Муаммо, мулоҳаза, муносабат
2018 йилнинг декабрь ойи. Президент Шавкат Мирзиёев вилоятимизга ташрифи давомида Муборак туманида ҳам бўлиб, "Муборак иссиқлик электр маркази" АЖ атрофидаги ташландиқ ҳудудда барпо этилган 2 гектарлик иссиқхона фаолияти билан танишган эди.
Ушбу лойиҳанинг самарали томони шундан иборатки, иссиқхона "Муборак иссиқлик электр маркази"да ҳосил бўладиган иссиқ сув орқали қиздирилади. Электр маркази учун совуқ сув керак. Шу боис иссиқхонада бу сув айлантирилиб, совугач қувурлар орқали иссиқлик корхонасига қайтарилади. Бундан иккала томон ҳам ютади.
Айни пайтда ҳудудда бу каби иссиқхоналар сони ва майдони йилдан-йилга кенгайиб, эртачи ва кечки сабзавотлар ва цитрусли мевалар етиштириш кўлами ортиб бормоқда. Қолаверса, Муборак тажрибаси мана шу каби иссиқлик ёки электр энергияси ишлаб чиқарувчи йирик корхоналар яқинидаги бўш жойларда иссиқхоналар ташкил этиш тадбиркор учун ҳам, ташкилот учун ҳам манфаатли бўлишини кўрсатиб берди.
Бу жиҳатга Президентнинг 2018 йил 20 ноябрда қабул қилинган тегишли қарорида ҳам эътибор қаратилган бўлиб, унда масъулларга ёқилғи ёқиш йўли билан иссиқлик ёки электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналар (биринчи навбатда давлат улуши 51 фоиз ва ундан юқори бўлган), муассасалар ва ташкилотларга туташ ҳудудларда замонавий иссиқхона комплекслари жойлаштирилиши бўйича бир қатор топшириқлар берилган эди.
Эътиборга молик жиҳати, худди шундай ташаббусга Ғузор туманида 2014 йилдаёқ қўл урилган эди. Яъни, туман ҳокимлиги ҳамда "Шўртаннефтгаз" МЧЖ (ҳозирги Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси) келишувига кўра, туманнинг Қоракўл маҳалла фуқаролар йиғини Шўртан қўрғони ҳудудидаги бўш ётган ерлардан аҳолига иссиқхона комплексларини барпо этиш учун ер ажратиб берила бошланган. Боиси, бу ерда зарур муҳандислик-коммуникация тармоқлари, электр энергияси, сув ва ҳаттоки иссиқлик манбалари ҳам мавжуд. Тадбиркор иссиқхонани қуриб, ишга туширса бўлгани, кейин "Шўртаннефтгаз" МЧЖ билан белгиланган тартибда шартнома тузиб, корхона учун олиб келинган электр энергияси, сув ва иссиқлик манбаларидан унга сираям зарар етказмасдан фойдаланаверади.
Лойиҳага биринчилардан бўлиб туманнинг Обод маҳалласида яшовчи Фахриддин Худойқулов ҳамда турмуш ўртоғи Насиба Тўраева қизиқиш билдирган. Туман ҳокимининг қарори билан уларнинг ҳар бирига "Шўртаннефтгаз" МЧЖ ҳудудидаги фойдаланилмай ётган ер майдонидан бир гектардан, жами икки гектар ер иссиқхона қуриш учун ажратиб берилган.
Шундан сўнг оила аъзолари "Эталон нур" ҳамда "Ғузор авангард" деҳқон хўжаликларини ташкил этиб, тижорат банкидан 100 минг АҚШ доллари миқдорида кредит олган ва йирик иссиқхона комплексини қуриб, ишга туширган.
Иссиқхонага дастлабки икки йил давомида "Шўртаннефтгаз" МЧЖ томонидан электр энергияси, сув ҳамда иссиқлик манбаи етказиб бериб турилган. Тадбиркор буларнинг ҳар бири учун алоҳида ҳисоблагичлар ўрнатган ва ўзи фойдаланган ресурслар учун тўловни ўртадаги шартномага мувофиқ ўз вақтида, тийинма-тийин "Шўртаннефтгаз" МЧЖга тўлаб борган. Чунки тадбиркор ишни яхши йўлга қўйиб олган, иссиқхонадан кутилганидек даромад кела бошлаганди.
- Дастлабки йилнинг ўзидаёқ 20 нафар кишини иш билан таъминладик, - дейди "Эталон нур" деҳқон хўжалиги раҳбари Насиба Тўраева. - Ҳар мавсум тонна-тонна сара помидор ва бодринг етиштириб, ички бозорга етказиб бера бошладик. Даромад салмоғи ҳам кам эмас, олган кредитимизни ўз муддатида тўлаб бораётган эдик. Аммо...
