Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
13 май, пайшанба. 2021 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

27.04.2021


ЮРТ БАЙРОҒИ ҚАРШИДА 62,5 МЕТР БАЛАНДЛИКДА ҲИЛПИРАЙДИ

Истиқлол объектлари

Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида Қарши шаҳридаги Мустақиллик майдонида баландлиги 62,5 метрга тенг Давлат байроғи ўрнатилади.

Бугунги кунда майдоннинг амфитеатр олдидаги хиёбон билан туташ қисмида улкан байроқ устуни пойдевори бунёд этилмоқда. Бу ноёб объектнинг  буюртмачиси Қарши шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бўлса, пудратчиси "Воҳа махсус монтаж сервис" масъулияти чекланган жамиятидир.

Корхона вакилларининг айтишича, байроқнинг устун (флагшток)и  диаметри 430 миллиметрдан 1220 миллиметргача бўлган пўлат қувурлардан ташкил топади. Унинг барча бутловчи қисмлари махсус буюртма асосида пойтахтдаги "Бектемир металл конструкциялари" қўшма корхонаси томонидан тайёрлаб қўйилган. Бичими 25 метрга   10 метрдан иборат байроқнинг ўзи эса Фарғона водийсидаги ишлаб чиқариш корхоналаридан бирида тикилган. Шартномаларда кўзда тутилган маблағ ўтказилиши биланоқ ҳамкорлар уларни махсус техникалар ёрдамида вилоятимиз марказига етказиб беради.

Лойиҳага кўра, Давлат байроғи ўрнатилгач, унинг атрофидаги 2 минг квадрат метрлик ҳудуд ободонлаштирилиб, майсазор ва гулзорлар барпо этилади, манзарали дарахтлар экилади ва янги йўлакбоп плиткалар териб чиқилади. Айни пайтда Мустақиллик майдонининг шу қисмида байроқнинг тарихи ва тавсифи акс этган тош лавҳлар ҳам ўрнатилади.

Очиқ манбалардан олинган маълумотларга қараганда, Қарши шаҳридаги Давлат байроғининг биргина устунини бунёд этишга 1 миллиард 350 миллион сўм маблағ сарфланади.

Ўз мухбиримиз

 

Report typo