Юртбошимизнинг ташаббуси ва тарихий жасорати билан Истиқлол арафасидаёқ, яъни 1989 йил 21 октябрда юртимизда “Давлат тили тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгани халқимизнинг асрий орзу ва армонлари рўёбга чиқиши, миллий қадриятларимиз тикланиши йўлидаги илк йирик тарихий қарор бўлганини алоҳида таъкидлаш лозим. Ўз навбатида, ушбу ҳуқуқий норма мустақилликнинг дастлабки даврида Конституциямизда қатъий муҳрлаб қўйилди.
ТИЛ ВА МИЛЛАТ
Францияда нашр этилган “Dictionnaire Hachette” луғатида қайд этилишича, бугунги кунда Ер юзида 6 минг 912 та тил мавжуд. Айни пайтда 400 тадан зиёд тил бутунлай йўқолиб кетиш арафасида турибди. Ҳар икки ҳафтада битта тил ўлик тилга айланмоқда.
Бунинг асосий сабабларидан бири – дунё миқёсидаги глобаллашув ва коммуникация, яъни ўзаро мулоқот воситаларининг жадал ривожланаётгани билан боғлиқ. Яна бир сабаб эса миграция, яъни аҳолининг кўчиб юриши туфайли ўз миллий тилларида мулоқот қилиш имконияти чекланишига бориб тақалади.
Ўзбек тили – дунёдаги кўп сонли тиллар орасида биз, ўзбеклар учун ягонадир. Зеро, тил халқнинг буюк маънавий мулки бўлиб, унда миллатнинг ўзига хослиги, неча минг йиллик олис тарихи, миллий маданияти ва урф-одатлари мужассамланади ҳамда сақланади. Тил инсонлар мулоқотининг асосий кўриниши ҳисобланади ва фақат тил орқалигина инсон онгида тасаввурлар ва билим шаклланади. “Она тили – бу миллатнинг руҳидир”. Шунинг учун ҳам тил ҳақида ғамхўрлик қилиш – юксак маънавият белгиси.
Бинобарин, ўз халқига, унинг миллий урф-одатлари ва анъаналарига, тил ва маданиятига бўлган муҳаббатдан кўп миллатли она Ватанга бўлган муҳаббат, ўзга халқлар маданиятига ҳурмат бошланади. Негаки, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Ҳар қайси миллат, катта ё кичиклигидан қатъий назар, ўз она тилини ҳурмат қилади”.
Тарихий тажрибалар шуни тасдиқлайдики, ҳар қандай миллий тилнинг умрбоқийлиги унинг халқ учун бажарадиган функцияларига боғлиқ. Миллий тикланиш, миллий маданиятни ривожлантиришга табиий интилиш, биринчи навбатда, миллий тилнинг ривожига пойдевор қўяди.
Тил – халқнинг жони. Тилга эътиборсизлик халққа эътиборсизликдир. Тилнинг истеъмолдан чиқиши, ўз навбатида, унинг ҳуқуқий мақоми, ахборот, билим олиш, театр, санъатнинг бошқа турлари, бутун миллий маданият асосларининг бузилишига олиб келади.
Афсуски, ХХ асрнинг каттагина даврида ҳукмронлик қилган собиқ шўролар тузуми юритган тил сиёсати миллатларнинг муқаддас ва бебаҳо мулки бўлмиш она тилини тушкун ва аянчли аҳволга солиб қўйганди. Айниқса, турли миллат ва элатлар ўрнига “ягона бирлик – совет халқи”ни ташкил қилиш ғояси кўпгина миллий тиллар қатори она тилимизнинг ҳам ижтимоий-сиёсий ҳаётда кам қўлланилишига олиб келгани сир эмас.
Оқибатда ўзбек тилининг жамият ижтимоий ҳаётидаги мавқеи мутлақо тушиб кетганди. Тилимиз расмий сўзлашув, илмий изланишлар олиб бориш, иш юритишдан, олий ҳокимият органларининг фаолиятидан четлаштириб юборилган эди. Ваҳоланки, ўз ижтимоий ва ҳуқуқий мавқеини йўқотган тил ўлимга маҳкумдир. Чунки тил ижтимоий функцияларининг йўқолиши миллий ўзликнинг йўқолишига олиб келади.
