Адиб 1928 йилда Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида дунёга келган. Ёзувчининг кўпгина асарларида Иккинчи жаҳон уруши йиллари грузин қишлоқларидаги машаққатли ҳаёт манзаралари бир-бирига ўхшамайдиган тақдир эгалари образида ёрқин акс эттирилган. Адиб асарларида одамийлик, оқибат, виждон, ҳаёт талаб этадиган фидойилик каби тушунчалар биринчи ўринда туради. Унинг айни шу каби хислатлар тараннум этилган “Абадият қонуни” асари эса нафақат Грузияда, балки кўпгина бошқа давлатларда ҳам қидириб-топиб ўқиладиган асарлардан биридир. Адибнинг ушбу китобидан ташқари ўнлаб ҳикоялари, “Кукарача” қиссаси, “Оқ байроқлар” романи моҳир таржимон Низом Комил томонидан ўзбек тилига ҳам таржима қилиниб, муштарийларга тақдим қилинган.
Адиб асарларидаги воқеалар тизими кучли драматизми билангина эмас, самимий юмор уфуриб турганлиги билан ҳам ўқувчи онгига сингиб қолади. Нодар Думбадзе ижодида қадриятларга содиқлик, кексаларни улуғлаш, ватанга меҳр каби умуминсоний ғоялар мужассамлиги уни кўплаб ўзбек китобхонларининг ҳам севимли ёзувчиларидан бирига айлантира олди.
Мен сўз юритаётган “Ҳелладос” ҳикояси ҳам адибнинг айнан шундай - ўзбек китобхонлари учун қимматли бўлган асарлари сирасидандир. Эсимда, акамнинг адабиёт дарслигидан шу ҳикояни биринчи марта ўқиганимда анчайин ёш бўлганим учун унда аслида қандай туйғу ҳақида гап кетаётгани, икки ўспирин аслида нимани талашиб бундай муросасиз муштлашганини у қадар теран идрок қила олмаганман. Билганим - қилиқлари ва хислатлари ўзимнинг айрим ўртоқларимни эслатиб юборадиган икки боланинг ўзаро зиддияти ва улардан ҳар иккисининг ҳам аслида ниҳоятда яхши бола бўлгани эди. Мен уларнинг ҳар иккисини бирдай яхши кўрардим, Жамолни ҳам, муштумзўр Янгулини ҳам. Болалар ўртасидаги муштлашув ҳақида ўқиётганимда Жамолнинг ютиб чиқишини хоҳлар ва айни пайтда шундай ғамхўрлик билан Янгулининг ютқазишини сира истамасдим. Ҳикоядаги Янгули кемага чиқиб жўнаб кетиши олдидан Жамолнинг ёнига келиб, ундан эшагини олиб қолишини болаларча самимий дилгирлик билан сўраганида кўзларимга ёш қалққан бўлса, асар ниҳоясида Келасури дарёсидан балиқчилар топиб олган Янгулининг жасади ҳақида ўқир эканман, чинакам дард билан ҳўнг-ҳўнг йиғлаганим кечагидай ёдимда турибди...
Кейинчалик ҳам бу асарни такрор-такрор ўқидим. Бугун эса ундан олган таассуротларимни ва асардан ўзим учун кашф қилган айрим ҳақиқатларни ўртоқлашмоқчиман.
МУРҒАК ҚАЛБЛАРДАГИ АДОВАТ
Асар муштумзўр Янгули ҳукмронлик қиладиган Чалбаш дарёси бўйидаги Венециан кўчасига Жамолнинг келиши билан бошланади. Жамол Янгули билган бошқа болаларга ўхшамасди. У иродали, айни пайтда ўзига ҳукм ўтказишларига йўл қўймайдиган даражада мағрур бола эди. Жамол биринчи марта ўзининг шу жиҳати билан Янгулини қизиқтириб қўяди, қолаверса, ўзига нисбатан адоват уйғотади. Аммо бу адоватнинг асл сабаби нима эди? Янгули нима учун бундай олишувни, муросасиз курашни бошлади?
Янгулининг Жамол билан муштлашувга киришмоқчи бўлаётган пайтдаги мана бу сўзларига эътибор беринг:
“Болалар! Мен, Янгули Александриди, сизлар сайлаган сардор, сизларга, Венециан кўчасининг ҳур фарзандларига мурожаат қиламан! Рўпарангизда тбилисилик рангпар лақма билан унинг жияни - ватан ва қабила хоини, мишиқи Кока турибди. Мана бу рангпар келгинди бизнинг меҳмондўстлигимиз ва мурувватимиздан баҳраманд бўлиш ўрнига худо сийлаган еримизни, денгизимизни, жамики дарёларимиз, олтин ва кумушларимиз, ўтлоқларимизни ўзиники қилиб олмоқчи...”
