Ҳозир айрим ёшларимизга вақтни беҳуда сарфламаслик тўғрисида гап очсангиз фикрингизни маъқулламайдиганлари ҳам топилади. Ўйлаб қоласиз, балки айни шу ёшлар ҳам йиллар ўтиб, ҳавога совурилган вақтию имконига ачинар.
Хўш, сўнгги пушаймон ўзингга душман бўлмаслиги учун нималарга аҳамият бериш лозим?
Ёшликдан мақсадни аниқ қўйиш ва унга ақл, билим ва тинимсиз ҳаракат билан интилиш. Бу ҳаётда инсон учун энг муҳими яшашдан мақсад нима эканлигини аниқлаштириш ва мақсадга эришиш учун аниқ режа ишлаб чиқиш. Ўзингизга савол беринг: сиз нимани хоҳлайсиз, нимани орзу қиласиз, келажакда ўз ўрнингизни қаерда кўрасиз? Айни шу йўлда сизга мутлақо кераксиз бўлган ишлар билан машғул бўлишдан сақланинг. Зеро, ўтаётган вақт умр дея аталмиш бинонинг бир ғишти.
Касбингизни тўғри танланг ва унинг сир-асрорларини бошқалардан кўра кўпроқ ўрганинг. Инсоннинг танлаган касби унга бир умр ҳамроҳлик қилади, моддий эҳтиёжларини қондиради ва ҳаётига мазмун бағишлайди. Танлаган касбингиз бўйича билим, малака ва кўникмаларни бошқалардан кўра яхшироқ эгалланг. Шунда сиз ҳамкасбларингиз ва халқ ўртасида обрў-эътибор топасиз.
Замонавий компьютер ва ахборот технологиялардан самарали фойдаланиш. Компьютер ва телефондан фақат билимингизни ошириш, хорижий тилларни ўрганиш, ишингизни осонлаштириш, сўнгги ва тезкор ахборотларга эга бўлиш йўлида мақсадли ва самарали фойдаланишга одатланинг. Компьютер ва телефондаги ўйинлар, интернетдаги айрим ижтимоий сайтлар, кинофильмларни кўришга қимматли ва қайтарилмас умрни сарфламанг!
Хорижий тилларни ўрганиш. Ёшликда хорижий тилларни ўрганиш осон кечади, шунинг учун вақтдан унумли фойдаланиб тил ўрганиш мақсадга мувофиқдир. Қолаверса, халқимизда “Тил билган – эл билади”, деган нақл бор. Бугун оммавий ахборот воситалари, жумладан, интернет тармоғидаги маълумотлар, материаллар, бадиий ва илмий адабиётларнинг асл варианти билан танишиш имконияти кенг.
Иш жойингизни тўғри танлаш. Инсон умрининг аксарият қисми ишхонада ўтади. Шунча вақтни ўзингиз ёқтирмаган машғулотга сарфлаб, бирор натижага эришиб бўлмайди. Сизга айнан қайси жойда ишлаш ёқади, ўйлаб кўринг ва ўша ишда ишлашга ҳаракат қилинг. Шунда сиз ҳар куни эрталаб уйдан ишга иштиёқ билан боришга шошиласиз, уйга эса яхши кайфиятда қайтасиз. Ҳаётга нисбатан қизиқишингиз ортади.
Яқинларингиз қадрига етиш. Бу ҳаётда ҳеч ким абадий умр соҳиби эмас ва бунинг имкони ҳам йўқ. Лекин яқинларимиз, айниқса, ота-онамиз доим биз билан бирга бўладигандек туюлади. Минг афсуски, бундай эмас. Шунинг учун яқинларингизга ва аввало ота-онангизга уларни яхши кўришингизни тез-тез айтиб туринг. Қачондир шундай пайтлар келадики, буни хоҳласангиз ҳам айта олмайсиз. Уларнинг ҳолидан хабар олишни зинҳор ортга сурманг. Ёши кексаларнинг дуосини олинг, тажрибалари билан ўртоқлашинг. Зеро, мазмунли кечган умр соҳиби – ҳаётни, яшашни ўргатувчи энг яхши мураббий ҳамдир.
Бўш вақтни китоб мутолаасига бағишлаш. Бу иш сиз учун одат тусини олсин. Китоб сизга маънавий озуқа беради, тафаккурингизни чархлайди. Шу аснода дунёқарашингиз кенгаяди. Атрофингизда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга теран муносабатда бўла бошлайсиз. Дўст ва яқинларингиз учун сиз билан мулоқотда бўлиш қизиқарли бўлади.
Мунтазам жисмоний фаоллик соғлиқ гарови эканлигини унутманг. Зеро, мустаҳкам соғлик ривожланиш пойдевори. Чунки, соғлом киши ўқишида, ишида ва шахсий ҳаётида тез муваффақиятларга эришади, ўзи, яқинлари ва жамият учун фойдаси кўпроқ тегади. Соғлик эса мунтазам равишда жисмоний фаоллик орқали сақланади. Шунингдек, жисмоний фаоллик ўз-ўзидан кайфиятингизни яхшилайди. Яхши кайфиятда бажарилган ишнинг натижаси ҳам яхши бўлади.
Ёшликданоқ ишбилармон ва тадбиркор бўлишга одатланиш. Ёшликданоқ ҳалол пул топишга ва жамғаришга одатланинг, ўз шахсий бизнесингизни йўлга қўйиш ҳақида ўйланг. Ҳозирда ҳукуматимиз томонидан кичик бизнес ва тадбиркорлик ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Бу имкониятдан албатта фойдаланинг. Бизнес учун дастлабки қадамни ташлашдан қўрқманг.
Доимий равишда ўз-ўзингизни назорат қилиб боришга одатланиш. Ҳаётда тўғри йўлдан кетаётганингизни, олдингизга қўйган мақсадларингизга эришаётган ёки эришмаётганингизни назорат қилиб боринг. Ўзингизга берган “Мен тўғри йўлдан кетаяпманми?” деган саволингизга тасдиқ жавоби қайтишини режалаштиринг. Ҳаётингиз давомида эришмоқчи бўлган орзу-истакларингизнинг рўйхатини тузиб олинг ва қайси бирига эришсангиз кўринарли тарзда белгилаб боринг. Шунда ўзингизни назорат қилиб бориш имкони туғилади ҳамда бу ҳаётда жуда ҳам омадсиз инсон эмаслигингизни ҳис этишингизга ёрдам беради.
Хулоса шуки, бизга берилган қисқа умрни мазмунли ва самарали ўтказишимиз фақат ўзимизга боғлиқ. Аввало, бахтли яшашни инсоннинг ўзи хоҳлаши зарур, сўнгра шу истакни ҳаётий мақсадга айлантириш лозим. Агар инсон ҳаётида бирор тўсиққа учраб “йиқилса”, тезда ўзини ўнглаб олиши, янада тезроқ, аниқроқ ва тинимсиз ҳаракат қилиш билан муаммога ечим топиши зарур. Шундагина ўтган умр ва вақт бесамар кетмайди.
Равшан ЧОРШАНБИЕВ