Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

10.05.2017


ЖЎЛОМОНГА АТАЛГАН НОМА

Кейинроқ бу асарни (“Асрга татигулик кун”) яна қайта-қайта ўқидим. Сени яратган, дунёга донгдор адиб – Чингиз Айтматовнинг сен орқали нима демоқчи эканини англашга уринишим ортидан кўпдан-кўп хулосалар, таҳлиллар чиқиб келаверди, асар маъно-мазмунига сингдирилган ғоя – хотира муқаддаслиги, қадр азизлиги, инсон уларсиз аслида ҳеч ким эканлиги  сен ва сен кабиларнинг ёзувчи ўйлаб топган қиёфасию аччиқ, аянчли тақдирида чизиб кўрсатилганини тушундим.

Рости, ўша пайтларда қиёфанг менга бироз бўрттирилгандай туюлганди. Эдигей Бўрон сенга ўхшатган лоқайд кимса – отасининг сўнгги истагини бажаришдек муқаддас бир вазифадан осонгина юз бурган Собитжон ҳам менга шундай туюлганди. Орадан вақт ўтди, йиллар шиддати сенинг қўлингдаги таранг тортилган камон сингари эмасми, эврилаётган замон қанотида янги-янги ғоялару қарашлар чиқа бошлади. Гуруҳ-гуруҳ кучлар, турфа қудратлар жаҳонни ўз қаламравига олишга, ҳукмига бўйсундиришга уринмоқда. Уларнинг хавфи бугунги ахборот асри деб аталмиш даврда сенинг ўша олис замонангда сен кабиларни шафқатсизларча хотирангдан жудо қилган ўша ёвуз қабила – жунгжанглар қутқусидай хатарли, қўрқинч. Ўзини турли-туман номлар билан атаётган, гоҳ террорчилик, гоҳ миссионерлик кўринишида жазава билан тўр ёяётган, уя қураётган бу тўдаларнинг қилмишлари ҳақида ўқисам доим сенинг душманинг бўлган жунгжанглар ёдимга тушаверади. Зеро, уларнинг ҳам ҳужуми энг муқаддас қадрият – инсон хотирасига қаратилган эмасми, улар одамзод учун азиз саналган шу туйғуни оёқости қилишга уринмаяптими аслида? Жунгжанглар сен ва қабиладошларингни ўз маконларига ҳайдаб кетиб, ақл бовар қилмас усуллар билан эс-хотирадан жудо қилгану, саҳрода энг қийин юмушларни бажартирган бўлса, бугунгилар бутун сайёрани саҳрога айлантириш, ундаги одамларни манқурт кўйига тушириш ниятида. Уларнинг бу ёвуз мақсадини амалга оширадиган энг хавфли қуроли эса ахборот. Бу шундай хатарли оқимки, худди сенинг миянгни саҳронинг офтобию бошингга тортилган туя териси қандай исканжага олган бўлса, инсон онгини ундан-да баттарроқ сиқувга олади, шуурини қамраб, эс-ҳушини батамом олиб қўяди. Кейин эса ўзи истаган кўйга солади: хоҳласа, дунёга ўт қўйдиради, хоҳласа, сув бостиради...

Бугун дунёда жунгжанглар авлодлари бўлган бу ёвуз кучларнинг ўйинларини кузата туриб, бир вақтлар сен қилган ишдан шу қадар ларзага тушганимни эслаб, аччиқ жилмаяман, холос. Менимча, бошқалар ҳам шундай қилишаяпти. Шу пайтгача сени айблаб, жунгжанглар билан баравар осий санаб келган бўлсак, бугун сенинг ишингдан у қадар ҳайратланмай ҳам қўйдик. Аксинча, сенга ўтказилган таъсир кучи билан, йўқотган энг қиммат бойлигинг – хотирангсиз сен бундай мудҳиш жиноятни юз карра, минг карра ҳам қилаверардинг, юзинг қилт этмас, юрагинг бир марта бўлсин, жиз этиб қўймаслиги табиий эди. Сен-ку, бу кўйга ўзинг истамай тушдинг, бугунги манқуртлар-чи? Ўзлари истаб, билиб, англаб туриб, бузғунчи ғояларга эргашаётганлар, вайронкорлигу ахлоқий бузуқликни тарғиб этаётганларнинг аҳволи сеникидан минг карра аянч, минг карра хароб.

Бугун ҳайратимни бошқа бир жиҳат уйғотади – даҳо адиб айнан бугунни тасаввурида аниқ-равшан кўргани, сен кабилар қиёфасида ҳозирги манқуртларни билиб-билиб тасвирлагани мени лол қилади...

