У ўрта бўйли, кўзлари ёниб турадиган, истарали жувон экан. Ўзини таништирди: исми Марҳабо, фамилияси Каримова. Таниқли шоира билан айнан бир хил исм-шариф.
Стулга ўтириши билан шеър ҳақида гапириб кетди. Ўтган йилнинг сентябрь ойидан шеър ёза бошлагани, унгача қўлига қалам олиб кўрмагани, туйғулари, ҳиссиётлари ичига сиғмай тошиб кетаётгани, илк шеъри Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовга бағишлангани, шундан буён тинимсиз шеър ёзиши, бу ҳолатидан эри ҳам, болалари ҳам ҳайронлигини гапирди.
“Айтиб берайми?”, у шеър ўқигиси келаётганини яширмай сўради ва жавобимни ҳам кутмай шеър ўқишга тушди:
Ватан – мен ётган бешик,
Ўсиб-унган уйимдир.
Ўзбекистон деб айтган
Шодон қўшиқ, куйимдир.
Ватан бўлиб туюлар,
Оёқчим қир-адири.
Онам ёпган кулчадай
Менга унинг қадри...
Унинг дафтарини варақлаб чиқдим. Қизиқ, аксарият шеърлари Ватан, юртнинг улуғлари ҳақида.
Чўғ эмасдир ёзганим
Шунчаки бир хаёлдир.
Каминангиз юртини
Жондан суйган аёлдир...
Мени ҳайратга солган нарса Марҳабодаги самимият эди. Унинг сўзларида сохтакорлик йўқ, беғубор, Ватан ҳақида ҳеч бир муболағасиз, ҳеч бир зўриқишсиз, юрагида нима бўлса, шуни тўкиб солган эди. Бу фақат мактабда ўқиб, кейин оила қурган, уч фарзандининг бўйи бўйига етиб қолган 37 ёшли аёлнинг қалбидан отилиб чиққан садолар эди.
Мен Марҳабонинг сўзларида ҳам, шеърларида ҳам Ватан туйғусини кўрдим. Ўзи туғилиб ўсган Оёқчи кенгликларидан, қиру адирларидан бошланган Ватан сурати мисраларда акс этганди. Ватан ҳақида соатлаб ваъз ўқийдиганлардан кўра ишонарлироқ эди унинг сўзлари. Шунинг учун элнинг бошига тушган улкан мусибат ана шу туйғуларини уйғотиб юборди. Ҳаёти бир зумда шеърга айланиб қолди.
Марҳабо билан суҳбатлашаяпману, кўз ўнгимда куни кеча ёнимга янги шеърларини кўтариб келган Моҳичеҳра Ҳалимова намоён бўлди. У ҳам Марҳабодай уй бекаси, уч фарзанднинг онаси. Қабзахона қишлоғида яшайди. Ўрта маълумот олиши билан турмушга узатишган. 30 ёшга киргандан кейин шеър ёзишни бошлаган. Адашмасам, ўтган йили маҳалла маслаҳатчиси Махфират Халилова Моҳичеҳрани олиб келиб, “Лола опа, шу аёлимиз анчадан буён шеър ёзади, бир кўриб беринг”, деган эди.
Дафтарни варақладим. Аввал бепарвороқ, сўнг вужудим билан шеър оғушига сингиб кетдим. Оддийгина уй бекаси, умрини болалар тарбияси билан ўтказаётган аёл қалбидан отилиб чиққан мисралар ҳайратимни қўзғади. “Бирор жойдан кўчирмадимикин”, деган хаёлга ҳам бордим. Аммо шеърларидаги айрим жузъий камчиликларни кўргач, ўзи ёзганига амин бўлдим. Мана, ўша шеърлардан бири:
Десалар – сен учун не жондин ортиқ?
Дейман: онамдайин хокисор Ватан!
Десалар: жонинг қиласанми тортиқ?
Дейман: Ватансиз жонсиздир тирик тан.
Шу заминга боғлиқ жонимнинг ипи,
Дард чекса дард чекиб, кулса куламан.
Кенгликлар қалбимнинг шиддати, ўти,
Айрилсам ўзагим узилиб ўламан...
Эътибор бераяпсизми, Моҳичеҳранинг ҳам аксарият шеърлари Ватан ҳақида. Ўқиб кўнгил яйрайди.
Мен ҳали Марҳабо билан хайрлашмай туриб хонамга нуроний бир отахон кириб келдилар. Танидим, Сариосиё қишлоғида яшовчи 77 ёшли Анвархон Исмоилов. Ҳаж зиёратига бориш ниятида юрибдилар. У киши таниқли шоир, аллома Исмоилхон Фақирийнинг ўғли бўлади. Анвархон отанинг қавму қариндошлари орасида шеър ёзмайдигани йўқ ҳисоби. Жияни Мунисахон: “Мен нечун севмай Ватанни Жон аро жондир Ватан”, дея ёзган бўлса, амакиси Нажмиддинхон бир пайтлар Жезқазғон жазо лагеридан: “Ўксима, ғамгин юрак, ўлканг гулистон бўлғуси, Очилиб ҳар ён чечаклар, мисли бўстон бўлғуси”, деган сатрларни битган. Анвархон отанинг ҳам хаёлида йўл-йўлакай шеър туғилибди. “Қоғоз, қалам беринг, ёзиб кетай”, дедилар.
“Ўзбекистон Шарқнинг бир дарвозаси,
Ҳар ён кетган алломалар овозаси.
Ҳақиқату маърифату илм унда
Шукур қилгин, бўл сен юртинг парвонаси...”
Қизиқ, яна Ватан ҳақида шеър. Бу юртнинг боласидан тортиб онасигача, набирасидан тортиб бобосигача шеър ёзади. Уларнинг томирида неча-неча асрлик даҳо шоирлар қони жўшиб оқади. Шеърияти улкан тарихга эга, сўзини шеър билан бошлаб, шеър билан тугатадиган ғазалхон эл бу. Шеър ёзмаса ҳам шеърнинг қадрини қуёшга менгзайдиган шеърхон эл бу.
Анвархон отага, Марҳабога қарадим, Моҳичеҳрани, ҳузуримга кунда бўлмаса-да кун ора шеър ёзган боласи ё ўқувчисини етаклаб келаётганларни эсладиму, кўнглим фараҳга тўлди.
Ҳа, биз қалбларида Ватан туйғуси шеърга айланиб тўкилаётган ана шундай оддий, камтар, камсуқум одамлар билан бирга яшаймиз. Уларни баъзида сезамиз, баъзида сезмаймиз, гоҳ пайқаймиз, гоҳ эса йўқ. Аммо билсак-билмасак-да, сезсак-сезмасак-да, юраги пахтасидай оқ, қалби қайноқ, Ватанини Каъба мисоли сиғиниб яшайдиган оддийгина одамлар бизнинг орамизда юрибди...
Лола ЎРОҚОВА, Китоб тумани