Отанинг суронли йиллар ҳақидаги ҳикоясини тинглаб турган каттаю кичикнинг тилидан бугунги дориломон кунлар шукронаси янграйди.
Ана вилоят ҳокимлиги, турли давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари уруш фахрийсини Хотира ва қадрлаш куни билан табриклагани келишди. Отахонга Президент фармонига асосан 800 минг сўм бир марталик пул мукофоти, касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасининг 400 минг сўм моддий ёрдам маблағини ва совғалар топширишди. Алоҳида қутиларда зарур дори-дармонлар ҳам олиб келишибди.
- Биз, уруш фахрийлари халқимизнинг, Президентимизнинг ғамхўрлигини доимо ҳис этиб турибмиз, - дейди Хўжақул Жўраев. - Минг шукур! Ҳаётимиз тинч-фаровон.
Шу кунларда ҳар бир уруш фахрийсининг уйида байрам. Улар йўқлаб келаётганларни мамнуният билан қарши олаётир. Нишонлик уруш фахрийлари Дўстмурод Назаров, Орол Қаноатов, Ҳамроқул Ўринов, Номоз Қурбонов, Рўзи Соатов, Санақул Нормуродов ҳам ўзларига кўрсатилаётган эътибор ва эъзоздан мамнун, тилларида шукрона.
- Шу кунларга етказганига шукур, давлатимиз, элимизнинг ардоғида ҳаёт кечирмоқдамиз, - дейди Чироқчи туманилик Жўра бобо Ёдгоров. - Ҳар куни уйимиздан одам аримайди, ҳол-аҳвол сўраб туришибди.
Бугун вилоятимизнинг барча жойларида Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб ўтказилаётган тадбирлар ўзгача иштиёқ, юксак уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда. Бу мамлакатимизда инсон шаъни, қадр-қиммати қанчалик улуғлиги, хотираси муқаддаслигининг яна бир ёрқин ифодасидир.
Шоҳиста БОЗОРОВА
Суратда: Қарши шаҳрилик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Иван Харитонович Бех ёшлар даврасида.
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.