Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Рус тилидан Хуршида АБДУЛЛАЕВА таржимаси.

10.04.2017


ЯПОНЛАР БОШҚАЛАРДАН УЗОҚРОҚ УМР КЎРИШИНИНГ 11 САБАБИ

Японияда яшовчиларнинг кўпчилиги учун 100 йил умр кўриш деярли меъёрий ҳолат саналади. Мамлакат бўйича ўртача кўрсаткич эса - 84 ёш. Қиёслашингиз мумкин: АҚШда бу кўрсаткич 79,3 ёш (183 давлат орасида 31-ўрин), Россияда - 70,5 ёш (110-ўрин).

Бир неча ўн йиллардан бери кўпгина тадқиқотчилар японлардаги “яшовчанлик”нинг тагига етиш ва формуласини чиқаришга уриниб келадилар: бунинг сабаби генга боғлиқми, ҳаёт тарзими ёки овқатланиш тартибими? Яширин сабаблар кўп, аммо юзада ошкора кўриниб турганлари ҳам йўқ эмас. Мана, масалан:

ПАЗАНДАЛИКДАГИ ЎЗИГА ХОС ҚОИДАЛАР

Япон таомлари камдан-кам ҳолларда қовуриб ёки қиздирилган ёғда тоблаб пиширилади.  Бу юрт одамлари емакни кўпроқ буғлаб, қайнатиб ё грилда тайёрлашни хуш кўришади, агар қовуришга тўғри келса ҳам камроқ ёғ ишлатишади. Овқат бир нечта кичик идишларда тортилади, катта лаган ё ликоплар уларда кам ишлатилади. Бунинг устига овқатни кичкина таёқчаларда ейишади (уларни ўзимиз одатланган йирик қошиқлар билан солиштириб кўринг-а).

МУТЛАҚО ЎЗГАЧА ШЎРВА

Японлар шўрвани яхши кўришади. Улар шўрвани биздан кам ичишмайди! Аммо японлар шўрваси русларнинг сардакли боршчи (ёғли ва катта-катта гўшт бўлаклари солинган) ва сарделька ва сосиска солинган суюқ таомига асло ўхшамайди. Улар учун шўрва ёки бошқа суюқ таомлар – кўпроқ сув ўтлари, тофу ва денгиз маҳсулотлари солинган қайнатма ҳисобланади. Фарқни кўраяпсизми?

ГАРНИРЛАРДАГИ ФАРҚ

Севимли гарнирингизни айтинг. Макарон, картошкадан тайёрланганими? Тушунса бўлади... Японияда бўлса, гуручли ва сабзавотли гарнирни хуш кўришади. Ва албатта, японларнинг машҳур эрмаги бўлган сув ўтлари ва соя қўшилади. Бундан кўринадики, япон гарнирлари бизникига қараганда, бирмунча енгил ва фойдали. Мана, нима сабабдан Япония аҳолисига витамин ва минераллар етишмовчилиги каби ҳодисалар бегона ва уларда ошқозондаги оғирликни бартараф этиш учун таблеткалардан фойдаланиш деган тушунча йўқ.

ЧОЙНИ ЭСА КЎПРОҚ, ЯНА КЎПРОҚ!

Японияда мингйиллик чойхўрлик маданияти бардавом. Уларнинг чойи  кўпчилик одатланган ўрамлардаги чойлар ва қаҳвадан кўра кўпроқ фойдали. Японлар асосан кўк чой ичади, чунки унда фойдали антиоксидантлар мўл. Ва бу жиҳат кукун кўринишидаги япон чойи – “матча”га ҳам хос: бу маҳсулот ўсимлик таркибида мавжуд бўлган фойдали моддаларни кўпроқ сақлаб қолиш мақсадида ўзига хос усулда ўстирилади ва териб олинади. Бундай чой одатдагидан кўра 10 марта кўпроқ таъсир қилади.

ТАОММИ? ФАҚАТ ЯНГИ ТАЙЁРЛАНГАНИ

Янги – бу сўз японларда “жўякдан ҳозир терилган” демакдир. Биз учун эса емакхона мижозининг кўз ўнгида тайёрланган котлет янги саналади (бу бир бўлак гўшт музлаткичда 3 ҳафтадан бери тургани эса ҳеч кимни ташвишлантирмайди). “Янги” деган тушунчага бизнинг ва уларнинг қараши орасидаги фарқни кўрдингизми?

