Шаҳрисабз туманида фаолиятини шу йили бошлаган “Шаҳрисабз мева-сабзавот” МЧЖ агрофирмаси ҳам асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хорижга экспорт қилиш билан шуғулланмоқда. Мазкур тадбиркорлик субъекти жорий йил ҳисобидан чет эллик ҳамкорлар билан қиймати 5 миллион долларликдан кўпроқ маҳсулот олди-сотдисини амалга ошириш бўйича аниқ келишувларга эга. Хусусан, бир неча турдаги мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини Россия ва Қозоғистон мамлакатларига жўнатиш кўзда тутилган.
- Айни вақтга қадар хорижлик ҳамкорларимизга қарийб 80 минг долларлик маҳсулот етказиб беришга муваффақ бўлдик, - дейди агрофирма раҳбари Саиджон Шокиров. – Тез орада 60 тоннага яқин хурмо ва узум юклаб, жўнатамиз. Шунингдек, Россияга ёнғоқ, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистон каби мамлакатларга мошни экспортга йўналтириш режамизда бор. Аҳамиятлиси, бироз аввал корхонамизда мева қуритишни йўлга қўйдик. Пишиқчилик мавсумида териб олинган катта миқдордаги олма ва олхўрини табиий усулда қуритдик. Уларни саралаб қутиларга жойлаяпмиз. Ушбу маҳсулотларга ҳам аллақачон талабгор топилган. Яна бир жиҳати, яқинда Россиянинг Уфа шаҳрида савдо уйимизни очдик. Эндиликда ушбу мамлакатдаги ички бозорни яхшироқ ўрганиш, маҳсулотларимиздан намуналар тақдим этиш, шу орқали потенциал харидорларни кўпайтириш имкони пайдо бўлди. Айтиш жоизки, зарур маҳсулотларни маҳаллий ишлаб чиқарувчилар - фермер хўжаликлари ва аҳолидан сотиб олаяпмиз.
Саиджон Шокировнинг сўзларига кўра, келгусида корхонага Хитойдан мевани қуритиш линияси, совутиш камераси ва пластмасса қути ишлаб чиқариш ускунаси олиб келиш мақсад қилинган. Бунга қарийб 500 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтирилади. Лойиҳа ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилса, қўшимча 15 кишининг иш билан бандлиги таъминланишига замин ҳозирланади.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ
* * *
Суратларда: қуритилган мевани саралаш ва қадоқлаш жараёнидан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.