Шу йилнинг 22 ноябрь куни соат 16:00 да Ҳ.Р. Косон тумани Пахтазор маҳалласида жойлашган озиқ-овқат маҳсулотлари бозорчаси ёнида 24 ёшли М.Б.ни кўриб қолиб, ўрталаридаги эски адоват ёдига тушади. Кейин акалари – Р.Р., О.Р. ва бошқаларни бўлажак жанжалга чақиради.
Бундан хабар топган М.Б.нинг яқинлари – отаси, 57 ёшли М.М., акаси ва поччаси ҳодиса жойига етиб боради. Улар орага кириб, жанжалнинг олдини олмоқчи бўлганида, ака-укалар совуқ қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган ашёларни ишлатиб, М.Б.нинг қариндошлари турли жойларига қасддан уриб, тан жароҳати етказишади. Натижада жароҳат олганлар туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилишга мажбур бўлади.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодекси 104-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, Ҳ.Р. ва О.Р.га нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги, Р.Р.га эса “гаров” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Шифохонада кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, 57 ёшли М.М. олган тан жароҳати туфайли жорий йилнинг 11 декабрь куни шифохонада вафот этган. Шунга асосан жиноят иши қайта малакаланган.
Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги тергов департаменти хабарига кўра, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.