Достон “...ёши олтмишни қоралаган, соқолига беҳишт оралаган, алдамчини, фирибгарни сўзи билан яралаган, айтган сўзи бир, кўзи ўткир, бўйи ўрта, мурти бурта, бургут қабоқ, шер юрак, қоплон билак, гавдаси кенгиш, мардга сўзи беҳишт, ёш ўрта эди, курак тиши болта эди, бунга ёмонлик қилганнинг умри калта эди. Ҳарбий қилич қўлида ўйнар, душманларни қийнар, овқатланса, эринмай чайнар эди... Зарбаси душманга етган, қиличини зарб билан урса, пўлатга тўрт энли ботган. Кимсан – Амир Темур бўлиб, номи жаҳонга тарқаб кетган” дея Соҳибқирон таърифи билан бошланади.
Тарихчи Фосиҳ Ҳавофийдан шу ёшигача қилган юришларини, жангу жадалларини, шодон онларию гоҳо фарзанд доғида куйган дамларини, буюк салтанатни барпо этишда чеккан заҳматларини тинглаб, қилган ишларини сарҳисоб этган Темур ўша куни уйқуда туш кўради. Тушида пири Баҳовуддин намоён бўлиб, у Гуржистонда қолган мусулмонларни озод этишга ишора қилади.
Достон воқеалари ривожи худди шу нуқтадан бошланади. Аммо юборилган элчилар гуржи ҳукмдори Буқротдан: “Мусулмонлар зиндонимдан чиқиши Темурхоннинг боши билан баробар”, деган жавобдан сўнг Темур қўшинлари сафарга отланади.
Темур гуржилардан мусулмонларни жангсиз озод этиб қайтаётганда Сангул исмли аёлнинг Боязиддан арз қилиб келиши, ўғли Давлатни топтириб беришни илтимос қилиши ва ниҳоят, Темурнинг Султон Аҳмад ва Қора Юсуф исмли икки навкари Румга – Боязид ҳузурига қочиб кетиши воқеалар ривожида бурилиш ясайди.
Сотқин навкарларни қайтаришни сўраб Амир Темур юборган элчиларни Боязид рад этади ва ҳатто Темурни ҳақоратлайди, жангга таклиф қилади. Шу тахлит Боязиднинг қайсарлиги боис икки ўртада жанг бошланиб, Боязид Темурдан очиқ, яккама-якка жангда мағлуб бўлади. Темур ғалаба билан ўзигача ўтган пайғамбарлару жаҳонгирлар ҳикмати жо бўлган “Тобути Сакина” сирларини билиб, аммо хоин Қора Юсуф томонидан ўлдирилган Султон Муҳаммад жасадини олиб изига қайтади.
Достонда Амир Темур, Султон Муҳаммад, ёш Улуғбек, Боязид, Боязиднинг ўғли Шабли, қизи Севинчбону, Сангул образлари ниҳоятда жозибали тарзда берилган. Айниқса, Соҳибқирон Темур ва у алоҳида меҳр, ихлос қўйган Султон Муҳаммад образлари жўшқин илҳом, самимий муҳаббат билан тасвирланади. Улуғ Соҳибқирон ўғли Жаҳонгирга кўрсата олмай қолган меҳр-муҳаббатини ундан қолган ёдгор – Султон Муҳаммадга бағишлайди. Бутун умидини унга боғлайди. Достон воқеалари давомида Темур ёши улғайган донишманд, кўп жангларни кўрган моҳир саркарда, қудратли давлат барпо этган улуғ ҳукмдор сифатида, асосийси, ўз халқи, юрти келажаги учун фидойи курашчи қиёфасида намоён бўлади.
У ўз фикрларини кўпроқ Султон Муҳаммадга айтади, ўзи эриша олмаган орзу-умидларга шу набираси эришувини ният қилади. Уни ўз тахтига ворис сифатида камолга етказа боради. Шу сабабли гоҳо: “Ул бошқа, тўл бошқа. Менинг бойликларим ва тожу тахтим кучи билан гирдикапалак бўлаётган фарзандлар ул эмас, тўлдир”, деб изтироб чекади. Соҳибқироннинг панд-насиҳатларида халқимизнинг ахлоқий қарашлари ўзининг тўлиқ аксини топган, бу ўгитлар комил инсонни вояга етказиш ҳақида:
Агар билсанг дунё ўтар бошма-бош,
Ғам тушганда кўздан оқар селоб ёш,
Онани ой билгин, отани Қуёш,
Отанг турган томнинг устига чиқма.
