдорлигимизни изҳор этадиган кун сифатида ҳар йили кенг нишонлаб келинмоқда.

Шукурки, улуғ аждодларимиз орзу қилган буюк неъмат – Ватан озодлиги ва мустақиллигига эришиб нурли кунларда яшамоқдамиз. Ҳамма нарса инсон, унинг манфаатлари учун. Ана шу эзгу мақсад истиқлол йилларида ҳаётимизда мустаҳкам ўрин тутди, изчил ислоҳотларнинг, юртимиз мустақил тараққиёт йўлининг бош йўналиши сифатида ҳамюртларимиз турмушида ўз ифодасини топди. Зотан, бугун Ўзбекистон инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати улуғланадиган буюк мустақил давлатга айланди.

Хотира деганда, барчамиз қон-қонимиз, суяк-суягимизга сингиб кетган муқаддас туйғуни тушунамиз. Чиндан ҳам, ўтганларни хотирлаш, уларни ёд этиш халқимиз учун асрлар давомида эзгу анъана, одатга айланиб қолган. Инсон ҳар доим ўтмиш аждодларини, муҳтарам устозларини, азиз авлиёларни хотирлар экан, халқ ва жамият олдидаги бурч ва вазифалари масъулиятини яна бир бор ҳис этади, ўзидан яхши ном қолдириш ва эзгу ишларни қилишга шошилади, ўзгаларни ҳам шунга чорлайди. Президентимиз Ислом Каримовнинг шундай иборалари бор: “Юртнинг муқаддаслиги нима билан белгиланади? Бутун умрини иймон ва эътиқод, ватанпарварлик ва инсонпарварлик, поклик ва ҳалоллик, илм ва маърифат, адолат ва диёнат йўлида фидо этган зотларнинг мўътабар хоклари макон топган замингина муқаддасдир. Агар шундай инсонлар бўлмаса, улар даҳосининг нафаси сезилиб турмаса ҳар қандай замин оддий тупроқ бўлиб қолаверади”.

Пайғамбаримиз: “Дунёдан ўтиб кетганларнинг фақат яхши сифатларини ёд этинглар. Ёмон сифатларидан тилларингизни тийинглар”, деб марҳамат қилганлар (Абу Довуд ва Термизий ривояти). Зеро, ўтганларни эслаш ва улар ҳаққига истиғфор айтиш, қабрларини одоб билан зиёрат қилиш, уларни обод этиш, шу билан бирга, ўзимизнинг ўтиб кетган марҳум яқинларимизни доимо яхши сифатлар билан эслаш бизнинг бурчимиздир. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Хашр сураси 10-ояти каримасида шундай марҳамат қилади: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй, Роббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари иймон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Роббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!”

Ҳар бир мўъмин-мусулмон муборак зотларнинг, шунингдек, ўтган яқинларининг қабрларини зиёрат қилиб, савоб олишни умид қилади. Зеро, ўтганларни хотирлаш, уларнинг қабрларини зиёрат қилиш мустаҳаб, савобли амаллардандир. Бурайда (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деганлар: “Қабрларни зиёрат қилишни истаган киши зиёрат қилсин. Чунки қабр зиёрати бизга охиратни эслатади”.

Пайғамбар (с.а.в.) Бақиъ қабристонини ва Уҳуд тоғидаги қабрларни зиёрат қилиб, уларнинг ҳаққига дуо қилар ва айтар эдилар: “Сабр-тоқат қилиб ўтганларингиз сабабли сизларга тинчлик-осойишталик бўлғай. Охират диёри нақадар яхши”.

Ҳақиқатда қабрларни зиёрат қилиш қалбларни юмшатади, инсонга ўлимни ва охиратни эслатади, ғурур ва мақтанчоқликни тарк этишга сабаб бўлади ҳамда марҳумлар тирикларнинг дуо ва тиловатларидан фойда олади.

Ёши улуғ кексалар онгида йиллар сурури, яқин ўтмишнинг ёрқин хотираси мавжуд. Шу боис бўлса керак ёшлар тарбиясида, уларнинг маънавий баркамоллигида ота-боболаримиз ўгит ва насиҳатлари юксак маъно ва мазмун касб этади. Халқимизда “Қариси бор уйнинг париси бор”, “Қариси бор уйда барака бўлади”, деган ибратли, пурмаъно иборалар борлиги ҳам ўтмиши буюк, аждодларининг бой маънавий мероси билан ғурурланишга асосларимиз етарли бўлган миллат эканлигимиздан далолат беради. Бизнинг ота-боболаримиз суронли уруш майдонларида қандайдир номаълум тепаликни эгаллаш, унга байроқ ўрнатиш учун эмас, балки улар авваламбор ўз ота-онаси, болалари, севимли ёри учун, уларнинг келажаги ва тинч ҳаёти учун жон фидо қилган. Мана шундай фикр-ўйлар одамнинг кўнглидан ўтар экан, беомон жангларда қон тўккан, ҳалок бўлганларнинг бизларга – бугунги мусаффо осмон остида осуда ва тўқ яшаётганларга қаратилган умидлари бамисоли қандайдир садо бўлиб, қулоғимизда янграб турган бўлса, бу ҳам ҳақиқатдан узоқ эмас. Дарҳақиқат, ёшликнинг навқирон чоғларини уруш оловларида, жангоҳларда ўтказиб, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимиз учун курашган инсонлар жасорати беқиёсдир. Ана шу воқеалар кечган оғир кунлар ёди бугун нафақат уруш қатнашчилари, балки бутун авлодлар хотирасидан ҳали-ҳамон ўчгани йўқ. Шу ўринда муҳтарам Юртбошимизнинг “Фашизмга қарши курашда мардлик, жасорат ва қаҳрамонлик кўрсатган, жон фидо этган  юртдошларимизнинг хотираси абадий яшайди”, деган сўзларини келтиришни лозим топдим.

Шундай экан, ўтганлар руҳини ёд етиш, тирикларга меҳр-оқибат кўрсатиш улуғ қадрият, қолаверса, ҳар бир инсоннинг бурчи, вазифаси саналади.

Раҳматилло УСМОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби.

Report typo