Шу маънода, она тилимизнинг аянчли аҳволи кенг жамоатчилик ва зиёлиларимизда ўзбек тилини нафақат сақлаб қолиш, айни чоғда унинг ҳуқуқий мавқеини кўтариш, камол топтириш ва ривожлантириш зарурлиги борасида ҳақли ташвиш уйғотди. Шундай қилиб, бундан қарийб ўттиз йил илгари она тилимизни қонун ҳимоясига олиш ва унинг ҳуқуқий мақомини белгилаш ҳамда изчил ривожлантириш учун имкониятлар яратиш давр талабига ва миллий эҳтиёжга айланди.
ИСТИҚЛОЛ ВА ЎЗБЕК ТИЛИ
(яқин тарихга бир назар)
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши Истиқлолимиз тарихининг энг ёрқин саҳифаларидан бирини ташкил этади. Гап шундаки, 1989 йилнинг 21 октябрь куни қизғин баҳс ва тортишувлардан сўнг сиёсий-маънавий ҳаётимизда ана шу унутилмас воқеа юз берган.
Юртбошимиз 1989 йил 23 июндан республикамиз раҳбари сифатида фаолият бошлагач, амалга оширган энг катта ишларидан бири - тил муаммосини оқилона ҳал этгани бўлди. Хусусан, Олий Совет қошида тил тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқувчи махсус комиссия тузилди. Тил тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, икки марта умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Лойиҳанинг бешта варианти матбуотда эълон қилинди ва Комиссияга тақдим этилди.
Ўшанда қонун лойиҳасининг муҳокамаси бўйича ишчи комиссиясига 151 мингдан зиёд киши имзо чеккан 4,5 мингдан ортиқ хат келиб тушган. Комиссияга 225 мингта таклиф юборилган ва уларнинг аксарияти инобатга олинган. Буларнинг барчаси тил тўғрисидаги қонун лойиҳаси жамоатчилик томонидан қизғин ва баҳсли муҳокама этилганидан яққол далолат берадики, миллий қонун ижодкорлигида бундай фаоллик мисли кўрилмаган ҳодиса эди.
Президентимизнинг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида”, “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарларида мустақиллик арафасида ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш масаласида қандай қизғин, баъзида кескин ва муросасиз баҳслар бўлиб ўтгани алоҳида эслаб ўтилган.
Ўшандай қалтис ва мураккаб вазиятда, Юртбошимиз ҳақли равишда қайд этганидек: “оғир-вазминлик билан иш тутиб, ҳар томонлама ўйлаб, мулоҳаза қилиб, барча сиёсий ва ижтимоий гуруҳларнинг талабларини қондирадиган, энг муҳими, халқимиз ва Ватанимиз манфаатларига жавоб берадиган ягона тўғри йўлни топишга эришдик”.
Давлат тили тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши ўзбек халқининг миллий ўзлигини англаши ва миллий қадриятларини тиклаши йўлида тарихий аҳамият касб этди. Мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Ўз она тилини билмаган одам ўзининг шажарасини, ўзининг илдизини билмайдиган, келажаги йўқ одам, киши тилини билмайдиган унинг дилини ҳам билмайди, деб жуда тўғри айтишади”.
Шу тариқа 1989 йили қабул қилинган “Давлат тили тўғрисида”ги қонун Ўзбекистоннинг Истиқлол сари қўйган биринчи мустақил ҳуқуқий қадами эди. Ушбу улкан ютуқ мустақиллик учун курашнинг узвий таркибий қисми ҳисобланади. Бу она тилимиз ва Истиқлолимиз бир-бири билан чамбарчас боғлиқлигининг яна бир ёрқин намоёни бўлди.
