Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ЖЎРАЕВ

30.12.2016


ЗАМОНАГА МОС МИЛЛИЙ ҲУНАРМАНДЧИЛИК

 

Қолаверса, ҳукуматимиз томонидан аёллар, уй бекаларида ишбилармонлик кўникмаларини шакллантириш, уларнинг илғор ташаббуслари, бизнес-режаларини рўёбга чиқариш, моддий манфаатдорлигини ошириш, бунинг учун зарур шарт-шароитларни яратиб беришга устувор аҳамият қаратилаяпти. Бунинг натижасида даромадли фаолиятни йўлга қўяётган тадбиркор хотин-қизлар сафи кенгаймоқда.

Ўтган йили вилоятимиздаги тижорат банклари томонидан 2 минг 592 нафар тадбиркор аёлга қарийб 60 миллиард сўм миқдорида кредитлар тақдим этилгани ҳам мамлакатимизда хотин-қизлар тадбиркорлиги ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганининг амалдаги тасдиғидир. Бунинг эвазига жойларда кўплаб ишлаб чиқариш цехлари ва хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолият бошлади, мавжудларида маҳсулдорлик ошди, қамров кенгайди. Шунингдек, тегишли лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга оширилиши 2500 дан зиёд кишини ишли қилиш имконини берди.

Бу борада эришилаётган ютуқларда “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон Ишбилармон аёллар ассоциацияси вилоят бўлимининг ҳам улуши бор.  Бўлим қошида ташкил этилган устоз-шогирд мактаби фаолияти бунда алоҳида ўрин тутади. Бу ерда таҳсил олган хотин-қизларнинг аксарияти бугун ўз мустақил бизнесига эга.

- Мактабимизда ёш қизларга тикувчилик ва каштачилик каби миллий ҳунармандчилик сирларини ўргатаяпмиз, - дейди бўлим раиси Ойниса Очилова. – Мўъжазгина цехимизда замонавий тикув дастгоҳлари ўрнатилган. Бу ерда асосан миллийлигимизга хос, даврга мос либослар тикилаяпти. Бундан ташқари, мактабимизда ёшлар тадбиркорлик асослари, мамлакатимизда ишбилармонларга берилаётган имтиёзлар, солиқ сиёсати, кичик бизнес субъектини ташкил этиш, фаолиятини юргизиш, тижорат банкидан кредит олиш ҳақида билим эгаллашади. Ҳудудий ташкилотларимизда ҳам худди шундай мактаблар фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, Шаҳрисабз ва Қарши туманларида қизларга пазандаликдан сабоқ берилаётган бўлса, Ғузор туманидаги аёллар оилавий тадбиркорлик, жумладан, уй шароитида паррандачилик билан кенгроқ шуғулланиш бўйича тажриба орттиришмоқда. Касбилик хотин-қизлар тикувчилик, миллий қуроқчилик анъаналарини ўзлаштириш имконига эга бўлаяпти.

Албатта, ҳунарли инсон кам бўлмайди. Аёл кишининг ҳунари мустақил тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга асос бўлаётгани эса янада яхши. Чунки бундай тадбиркор хотин-қизларнинг кўпайиши истеъмол бозорининг рақобатдош маҳсулотлар билан тўлишига, янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади. Шу орқали оилалар  фаровонлиги таъминланади, аёлларнинг жамиятдаги мавқеи юксалиб бораверади.

М.ЖЎРАЕВ

* * *

Суратда: бўлим қошида ташкил этилган устоз-шогирд мактаби фаолиятидан лавҳа.

Жамшид  НОРҚОБИЛОВ олган сурат.

Report typo