Японларда “янги” дейилганида фақат ҳозиргина жўякдан терилган ёки денгиздан тутилган маҳсулот тушунилади. Ва, албатта, мавсумбопи. Дарвоқе, “Япония бозорларида егуликлар ишлаб чиқарилган санаси кўрсатилмасдан сотилади, чунки ҳар қандай маҳаллий маҳсулот учун одатий сақланиш даври ярим соат”,  деб ёзади “Япон аёллари қаримайди ва семирмайди” китобининг муаллифи Наоми Морияма.

МАРҲАМАТ ҚИЛИБ, КИЧИК ПОРЦИЯЛАРДА

Балки куларсиз, лекин идишлар ўлчамини назоратга олиш япон ошхона анъанасининг бир қисми саналади. Бу юртда одоб қоидаларига риоя қилиш муҳим саналади, унинг бир банди эса юқорида эслатилганидек, овқат учун кичик таёқчалар, кичик идишлар ва таомнинг қатъий белгиланган меъёри (бу меъёр бузилмаслиги шарт).

Аҳолиси энг узоқ яшайдиган жой – Окинавада айтишганидек, узоқ умр кўришнинг сири афсунли “80 фоиз” деган рақамда. Яъни одам ўз тушлиги ёки кечки овқатининг ҳаммасини еб қўйиши керак эмас, идишда озроқ қолиши шарт. “Топ-тоза идишлар жамияти” – японлар учун эмас.

ШИФОКОР ҚАБУЛИ: МУНТАЗАМ ВА ШАРТ!

Ўтган асрнинг 60-йилларидан бошлаб, Японияда соғлиқни сақлашнинг мажбурий тизими жорий этилган, шундан бери аҳолининг умри сезиларли даражада узайди. Бугунги кунда ҳар бир япон бир йилда ўртача ҳисобда 12 марта клиникага боради, бу эса Америка ёки Россия аҳолиси кўрсаткичидан (улар неча марта бориши ҳақида аниқроқ жавоб айтишга қийналади киши) тўрт марта кўпроқдир.

ТИК ҲАЁТ ТАРЗИ

Японлар ҳаётининг одатий типик манзараси қуйидагича: кишилар вокзалга боради, тик туриб поездни кутади, вагонда ҳам тик туриб кетади, кейинги станциягача пиёда боради, сўнг ишхонасига қадар яна пиёда юради, кун охирида яна худди шу тартибда уйига қайтади. Жамоат транспортида юриш Японияда ҳамма кўниккан меъёрий ҳолат. Автомобиль эса – ҳашамат, холос. Аксарият ходимлар ҳатто ишда компьютер қаршисида ҳам тик туриб ишлашади.

Бундан шундай таассурот пайдо бўладики, барча шароит бу ерда худди одамнинг кўпроқ вақтини тик турган ҳолатда ўтказиши учун ҳозирлангандек.

ОЗОДАЛИК – САЛОМАТЛИКНИНГ ЯРМИ

Японлар тозалик шайдоси. Уларнинг асрларга тенг қадриятлари синтоизм билан чамбарчас боғлиқ. Бир кунда 2 маротаба чўмилиш – Японияда ғалати ҳолат эмас. Худди сэнто – жамоат ҳаммомлари каби.

ТОНГГИ ГИМНАСТИКА

Японияда “радио билан гимнастика” деб аталадиган машқлар татбиқ қилинган. Бу гимнастика ҳар куни бўлади, бир нечта мураккаб босқичларни қамраб олади ва унда аҳолининг каттагина қисми қатнашади. Қизиғи, дастлаб бу “радио-фитнес” Японияга АҚШдан кириб келган.

УЙДАН ТАШҚАРИ МАҚБУЛРОҚ

 Доимий пиёда юриш ва эрталабки умумий гимнастикага қўшимча равишда япон турмуш тарзи ҳамиша тоза ҳавода бўлишга чақиради. Ҳатто уй соҳиби меҳмонларни одатга кўра, уйига эмас (япон уйлари ўлчов жиҳатдан чоғроқ қурилади), яқинроқдаги емакхонага таклиф қилади. Ёки табиат қўйнидаги тановулга.

Муаллиф: Олег КОЛЕСОВ.

Рус тилидан Хуршида АБДУЛЛАЕВА таржимаси.

Report typo