Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Раҳматилло УСМОНОВ

13.06.2017


ЗАКОТ – БАРАКА БЕЛГИСИ

Рамазон ойида қилинган эзгу ишларнинг савоби ҳақида Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: “Кимда ким Рамазон ойида бирор бир нафл амални бажарса, у бошқа ойда фарз амални адо қилган билан тенг бўлади. Кимда ким бу ойда бир фарз амални бажарса,  бошқа ойдаги етмишта фарз амални адо қилган билан тенг бўлади”. Шунга кўра, закот ва нафл садақаларини ҳам Рамазон ойида адо этишнинг фазилати ниҳоятда каттадир.

Маълумки, ислом динининг асосларидан бири, бу – закот ибодатидир. Закот молиявий ибодат бўлиб, луғатда “поклаш”, “ўсиш” маъноларини билдиради. Қуръони каримда бу сўз йигирма етти бора намоз билан бирга қайд этилган. Бу намоз билан закот бир-бирига чамбарчас боғлиқ эканлигига далолатдир.

Закот муайян миқдордаги маблағга эга бўлган мусулмоннинг зиммасига фарз бўлади. Закотни вожиб қилувчи муайян миқдор шариат тилида нисоб дейилади. У тилла ва кумуш, пул, мева ва деҳқончилик маҳсулотлари ҳамда чорва молларидан берилади. Закот бериладиган молнинг нисоби пайғамбаримиз (с.а.в.) томонидан қатъий белгилаб берилган. Масалан, тилланинг нисоби (85 г) 20 мисқол бўлиб, ундан (2,125 г) 0,5 мисқол, яъни қирқдан бири закот учун ажратилади. Закот вожиб бўлиши учун юқорида айтиб ўтилган нисоб миқдори мавжуд бўлиши ҳамда у бир йил давомида кўпайган бўлиши шарт.

Чорва моллари жумласига туя, қорамол ҳамда қўй-эчкилар киради. Туянинг сони 5 та бўлса нисобга етган ҳисобланиб, ундан 1 та қўй закот учун ажратилади. Қорамолнинг нисоби ўттизта бўлиб, ундан бир ёшли бузоқ закотга чиқарилади. Қўй ва эчкининг сони қирқтага етганида нисоби тўлган ҳисобланиб, ундан битта қўй ёки эчки закотга чиқарилади.Чорва молларидан закот вожиб бўлишида тилла ва кумуш учун белгиланган шартлар бўлиши, яъни бир йил давомида кўпайиши, бундан ташқари, чорва моллари ярим йилдан кўпроқ вақт давомида яйловда ўтлатилган бўлиши шарт. Аммо ем-хашакни 6 ойдан ортиқ ташиб келиб боқилган бўлса, закот вожиб бўлмайди. Агар тижорат ниятида боқилаётган бўлса, қиймати ҳисобланиб закоти чиқарилади. Агар деҳқончилик лалми ер маҳсулоти бўлса, ундан ушур (ўндан бир), суғориладиган ердан олинган маҳсулот бўлса, ушурнинг ярми (йигирмадан бир) қисми миқдорида закот чиқарилади. Ушур ҳосил териб олинган вақтда берилади.

Бундан ташқари, нақд пул ва тижорат молларидан ҳам закот берилади. Уларнинг нисоби эса тилла ва кумушнинг нисобига қиёсан белгиланади.

Закотнинг қабул бўлиши унинг ўз эгасига берилишига боғлиқ. Аллоҳ таоло Қуръони каримда закот бериладиган ўринларни аниқ баён қилиб берган: “Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (ғайридин)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир”. Бу саккизта ўриндан ғайридинлар, қулларга беришнинг ҳукми бекор қилинган.