Ҳар инсон туғилиб пушмон бўлмасин,
Корига етсин-да эрта ўлмасин,
Сен учун бировнинг гули сўлмасин,
Ҳеч қачон зулмнинг устига чиқма.
Ҳар бир ҳаракатнинг вақти бўлади,
Сабрнинг олтиндан тахти бўлади,
Моҳир созанданинг сохти бўлади,
Ҳунарли бўлмасдан майдонга чиқма.
Бу пандномалар ҳаётнинг баланд-пастини, яхши-ёмонини бошдан кечирган, ўз авлоди, халқи, юрти келажаги учун қайғурувчи доно, зукко бобо сабоқларидир.
Айни дамда Темурнинг буюклиги шундаки, у ҳар қандай ишни бажариш, хусусан, жангга кириш, сафарга отланиш, йирикроқ иморат қуриш, муаммоли масалани ҳал этишга киришишдан аввал ўз амалдорлари, яқинларини тўплаб, кенгашади, ёшнинг ҳам, кексанинг ҳам таклифи, фикри, маслаҳатларини тинглаб, муҳокама юритади, чуқур мулоҳаза қилади. Зеро, Соҳибқироннинг: “Барча ишларимнинг тўққиз улушини кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улушини қилич билан бажо келтирдим”, деган иқрори достонда ўз аксини тўлиқ топган. Шу қатъий одатдан келиб чиқиб, Боязид билан жанг қилиш олдидан ҳам: “Кимда қандай фикр-мулоҳаза бор? Кенгашли тўй тарқамас, гапиринглар”, деганда ёш Мирзо Улуғбек ўз фикрини баён қилади. Аввал узр сўраб, бобонинг, ҳукмдорнинг ҳурматини жойига қўйган ва сўзга рухсат олган Улуғбек:
Мардлар билан номардларнинг
фарқи бор,
Буғдой билан нўхатакнинг
нархи бор,
Золимликнинг бир кун
бўлар сўрови,
Улуғбекнинг сўзламоққа турқи бор,
дея гап бошлар экан, унинг гапларидан ақл-идроки, фаҳм-фаросати, диди, кишиларга муносабати, иззат-икроми аён бўлади. Ёш бўлишига қарамай, яхши-ёмонни, дўст-душманни, мард-номардни тўғри ажратади. Унинг ёш тасаввурида ҳам биринчи бўлиб уруш очганлар лаънатга лойиқ.
Кўпкарида толмас отнинг жарови,
Заҳар бўлар тираманинг қирови,
Биринчи бўб бошламайлик қиёмат,
Ҳар нарсанинг бир кун бўлар сўрови.
Бахши маҳорати шундаки, барча персонажлар каби Улуғбек сўзларини ҳам халқона, маънодор, бадиий мукаммал тарзда бера олган. Боязиднинг ўшқириб келиши билан, жаладан сўнг дарёнинг ўшқириб оқиши, бойловдаги от (ёхуд ҳўкиз) пишқириши билан ўлжа илинжидаги йигитлар пишқиришини қиёсласак, кўз олдимизга келтирсак, достончи санъаткорлигини англаш қийин бўлмайди. Дарвоқе, дарё ҳамиша ўшқириб оқмайди. Селга тўлиб ўшқириб оқдими, демак, фалокат, вайронагарчилик келтиради. Боязид ҳам ўшқириб келган экан, у ҳам офат, балойи азим. Бу балони, офатни қайтариш керак. Аммо келгуси авлодлар лаънатлайдиган тарзда эмас, олқишлайдиган, шарафлайдиган тарзда. Тарихда шарафланишини хоҳловчилар эса мард бўлиши, дастлаб қилич кўтармаслиги лозим.