ЎЗБЕК ТИЛИНИНГ КОНСТИТУЦИЯВИЙ МАҚОМИ
Миллий қадриятларимизнинг асосий устунларидан бири бўлган она тилимизга давлат тили мақоми берилиши – суверен Ўзбекистон Республикаси Конституциясини тайёрлаш, муҳокама этиш, қабул қилиш ва унинг амал қилиши йўлида энг муҳим аҳамият касб этган тарихий воқеалардан биридир. Зеро, Конституциямиз ўзбек тилида тайёрланган ва қабул қилинган биринчи Асосий қонун сифатида биз учун жуда қадрлидир. Шу тариқа илк бор ўзбек тили конституциявий институт сифатида эътироф этилди.
Конституция лойиҳасининг матни Тил ва адабиёт институтида лингвистик экспертизадан ўтказилгани, яъни ўзбек тили талаб ва қоидаларига риоя этилиши нуқтаи назаридан ўрганилгани муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида қайд этиш даркор. Шу боис Бош қомусимиз тили ўзининг аниқлиги ва лўндалиги, равонлиги ва халқчиллиги билан ажралиб туради.
Асосий қонунимизнинг ҳар бир моддаси аниқ ва равон ўқилади. Сўз ва жумлалар содда, тушунарли. Бу эса матнда аниқликни таъминловчи омил бўлиб хизмат қилган. Конституция тилининг лексик жиҳатига эътибор берилса, унда асл туркийча – ўзбекона сўзлар билан бир қаторда, халқаро ҳуқуқ атамаларини ҳам учратиш мумкин.
Зотан, Конституция – биз учун нафақат муҳим ҳуқуқий қўлланма, балки ғурур-ифтихор, айни вақтда, шу заминда истиқомат қилаётган, миллати, тили, динидан қатъи назар, барча инсонлар учун мустаҳкам бир ҳимоя. Мустақиллик Қомусимиз миллий истиқлол ғоясини ва умумбашарий қадриятларнинг энг яхши жиҳатларини ўзида мужассам этган ҳолда, она тилимиз, миллий анъаналаримиз, халқимизнинг бебаҳо қадриятлари ва маданий меросини тиклашни таъминлагани, “инсоннинг маънавий камол топиши ва ҳар томонлама уйғун ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар” яратгани билан ҳам ғоятда аҳамиятлидир.
Шундай зарур шарт-шароитлардан бири сифатида ўзбек тили тараққиёти учун мустаҳкам норматив-ҳуқуқий база яратилди.
Биринчидан, “Давлат тили тўғрисида”ги қонунда мустаҳкамланган муҳим ҳуқуқий қоидалар эндиликда Асосий қонунимизнинг 4-моддасида қуйидагича муҳрлаб қўйилди: “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади”.
Иккинчидан, 1989 йили “Давлат тили тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши муносабати билан 1990 йили Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат тили тўғрисида”ги қонунни амалга ошириш давлат дастури тўғрисида”ги қарори кучга киритилди.
Учинчидан, Президентимиз 1991 йил 31 августда имзолаган “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисида”ги конституциявий қонуннинг 16-моддасида ўзбек тили давлат мустақиллиги рамзларидан бири сифатида муқаддас деб эътироф этилди.
Тўртинчидан, 1993 йилда “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Бешинчидан, 1995 йили “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг янги таҳрири қабул қилинди.
Олтинчидан, 1996 йили ушбу қонунни амалга оширишга қаратилган давлат дастурига тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг қарори ва шу каби бошқа ҳужжатлар қабул қилинди.
Шу тариқа ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётнинг барча соҳаларида давлат тилининг ривожига қаратилган норматив-ҳуқуқий асос яратилди. Энг муҳими, ушбу соҳада қабул қилинган қонун ҳужжатлари нафақат ўзбек тили, шу билан бирга мамлакатимизда яшаётган барча миллат ва элатларнинг ўз она тилини ривожлантириш ва уни эркин қўллашдан иборат конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланишнинг мустаҳкам кафолати бўлиб келмоқда.
