18 май – Халқаро музейлар куни
Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ҳамда Қарши давлат университети тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи ҳамкорлигида 18 май – Халқаро музейлар куни муносабати билан талабалар учун “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди.
Президентнинг тегишли кўрсатмалари асосида Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ фаолияти йўлга қўйилган музейда “Совет давлати қатағон сиёсатининг бошланиши (1926-1936)”, 1937-1938 йиллардаги “Катта қирғин” оқибатлари, “1940-1950 йилларда Ўзбекистон жанубида амалга оширилган сиёсий қатағонлар”, “1980 йиллардаги қатағон. “Пахта иши” кампанияси” каби кўргазмалар ўз аксини топган.
Музей маълумотларида акс этишича, биргина “пахта иши” кампанияси пайтида юртимизда 25 минг кишига нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, улар расмий суд ёки тергов-суриштирув ҳаракатлари ўтказилмасдан қамалган, 4 минг 500 киши жиноий жавобгарликка тортилиб, 3 минг 600 кишига турли даражадаги жазо чоралари қўлланган. Қатағон даҳшатларидан кексалар, болалар, ҳомиладор аёллар ҳам четда қолмаган. Фото ва видео материаллар, қўлёзмалар, тарихий хариталар, китоблар, суратлар яқин тарихимизнинг аёвсиз кунлари ҳақида яққол тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.
– Ўтмишимиз ҳақида китоблардан ўқиб билган бошқаю, факт ва далилларни ўз кўзинг билан кўрган бошқа экан, - дейди Қарши давлат университети тарих факультети талабаси Сардор Зикиров. – Музейдаги маълумотлар билан танишиб, кўп нарса ўргандим. Сталин даври қатағонлари ҳақида адиб Шукруллонинг “Кафансиз кўмилганлар”, “пахта иши” хусусида Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар” романи орқали оз-моз тасаввурга эга эдим. Бугун ушбу мавзуни янада чуқурроқ ўрганиш зарурлигини англадим.
Қайд этиш лозим, музей фаолияти шу замин, шу юрт тинчлиги учун жонларини аямай курашган ватандошларимиз номларини абадийлаштиришга қаратилган. Ўтган вақт ичида музейга шўро ҳукумати даврида қатағонга учраган юртдошларимизнинг фотосуратлари ва улар ҳақида маълумотлар (таржимаи ҳол, ҳужжатлари) ҳамда буюмлар қабул қилинди, мазкур жараён давом эттирилмоқда.
– Изланишларимиз натижаси пойтахтдаги “Академнашр” нашриёти томонидан чоп этилган “Қашқадарё воҳаси тарихидан лавҳалар” китобида ўз ифодасини топди, – дейди музей директори Дилнавоз Раҳматова. – Айни кунларда эса “Қатағон қурбонлари хотира китоби. Қашқадарё вилояти” деб номланган 2 мингдан ортиқ шахслар ҳақида далиллар жамланган тўплам устида иш олиб бораяпмиз. Маҳаллама-маҳалла, уйма-уй юриб, қатағонга учраган шахслар ҳақида маълумотлар тўпладик, натижада қўлимизда ноёб материаллар жамланди. Аҳамиятлиси, шу вақтгача бу каби тўплам тайёрланмаган.
Б.САЙФИЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.