Улуғбекнинг фикрларини теран англаган бобо, улуғ набирасидан ҳақли тарзда ғурурланиб: “Офарин! Гуноҳ ишдан жирканиб, эл-улуснинг тинчлигини ўйлаб, менга айтган бу ҳақиқат сўзларинг доно инсон тафаккурининг мевасидир. Шукурким, фарзандларим, набираларим жоҳил эмас, балки фозилу комил бўлиб етишмоқда экан”, деган сўзларни айтади.
Дарвоқе, қобил фарзанд, ақлли набиралар билан фахрланиш, уларнинг эзгу ишларидан қувониш ҳар бир одамга хос хусусият. Айни дамда халқимизда энг оғир кулфат фарзанд доғини, набира ғамини тортишдир. Темур бу ҳақда “Ҳар инсон туғилиб пушаймон бўлмасин, корига етсин-да асло ўлмасин”, деб Султон Муҳаммадга ният қилганда, яна бир оғир жудоликка учрашини билмасди. Сотқин Қора Юсуф хиёнати туфайли меҳр қўйган, валиаҳд бўлади, деб алоҳида ихлос билан тарбиялаётган Султон Муҳаммад ҳалок бўлади. Бу оғир йўқотиш не бир жангларни кўрган Амир Темурдек жаҳонгирнинг ҳам қаддини дол этиб, кўздан селоб ёшини тўкади. У нечоғлик буюк, иродали бўлмасин, Яратган парвардигордан нажот тилаб қаттиқ изтироб чекади:
Олдин келганларни олдин олсанг-чи,
Бу савдони, худо менга солсанг-чи,
Раҳм айлаб,
шунқоримни қайтаргин,
Нима қилсанг, майли,
мени қилсанг-чи...
Бу дардли мисраларда нафақат Темур қайғуси, кулфати бор, балки туркий оталарга хос руҳият мужассам.
“Темур ва Боязид” достонида афсонавийлик ва тарихийлик чатишиб кетган. Бахши Амир Темур ҳақидаги тарихий манбалардаги далилларни ўқиб-ўрганган. Бу фольклорга хос макон ва замоннинг ноаниқлиги анъанасидан чекинишга имкон яратади. Асарда фақат иштирок этувчилар реал шахслар бўлиб қолмай, воқеалар ривожи, юз берган вақти ҳам тарихий далилларга мос келади. Темур, Султон Муҳаммад, Улуғбек, Боязид, Қора Юсуф, Султон Аҳмад сингари тарихий шахслар воқеалар марказида турган ҳолда сюжет ривожининг асосини ташкил этса-да, бу образларнинг у ёхуд бу хислатларини ёритишда Сангул, Давлат, Севинчбону, Шабли сингари тўқима ёхуд прототипга эга персонажларнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Реал тарихий воқеалар, шахслар ва тўқималардан бадиийлик талаби билан асар юзага келган.
ХХ асрда яратилган замонавий тарихий достонлардан “Темур ва Боязид” тубдан фарқланиб, у фақат ўтмишдаги воқеаларнинг шарҳидан иборат бўлиб қолмаган. Балки унинг юзага келишида узоқ асрлик ўзбек достончилиги анъанасига амал қилинган. Халқ эпосидаги насрий ва назмий ўринларнинг алмашиниб келишигина эмас, воқеа (сюжети) қизиқарлилиги, композициянинг яхлитлиги билан бирга эпик ўринлардан, тайёр мисралардан, қаҳрамонлик ва ишқий романларга хос романтик кўтаринкиликдан ўринли фойдаланилган.
Хуллас, Амир Темур ҳақидаги “Темур ва Боязид” достони тарихимизни мукаммал билишга, буюк аждодларимизнинг яратувчи ва бунёдкор тафаккурини англаш, ўз қаҳрамонига бўлган муҳаббатини ҳис этишга хизмат қилади.
P/S: Мазкур достонга қизиқиш юқори, бадиий-тарихий асар сифатидаги салмоғи улкан бўла туриб айни дамда уни мусиқа ноталари билан тайёрлашга киришилган бўлса-да, достонни китоб ҳолида нашр этишга рағбат йўқлиги, ҳатто халқаро Амир Темур жамғармаси ҳам бу қутлуғ ва савоб ишга бефарқ эканлиги узоқ йиллик армондир.
Абдиолим ЭРГАШЕВ, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, Фольклоршунос