Деҳқонобод қирларига кўклам фасл эртачироқ келади, сабабиким, бу элнинг орасида сўз айтари, байт айтари, дўмбирага эш бўлгичи, кўп-кўп достону термасини хўб билгичи кўплигини билади. Шундай бир билгич – Қаҳҳор бахши Раҳимов деган бир бахши. Бахши бўлгандаям, элига довруғи кетган, ҳукуматим “Ўзбекистон Халқ бахшиси” дегич унвон берган зўр бахши. Тағин бирисини Шоқул бахши Мирзаев дейди, ўзи бир кўп содда, дейди, аммо-локин қўлига созини тутқазсанг, ич-ичидан сўзи қуйилиб келади, дейди. Ана энди кўринг, бу икков бахшини, Деҳқонобод қирларида чордона қуриб, дўмбирани шайлаб, кўклам насимига елка тутиб, наврўзий офтобга юз буриб, териб-териб айтадилар термани.
Қаҳҳор бахши:
Туманли кунларда, совуқ аёзда,
Ер бетига чиқмоқ истаган чечак.
Баҳорнинг хабарин берай деб юртга,
Қуёшга талпинган дилбар бой чечак...
Бойчечагим, ойчечагим, бойчечак,
Лола билан толда учсанг ҳалгинчак.
Бу табиат очар эди гул қучоқ,
Сен дугона, лола бўлса келинчак...
Шоқул бахши:
Бодомлар гуллайди, курмаги найза,
Гиламдай кўринар яшнаган майса,
Дилинг очилади ёмғир, дўл қуйса,
Шарқираб сув оқар баҳор келганда.
Бахшилар қўшиғи, қизлар лапари,
Чавандоз тулпорда чопар кўпкари,
Полвонлар саф бўлар, курашар бари,
Ўйин-кулги бўлар баҳор келганда...
Алқисса, икков бахши илҳомини ҳаволантириб, атроф-жонибни оловлантириб, басма-басига кўкламнию Наврўзни, баҳордан улги олган бор табиат, қоракўзни бирин-бирин термасига солаверди, дўмбирасин чалаверди.
Қаҳҳор бахши:
Тоғ бағридан эриб кетди қор,
Ўт-ўланлар куйлади алёр.
Атлас кийиб товланар баҳор,
Юртимга Наврўз келганда...
Тоғда каклик сайрайди саҳар,
Ҳар дақиқа тўлишар баҳор,
Қувонгандан куйлайди Қаҳҳор,
Юртимизга Наврўз келганда.
Шоқул бахши:
Созим олдим қўлимга,
Терма солдим тилимга,
Ўйнанг, дўстлар, шўх-шодон,
Наврўз келди элимга...
Созим, созим, соз бўлар,
Қўшиқ навом ноз бўлар.
Даврасида Наврўзнинг
Авжи палла боз бўлар.
Тоғ тарафдан майин-майин шабада турди, ҳув пастдаги қишлоқдаги хонадонда қайнаётган сумалакнинг хуш исини келтириб, бахшилар димоғига урди. Ана энди сумалакнинг хуш тотини қўмсаганлар, элдан бурун пиширайин, деб кўзлаганлар, шу соатда сумалакни қўзғаганлар Қаҳҳор бахшининг унга берган таърифию мақтовини тинглаб-тинглаб, ишларини қилаверди, бахши бундан қайта илҳом олаверди:
Узоқдан узоқ ёши,
Фотма момонинг оши,
Ичида етти тоши,
Ойнажоним, ойнаё,
Сумалагим, қайнаё.
Майса ошга айланди,
Бобо-момо шайланди,
Қизлар куйлаб ўйланди,
Ойнажоним, ойнаё,
Сумалагим, қайнаё.
Ўзбек қизи ардоқлаган бир сози бор, юраккинасин дардларига жўр сози бор. Момолардан мерос соз отини чанқовуз атар, қизу жувон нимчаларин киссасига солиб юрар, юмушларин қилиб-қилиб, толиққанда, қир-адирга лола терай деб чиққанда, айниқса, юртга кўклам оралаб, юраклари тўлиққанда, чалиб турар. Бир олисдан, кунгайданми-беткайданми, эшитилди чанқовузнинг “биёв-биёвв” дер овози, эргашди сўнг дўмбиранинг жўр овози. Шоқул бахши терма айтди жўшиб-жўшиб, термасига бор меҳрини қўшиб-қўшиб:
- Куйлари биюв-биюв,
Оҳангларидир қиюв,
Маҳаллада гап дув-дув,
Чанқовузни ким чалди?
- Ўйноқлаган қиз чалди.
- Сочи товонга тияр,
Имласанг кулиб қўяр,
Лабин лобобга қўяр,
Чанқовузни ким чалди?
- Олма юзли қиз чалди.
Хуллас, бахшиларнинг тоза илҳоми қайнади: сўзга солди бори-бори меҳрини, кўнглидаги истагию, завқи билан созининг ҳам сеҳрини. Охирида шукур айтди шундайин ҳур замонга, бугунидан розилиги кўчган дилдан забонга. Бахшисини сайратган шу элининг довруғи, дея, дўмбирани эркалаб-да айтишди, юрт меҳрининг таърифини елкалаб-да, айтишди.
Шоқул бахши:
Ўн тўртида тўлган осмонда ойдан,
Сулув қизлар завқланади чиройдан,
Мадад тилаб яратгандан – Худойдан,
Яна сўйла, сумбул созим, бир майдон.
Қадамларинг етди бугун хорижга,
Тирноқ тийса торинг келар хуружга,
Устоз Қодир билан бординг Парижга,
Яна сўйла, сумбул созим, бир майдон...
Қаҳҳор бахши:
Истиқлолдан куйлай қувноқ оҳангда,
Кўп ўзгариш бўлди ҳар бир соҳангда,
Қанча замон ўтса ҳамки жаҳонда,
Бизнинг давримиздай даврон бўлмаган...
Бахшиёнани ХУРШИДА ёзиб олди.