Закот улуғ ибодат бўлиши билан бирга, унда буюк инсоний фазилатлар мужассам, закот бериш туфайли киши руҳий, ахлоқий камолотга эришади. Бунинг учун закот берувчида ихлос ва самимият бўлса бас. Закотнинг савоби янада мукаммал бўлиши учун унинг муносиб ўринларга берилиши муҳимдир. Закот берсам бўлди, мен фарзни адо этган бўламан, деб хоҳлаган кишига бериб юбориш динимиз кўрсатмаларига мутлақо зиддир. Чунки номуносиб кишига берилган маблағингиз, гарчи у ҳалол йўл билан топилган бойлик бўлса ҳам, ношаръий ишларга йўналтирилиб, закот берувчи гуноҳкор бандалар қаторига тушиб қолиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳалолидан топган бойлигингиздан ажратилган закот бева-бечора, етим-есир, камбағал, муҳтож оилаларга, шунингдек, юртимизнинг турли билим юртларида таҳсил олаётган ёрдамга муҳтож талабаларнинг ўқув шартнома тўловларига йўналтирилса, ҳам фарзни адо этган бўламиз, ҳам катта савобга эришамиз.

Закот берувчи одам уни чин қалбдан, хурсанд ҳолда ўз хоҳиши билан адо этиши лозим бўлади. Закотни олувчи одам ҳам уни олаётганда хижолат бўлмасдан, Аллоҳ берган ҳақни олаяпман, бу менинг ҳаққим, деб билиши керак.

Аллоҳ таоло инсон зотини азизу мукаррам қилиб яратди, унга ақл ва идрок берди. Қалби пок, жисми тоза бўлишини илоҳий таълимотлар орқали билдирди, ҳатто топаётган мол-дунёси ҳам пок ва баракали бўлиши учун унга закотни фарз қилди. Бу ҳам закотнинг ҳикматларидан биридир.

Қайси жамият бўлмасин, унда кам таъминланган тоифалар топилади. Унда ижтимоий адолатни барпо этишда закотнинг ўрни муҳим. Буни барча бирдек яхши билиши зарур. Закот бериш ва олиш жамиятда инсонларда бунёдкорлик руҳини вужудга келтиради. Улардан ҳаёт қийинчиликларини, изтироб ва машаққатни кетказади, бузғунчилик ва ҳасадни йўқотади.  Жамият аъзолари ўртасида ўзаро меҳрибонлик, раҳм-шафқат, тенглик, адолат ва муҳаббат вужудга келади.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: “Мол-мулк садақа қилиш билан зинҳор камаймайди”. Закотнинг ҳикматидан бири – закот берувчига ҳам, олувчига ҳам, улар яшаб турган жамиятга ҳам кўплаб фойда бор. Қолаверса, шу туфайли мулкдор тарафнинг қалби, руҳи покланиб, саховат ва мурувват фазилатларига эга бўлади.

Аллоҳ таолонинг бизга берган мол-дунёсидан белгиланган закот унинг барокатли бўлишида асосий омил бўлиши билан бирга закот олувчиларга ҳам катта манфаати бордир. Шунга монанд, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши жорий йилдаги закот, фитр садақа ва фидя бўйича қарор қабул қилди. Унга кўра, 2017 йил учун 1 грамм тилланинг бугунги кунда бозордаги ўртача нархи 185 минг сўм эканлиги эътиборга олиниб, 85 г тилла ҳисобидан закот нисоби 15 миллион 725 минг сўм эканлиги ва мазкур сумманинг қирқдан бир ҳиссаси, яъни 393 минг 125 сўм миқдорида закот чиқариш лозимлиги белгиланди.

Бу йилги фитр садақаси миқдори 2 кг буғдой нархидан келиб чиқиб белгиланди. Бугунги кунда бозорда 1 кг буғдойнинг нархи ўртача 3 минг сўм бўлса, демак    2 кг буғдой нархи 6 минг сўмни ташкил этади. Фидя миқдори эса доимий узр билан рўза тутолмайдиган кишилар учун бир оч одамнинг бир кунлик озиқ-овқати    баробарида бўлиб, бу ўртача 12 минг сўм қилиб белгиланди.

Моҳи Рамазон барчамизга муборак бўлсин!

Раҳматилло УСМОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби

Report typo