Англаганингиздек, ҳали болалик дунёсини тарк этмаган безори ўспирин ўзи улғайган Венециан кўчасини бутун бир Ватан деб биларди. У ўз “ватанига” фақат ўзи ҳукмрон бўлишни истар, шу ҳудудда кутилмаганда, ундан сўрамай пайдо бўлиб қолган бегона боланинг дадиллиги эса ғашини келтирарди, шу билан бирга жиндай чўчитарди ҳам – у “ватанига” ўзга бир бола “эга чиқишидан” чўчирди. Ҳа, ўқувчида дастлаб тарбиясиз, безорисифат таассурот қолдирадиган Янгули ўзи билиб-билмасдан гўё Ватан ҳимоясига киришган эди! Бу эса ҳар икки боланинг мурғак тасаввурида, қалбида бошланган яшаш ва ватан учун бўлган ўзига хос курашнинг бошланиши бўлди. Икки бола ҳар куни яккама-якка белгиланган жойда, белгиланган соатда олишади, бир-бирини дўппослай бошлайди.
Янгули учун кутилмаганда “келгинди” Жамол анчайин абжир чиқиб қолади. Бу икковлон ўртасидаги адоватнинг янада кучайишига олиб келади. Жамол ҳадеганда бўйин эгавермас, орада Янгули унинг ўзидан кўра кучлироқ эканини ҳис эта бошлайди. Аммо буни тан олиш, ўзгаларга билдириш Янгулига Венециан кўчасини – ватанини бой бериш деган гап эди! Шунда Янгули кураш тусидаги сулҳни ўйлаб топади. “Доим уришаверамизми! – дейди у бўш келмай. – Кел, эртадан бошлаб сўкишамиз! Ким ютса, ўша ғолиб!” Бу ўзининг ожизлигини дилдан сезган болакайнинг наинки сулҳи, балки ўз “ватанига” эгаликни ўзида сақлаб қолиш учун қўллаган энг сўнгги илинжи ҳам эди.
“У СЕНИ ЕНГДИ, ЖАМОЛ!”
Янгулининг таклифидан кейин болалар бир муддат шундай – даҳанаки жанг олиб боришади. Буни эса адибнинг болаликнинг беғубор дунёсига берган шу қадар ажойиб тасвири, беқиёс топилмаси деб атасак янглишмаймизки, ҳар қандай ўқувчининг ҳам юзига табассум балқитиб, ўзининг ўша шаффоф-мусаффо оламига бошлаб кетади. Асарда қўлланган қуйидаги муомала учун қўполроқ ҳисобланувчи сўзлар энди ҳақорат сўзи эмас, аксинча, адиб маҳорати туфайли руҳни эркаловчи, ширин ҳисларга чулғовчи сеҳрли сўзларга айланади:
“- Жамол - эшакмия!
- Янгули - кўкатфуруш грек!
- Тбилисилик мишиқи!
- Эшакбоқар!
- Тўнғиз!
- Чириган бодринг!”
Аммо гап фақат шундагина, яъни даҳанаки олишув ўқувчининг болалик чоғларини эсга тушириб, тотли хотираларга ошно қилишидагина эмас. Бу ерда бошқа бир гап, фикримча, адибнинг бошқа бир мақсади ҳам бор. Асарни ўқиган ўқувчи эсласа, Жамолнинг ҳақоратли сўзлари тугаб қолади. “Онасига ўт!” деб маслаҳат беради унинг холаваччаси Кока. Жамол онани аралаштириб бўлмаслигини айтиб бош тортганида, Кока яна уни қистайди: “Шени деда ватире, дегин! Уят жойи йўқ буни!” Жамол Коканинг маслаҳатига амал қилгандан кейин Янгули ҳам уни онасига тил теккизиб ҳақорат қилади... Шу кундан бошлаб уларнинг ҳақорат репертуарида танҳо шу сўкишгина қолган, Жамол Янгулини қачон кўрмасин, грузинчалаб “Шени деда ватире!” деса, Янгули грекчалаб “Имана су ине простикаса инека, Жамол!” дея жавоб қайтарарди. Бироқ бир куни...
“...Кока иккаламиз мактабдан қайтардик. Темирйўл кесиб ўтиладиган жойда, одатдагидек, Янгули ўртоқлари билан ивирсиб ўтирарди. Мени кўрдию шартта ўрнидан туриб, истиқболимга юра бошлади.
- Янгули, шени деда ватире! - дея ўзғирлик қилдим мен.
У тўхтаб, маъюс нигоҳ билан узоқ тикилиб турди.
- Шени деда ватире, Янгули! - деб такрорладим яна.
Янгули бошини эгди, кейин бурилиб, аста... уйи томон кета бошлади. Мен донг қотиб қолдим.
- Кўрдингми қуён бўлганини?! Энди хўжайинлик қилолмайди! - дедим Кокага.
- Йўқ, энди бошланди! - Кока мийиғида кулиб қўйди.
- Қанақасига?
- Шунақасига-да. У сени енгди, Жамол!
- Нега сўкинмади бўлмаса!