Ишлар тобора ривожланиб бораётган бир пайтда "Шўртаннефтгаз" МЧЖ тузилмасида, раҳбариятида бўлган ўзгаришлар тадбиркорни ҳам муаммолар гирдобида қолдирди. Янги раҳбарият унинг ишларига кўпам хайрихоҳлик билдирмади. Иссиқхонанинг электр энергияси, сув ва иссиқликдан фойдаланишида узилишлар рўй бера бошлади.
- 2017 йилда ҳам миллионлаб маблағ сарфлаб, помидор кўчатларини экиб, парваришлашга киришдик, - дейди "Ғузор авангард" деҳқон хўжалиги раҳбари Фахриддин Худойқулов. - Аммо кўчатларимиз ҳосил тугиб, пишишига саноқли кунлар қолганда барча таъминотдан узиб қўйилдик. Натижада экинларимиз бутунлай қовжираб қолди. Жуда катта зарар кўрдик. Ишчиларимизга маош бера олмадик, шу йили кредитнинг бир қисмини уйдаги мол-ҳолни сотиб тўладик. Ўтган йилдан бошлаб эса корхона биз билан шартнома тузишдан батамом бош тортмоқда. Иссиқхонадан икки йил фойдаланган вақтимизда кредитнинг 26 минг АҚШ долларини тўлаган эдик, мана энди тўлашга пулимиз ҳам йўқ, елкамизда эса 74 минг АҚШ доллари миқдорида қарз бор.
Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси ҳамда унинг юқори ташкилотлари эса тадбиркорнинг зарур ресурслардан узиб қўйилишини турли важлар билан асосламоқда.
Жумладан, тадбиркорнинг мурожаатига 2019 йилнинг 5 ноябрь куни бошқарма бошлиғи ўринбосари И.Астанов имзоси билан йўлланган жавоб хатида корхонага "Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари" АЖ томонидан фақат ўз эҳтиёжи учун ажратилган электр энергияси берилиши, қолаверса, техник сув, иссиқлик ва газ таъминоти ҳам шу тартибда берилиши айтилади.
Худди шу санада "Ўзбекнефтгаз" АЖ бошқарув раиси Б.Сиддиқов томонидан йўлланган жавоб хатида ҳам "Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида модернизация ва кенгайтириш ишлари олиб борилаётганлиги натижасида энергия ресурсларига бўлган эҳтиёж кескин ошиши кўзда тутилганлиги сабабли сизлар томонингиздан ташкил этилган иссиқхоналарни энергия ресурлари билан таъминлаш имкони мавжуд эмаслигини билдирамиз" дейилади.
Тадбиркорнинг ижтимоий тармоқлар орқали қилган мурожаатига "Ўзбекнефтгаз" АЖ ахборот хизмати томонидан берилган муносабат эса қуйидагича:
"Фуқаро Худойқулов Фахриддин 2012-2014 йилларда "Шўртан" УШКда бош муҳандис лавозимида ишлаган вақтларида, лавозим ваколатидан фойдаланиб, 2014 йилнинг апрель ойида Ғузор тумани ҳокимининг №Х-377/04 сонли ва №Х-377/05 сонли қарорлари чиқарилишига эришиб, "Шўртаннефтгаз" тоифаланган объект бўлишига қарамасдан, объектга яқин атрофдан 1,83 гектар ер майдонга иссиқхона қурган".
Энди айрим мулоҳазаларга, муаммони ўрганиш жараёнида ўзимиз гувоҳ бўлган ҳолатларга тўхталиб ўтсак.
Биринчидан, тадбиркор Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг электр энергиясига текин шерик бўлмоқчи эмас. У фақат Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси учун тортиб келинган тармоққа уланиб, ўзи ишлатган электр энергиясининг пулини тўлаб фойдаланмоқчи. Бу борада бошқарма тармоққа уланишига рухсат берса бўлгани. Ваҳоланки, ушбу тармоқдан ҳудуддаги бошқа бир қатор субъектлар фойдаланмоқда, фақатгина "Эталон нур" ҳамда "Ғузор авангард" деҳқон хўжаликларигина ундан негадир ажратиб қўйилган, холос.