“...ГУҲАРИ ШАРИФРОҚ ЙЎҚ ОНДИН”
Тил ва сўз – инсониятнинг энг буюк мўъжизаларидир. Ҳазрат Алишер Навоийнинг аксарият асарларида ана шу мўъжизалар қудрати, таъсир кучи, жилвасига теран таъриф берилган. Сўз мулкининг султони инсонни ҳайвонот оламидан фарқловчи асосий белги ҳам сўз эканини қуйидагича тараннум этган:
Инсонни сўз айлади жудо ҳайвондин,
Билким, гуҳари шарифроқ йўқ ондин.
Шу маънода, Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги кенг нишонланадиган йилда – 2016 йил 13 майда Президентимиз томонидан қабул қилинган “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида”ги фармонга мувофиқ, янги ташкил этилган Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетига Алишер Навоий номи берилгани ҳамда бош бино олдида улуғ шоир ва мутафаккир бобомиз ҳайкалини ўрнатиш белгилангани ҳам мантиқан асосли, ҳам фахру ифтихор уйғотади.
Бу – бежиз эмас. Нега деганда, фармонда эътироф этилганидек, “Алишер Навоий умумбашарият маданий хазинасидан муносиб ўрин олган ўлмас асарларини айнан она тилимизда яратиб, унинг шуҳратини бутун дунёга тараннум этди”. Она тилига муҳаббат, унинг беқиёс бойлиги ва буюклигини англаш туйғуси ҳам бизнинг онгу шууримиз, юрагимизга аввало Навоий асарлари билан кириб келади.
Биз бу буюк зотнинг номини қанчалик улуғласак ва бебаҳо меросидан халқимизни, айниқса, ёшларимизни қанчалик кўп баҳраманд этсак, “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида таъкидланганидек, “миллий маънавиятимизни юксалтиришда, жамиятимизда эзгу инсоний фазилатларни камол топтиришда шунчалик қудратли маърифий қуролга эга бўламиз”.
Шу ўринда Истиқлолнинг илк йили – 1991 йил мамлакатимизда “Алишер Навоий йили” деб эълон қилингани, шунингдек, Юртбошимизнинг 1991 йил 19 сентябрдаги қарорига кўра Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Адабиёт илмгоҳига Алишер Навоий номи берилганини ҳам эсга олиш жоиз. Ўтган даврда амалга оширилган ана шундай кўплаб эзгу ишлар, албатта, юртимизда бу борадаги саъй-ҳаракатлар давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари асосида изчил ва босқичма-босқич, қатъий ва тизимли асосда олиб борилаётганидан далолатдир.
Чиндан ҳам, ўзбек тилига эътибор Президентимиз фаолиятида доимо марказий ўринда туради. Шу билан бирга, миллий қобиқда чекланиб қолмасдан, хорижий тилларни ўрганишга ҳам мунтазам эътибор қаратиб келинмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 10 декабрда “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани бу фикримизни тасдиқлайди.
Қарорга кўра, 2013-2014 ўқув йилидан бошлаб мамлакатимизнинг барча ҳудудларида чет тилларни, асосан, инглиз тилини ўрганиш умумтаълим мактабларининг биринчи синфларида ўйин тарзидаги дарслар ва оғзаки нутқ дарслари шаклида, иккинчи синфда эса алифбо, ўқиш ва грамматикани ўзлаштириш босқичма-босқич йўлга қўйилгани эътиборга лойиқдир.
Президентимиз фармонига биноан янги университет таркибида ўзбек филологияси ҳамда ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш факультетлари билан бир қаторда, ўзбек-инглиз таржима факультетини ташкил этиш белгилангани тимсолида ана шу замонавий ва адолатли ёндашувга тадрижий асосда риоя қилинаётганига яна бир бор амин бўлдик. Шу билан бирга, университет таркибида Ўзбек тили ва адабиёти илмий-тадқиқот институти, шунингдек, Ўзбек тили ва адабиёти музейи фаолият юритиши ҳам ғоятда муҳимдир.