- Кеча ойингни суриштирган эди: ким, қаерда... Мен нима дейин... Шунақа, шунақа... ҳалиги... Йўқ... ўлган, дедим. Шунинг учун ҳам сўкмади-да сени...”
Ўзингиз айтинг, бу парчада бола тимсолида инсонга хос бўлган энг сарбаланд туйғулар жўнгина қилиб кўрсатиб берилмаяптими?! Ҳа, бу Янгули юрагида ниш ураётган инсоний бағрикенгликнинг, керак бўлса, ҳақиқий миллатпарварликнинг намунаси эди...
КЎКРАКДАГИ НАҚШ ВА ЮРАКДАГИ МУҲАББАТ
Ўқувчи ҳикоя ниҳоясига яқинлашар экан, унда Сухумида яшаётган грекларнинг ўз ватанига, Элладага қайтиши кераклиги баён қилинади. Ўз-ўзидан маълумки, Янгули ҳам миллатдошлари билан ватанига қайтиб кетиши лозим эди. Ватанига қайтиш имкони яратилганини Сухумида яшаётган бутун греклар катта хурсандчилик билан қарши олишади, аммо... аммо бу хабар Янгулига ҳақиқий жудолик, ҳақиқий мусибат бўлиб татийди. Чунки бу жудолик Янгули учун кўплаб қимматли туйғулардан - болаликдан, муҳаббатдан ва ... ва ватандан айро тушмоқ эди. Муаллиф (ўз таъбири билан айтганда “на бир-бирига ғаним, на яқин дўст” бўла олмаган) икки ўспириннинг хайрлашиш олди қилган суҳбатини ёзаркан, назаримда, асаридаги, йўқ, нафақат асаридаги, балки реал ҳаётидаги ватан ва ватанга боғлиқлик ҳисси ҳақидаги энг гўзал сўзни, энг ҳаққоний ҳақиқатни айта олган, десам янглишмайман:
“- Нега бирга кетмоқчимассан? - деб сўрадим астойдил таажжубланиб.
Янгулидан анча вақтгача садо чиқмади.
- Қандоқ тушунтирсамикин... - дея гап бошлади у ниҳоят. - Онам йўқ, ҳатто эслолмайман ҳам. Отам уззукун томорқада ёки тирикчилик ташвишида... Мен кўчада, Венециан кўчасида катта бўлдим... Менинг ватаним, менинг Элладам бу - Сухуми, кўча, Чалбаш; бу - Кока, Петя, Курлика, Фема, Қора денгиз, кўприк... - У бир ютиниб олиб, давом этди: - Бу - Мида... қолаверса, сен...
...Аъзойи баданим жимирлашиб кетди. Бунақа сўзларни умримда биринчи марта эшитаётган эдим.
- Бу нима бўлмаса? - Мен Янгулининг кўкрагини очиб, баланд овозда ўқидим: - Hellados.
- Бу - нақш, Жамол. Ватан - ичкарироқда, нақд юракнинг ўзида! - Янгули қўлини кўксига қўйди...”
Дарҳақиқат, Янгулининг қалбида ота-бобоси туғилган Греция эмас, ўзи ўсиб-улғайган Сухуми ватан тимсоли эди. Оқибатда у ўзини шу ватани учун, Жамолдан қизғаниб аёвсиз муштлашган Сухумиси учун қурбон қилди. Гарчи муаллиф томонидан Янгулининг кемадан сакрагани ёки греклар минган кеманинг ҳалокатга учрагани ойдинлаштирилмай, мавҳумроқ тарзда қолдирилган эса-да, ўқувчи сифатида мен негадир Ватанидан айрилишни истамаган Янгулининг ўзини кемадан сувга отганига қаттиқ ишонаман. Ҳам Янгулидаги бу фидойилик уруш асоратлари ҳақидаги бўлак кўпгина асарлардан фарқли ўлароқ нақадар ҳаққоний, нақадар самимий ифода топганини таъкидлагим келади. Шундай. Ўзининг кичиккина ватани – Венициан кўчасига беқиёс меҳр билан яшаган Янгули менинг тасаввуримда бунақанги қурбонликка шубҳасиз қодир эди...
Асар ҳақидаги ушбу хулосаларим билан аслида Нодар Думбадзе ўз ҳикояси орқали инсонларга айтмоқчи бўлган гапларнинг ўндан бирини ҳам билдира олмаган бўлишим мумкин. Лекин асарнинг мағзини оз-моз чақиб етган даврларимдан бошлаб ҳанузгача китобларда, айрим тенгдошларим томонидан ватанга бағишлаб ёзилган бақироқ шеърларда ҳар қандай сохта ватанпарварликни кўриб қолсам, Янгулининг Жамолга қарата айтган ўша оловли сўзлари қулоқларим остида янграгандай туюлади: “Бу – нақш, Жамол! Ватан бундан ичкарироқда, нақ юракнинг ўзида бўлади!”
Байрам АЛИ