Одатда ширинлик билан ёш болани алдашади. Бу сафар катталар чув тушиб қолишди.
Қарши шаҳридаги Хўжахиёл маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи И.У. 2020 йил июнь ойида ўз ҳамшаҳарлари – А.Н., И.С. ва Ж.Н.га савдо соҳасида ишлашини айтиб, уларнинг ишончига киради. Албатта, тижорат кўчасига қадам қўйиш, ҳалол пул топиб, даромад қилишнинг ёмон томони йўқ. Шунинг учун “Ҳар хил турдаги ширинликларни арзон нархда олиб келиб бераман”, деган сўзларга ишонган кишилар 23 миллион 879 минг сўмни бериб юборишади. Аммо орадан вақт ўтса-да, на ширинликдан, на пулдан дарак бўлади.
И.У. эса ваъда қилинган маҳсулотни эгаларига етказиш ўрнига қўлга киритилган пулни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.
Натижада ҳали бошланмаган “ширин” бизнесдан оғзи куйган кишилар шу йилнинг 4 июль куни Қарши шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 4-сонли ички ишлар бўлимига мурожаат қилишади.
Ички ишлар вазирлигининг “Постда” нашри ёзишича, мазкур ҳолат юзасидан И.У.га нисбатан жиноят иши қўзғатилган.