Иккинчидан, бугунги кунда Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига иссиқлик манбаини "Махсус энерго газ" корхонаси етказиб беради. Тадбиркорнинг таъкидлашича, ушбу корхона деҳқон хўжаликларининг иссиқлик манбаидан фойдаланишига қарши эмас. Бунинг учун, уч томонлама (тадбиркор, "Махсус энерго газ" ҳамда Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси ўртасида) шартнома тузиб, унда белгиланган талаблар асосида иссиқлик олиши мумкинлигини айтмоқда. Бироқ, учинчи томон шартнома тузишни истамаяпти.
Учинчидан, тадбиркорнинг иссиқхона хўжалигида томчилатиб суғориш тизимлари ўрнатилган ва у катта миқдорда сув сарфи талаб қилмайди. Қолаверса, у алоҳида ҳисоблагич ўрнатган ва сарфлаган ҳар қатра сувнинг пулини тўлаб фойдаланади. Шўртан НГҚЧБ эса "Йўқ, сув фақат ўзимизгагина етади" деб, тадбиркорни тармоқдан ажратиб қўйган. Аммо биз ҳолатни ўрганиш жараёнида кузатиб, тасвирга олдикки, ушбу корхонага борган қувурнинг айрим жойлари тешилиб, сув бекорга ҳам оқиб ётибди.
Тўртинчидан, "Ўзбекнефтгаз" АЖ ахборот хизмати муносабат ёзишда анчагина ҳиссиётга берилган кўринади. Боиси, туман ҳокими ёш бола эмаски, фуқаро ўзининг қаердадир ишлаётганидан фойдаланиб, унинг ноқонуний қарорини чиқаришига эришиб олса. Қолаверса, бу ҳудуддан иссиқхона қуриш учун ер фақатгина Фахриддин Худойқулов ҳамда Насиба Тўраевага ажратиб берилмаган. Яна йигирмага яқин фуқаро худди шу тартибда ер олишган. Фақат уларнинг "ютуғи" - иссиқхонани ўз вақтида қурмагани. Бугун эса "Эталон нур" ҳамда "Ғузор авангард" деҳқон хўжаликлари қандай муаммоларга дуч келганини кўриб, ҳеч бири ишни бошлашга шошилмай туришибди.
Кўринадики, бу ўринда бир қатор очиқ қолаётган саволлар мавжуд: хўш, нега ҳудуддаги аҳоли, қолаверса, яна бир қатор тадбиркорлар фойдаланаётган электр манбаидан фақатгина "Эталон нур" ҳамда "Ғузор авангард" деҳқон хўжаликлари ажратиб қўйилаяпти-ю, корхона раҳбарияти буни энергия тармоқларга бўлган эҳтиёж ўзларида ҳам ошгани билан изоҳламоқда? Иссиқхонанинг шартнома асосида Шўртан НГҚЧБ учун келган тармоқларга уланиши корхона фаолиятига қанчалик салбий таъсир ўтказади?
Биз бу борада аниқ саволлар билан Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси бошлиғига хат орқали мурожаат этдик. Аммо бир ойдан ошиқ вақт ўтди ҳамки, тадбиркорнинг мурожаати, унинг ОАВ орқали чиқишларига умумий муносабатлар билдириш билан чекланаётган корхона раҳбариятидан аниқ-тиниқ қўйилган саволларга асосли жавоб бўлмади.
Тадбиркор оила вакиллари эса ҳамон жонсарак. Зиммасида ҳали олган кредитларининг 70 минг АҚШ доллардан ошиқ қисми турибди. Ҳар йили фойдаланилмаётган иссиқхона учун йигирма миллион сўмдан ошиқ ер ва мулк солиғи тўлашига тўғри келаяпти. Уларнинг турли идоралар, масъул ташкилотларга ёрдам сўраб қилган мурожаатларидан эса нажот бўлмаяпти.
Айни пайтда тадбиркор истаётган нарса - ҳеч бўлмаганда электр энергияси ва сув таъминотига уланиш. Ҳолатга астойдил ёндашилса, уни ҳал этиш қийин ишмас. Ахир тадбиркорнинг бир пайтлар туман ҳокимлиги ҳамда ҳозирги Шўртан НГҚЧБ ўртасида келишилган лойиҳага бош қўшгани, тадбиркорлик қилиб, ҳам ўз оиласи фаровонлигини таъминламоқчи, ҳам элга, юртга нафи тегишини истагани айб эмас-ку. Ёки у бир пайтлар ҳокимлик ҳамда корхона ўртасида "ура-ура" билан бошланган, бугун эса кимгадир "хуш келмай қолган" лойиҳанинг қурбони бўлиб қолаверадими?
Ўйлаймизки, масъул ташкилотлар бунга эътибор қаратади ва тадбиркорни қийнаётган бу жиддий муаммо мукаммал ечим топади.
Ж.БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.