ЎЗБЕК ҲУҚУҚИЙ ТИЛИ ИСТИҚБОЛЛАРИ
Ўтган даврда “Давлат тили тўғрисида”ги қонуннинг давлатимиз ва жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларига чуқур татбиқ этилаётгани ўз самараларини бермоқда. Ҳуқуқ ва қонун ижодкорлиги соҳасидаги ўзгаришлар хусусида сўз юритганда, авваламбор, ушбу қонун, шунингдек, Конституция лойиҳалари матнининг ўзбек тилида тайёрланиши бу борада ғоятда ибратли намуна бўлганини таъкидлаш лозим.
Қонун ўзбек тили равнақига, шу жумладан, ўзбек ҳуқуқий тили, қонунчилик тили ривожига кучли таъсир кўрсатди. Президентимиз тавсияси асосида Олий Мажлис таркибида ташкил этилган Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссияси самарали иш олиб бормоқда. Бинобарин, қабул қилинадиган қонунларимиз ҳамма учун тушунарли ва халқона, содда ва равон тилда ёзилиши керак.
Тил тараққиётида Конституция, қонунлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳим роль ўйнайди. Эркинликнинг буюк хартияси, АҚШ Конституцияси, Наполеон Кодекси каби бутун дунёга машҳур тарихий ҳуқуқий ҳужжатлар инглиз ва француз тиллари ривожига катта ҳисса қўшгани ҳам бунинг яққол исботидир.
Ўз навбатида, Президентимиз фармони ижроси доирасида амалга ошириладиган аниқ чора-тадбирлар, хусусан, юриспруденция, ҳуқуқшунослик соҳалари, ҳуқуқий тарбия ва тарғибот жараёнларида ўзбек тили ўзининг ҳақиқий ўрнини эгаллашига эришиш, шу мақсадда замонавий дарсликлар, қиёсий луғатлар яратиш, зарур ҳуқуқий атама ва иборалар, юридик тушунча ва категорияларни ишлаб чиқишда катта туртки бўлиши тайин.
Хусусан, ўзбек-инглиз, ўзбек-француз, ўзбек-немис тилларида ва шу каби бошқа икки ва кўп тилли ҳуқуқий луғатлар тайёрлаш лозим. Ҳуқуқий атамалар луғатлари, шу жумладан, ўзбек ҳуқуқий атамалари изоҳли луғатини тайёрлаш ва нашр қилиш керак. Қолаверса, ўзбек ҳуқуқий тили қомусини яратиш зарур, деб ўйлаймиз.
Яна бир мулоҳаза шуки, миллий қонунларимизни жаҳон тиллари, авваламбор, БМТ расмий тилларига таржима қилиш ва чоп этиш муҳим аҳамиятга эга. Бу, ўз навбатида, юртимиз иқтисодиётига хорижий сармояларни жалб этиш, умуман олганда, халқаро сиёсий ва иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш учун жуда зарур.
Бир сўз билан айтганда, ҳуқуқшунослар ўзбек юридик (ҳуқуқий) тилининг имкониятларини кенгайтириш борасида изчил иш олиб боришлари тақозо этилади.
Шундай қилиб, Президентимизнинг фармони бугунги кунда ўта долзарб масала бўлиб турган она тилимизнинг қўлланиш доирасини кенгайтириш, унинг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш ва илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш борасида ҳуқуқий дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Айни чоғда, фармон нафақат ўзбек тили ва адабиёти ривожи, балки юртимиздаги барча тиллар ва адабиётлар, барча соҳалар ва йўналишлар тараққиёти учун беқиёс аҳамиятга эга тарихий ҳужжатдир. Шундай экан, Юртбошимиз ушбу ҳужжат тимсолида белгилаб берган истиқболли вазифаларни ҳаётга изчил татбиқ этиш борасида бутун жамиятимиз, ҳар биримиз масъулмиз.
Акмал САИДОВ,
юридик фанлар доктори, профессор