Мана, сен қаршингда нолаю фиғон чекиб турган муқаддасу мўътабар зот – онангга лоқайд, бепарво қараб турибсан. Ваҳоланки, бу мушфиқ она сени вужудида авайлаб кўтарган, не-не азоблар чекиб, дунёга келтирган, не-не умидлар билан вояга етказган эди. Аждодларинг каби ботир, ёвқур, юртга кўкси қалқон бўладиган алп йигит қилиб ўстирган эди. Унинг умидларини рўёбга чиқараётган бир паллангда ёв қўлига асир тушдингу бедарак кетдинг. Сенинг бадар кетганингга қабиладошларинг ҳам, ўз яқинларингу севганинг ҳам кўнди, аммо шу мунис аёл – онанг зинҳор кўнмади. Унинг қордай оқ, фариштадай пок кўнгли сенинг тириклигингни сезди. Дарагингни карвонлардан эшитиб, не азоб-уқубатларга дош бериб, мусичадек жонини гаровга қўйиб, сенинг олис маконингни топиб келди. Қушдек чирқиллаб сенга ўзини, ўзингни танитмоққа уринди. Исмингнию отангни, боболарингни, қадрдон гўшангни эслатмоққа, йўқолган хотирангни тикламоққа уринди, қайта-қайта ҳаракат қилди. Аммо ёвузлар бундан хабар топдилар, сенинг бўм-бўш миянгни ахборот билан лиқ тўлдирдилар, гўё бу аёл сенга бегона, у сенга ёмонлик қилиш учун келган. Сўнг қўлингга қурол бердилару сен Найман онани ҳалок қилдинг, демакки, ўз хотирангни ўлдирдинг! Туя ортида писиб, онага қарата камон ўқталиб турган вақтингни қайта-қайта кўз олдимга келтираман. Ажаб, ўша дақиқаларда мўъжиза юз бериб, миянгнинг чуқур қатларида мудраб ётган хотиранг уйғониб кетса, сен қай аҳволга тушардинг? Зор қақшаб турган сабаби вужуд - онангни ўлдириш арафасида турганингни англаб етсанг, нима бўларди?

Минг афсуски, адиб хаёлоти бунга изн бермаган: у фақат сен ва сен кабиларнинг жамият учун қанчалик хавфли, хатарли эканини англатишни мақсад қилганди, холос. Ва бу мақсадига у эришди ҳам: бугунги талотўп замонда, гоҳ урушсеварларнинг ёвуз эрмакларининг оқибатларига, гоҳ оломонча маданиятини тиқиштираётган қиёфасизларнинг бемаъни ҳою ҳавасларига қараб туриб, унинг даҳоси келажакдан шу қадар тиниқ башорат берганидан ҳайратланамиз,  шу билан бирга, бу ҳайрат изидан сабоқ, хулоса ҳам бош кўтаради. Қадриятларимизни эъзозлаш, ёшларни, мурғакларни шу қадриятлар қуршовида, уларнинг эзгу қоидалари оғушида тарбиялаш лозимлигини англаймиз...

Хотиридан жудо қилинган, миллатидан айро этилган, пешонасига шўр қисмат битилган Жўломон!

Қара, бугун бизникилар Хотира ва қадрлаш кунини байрам қилишаяпти. Бизнинг юрт болалари устозлари етагида қўлларида даста-даста гуллар билан сен қатнашган ўша қабилалараро жангдан минг карра хатарли кураш - Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларининг қошига ошиқаяпти, уларнинг уруш ҳақидаги ҳикояларини тинглаяпти, бугунги тинчликнинг қадрини ўзларига таъкидлаб қўяяпти. Майли, эҳтимол, бу мурғакларга оппоқ соқоли кўксига тушган боболари, кумушдек соч толалари оқ рўмоли рангига уйғунлашиб кетган момоларининг уруш деса, кўзларига ёш келиши ғалати кўринар. Балки 80 дан ошган момосининг ҳамон бобоси дастурхонга келмаса, таом емаслиги ҳайратга солар. Ота-онасининг нега ҳар байраму ҳайитлар арафасида уйдаги кексалар қистови билан олис шаҳар ё чекка қишлоқда яшаётган қони бир қариндошларини йўқлашга боришини, устига устак, ўзларини ҳам етаклаб олиб боришларини, “танишиб қўй-чи, бу қариндошинг бўлади”, дея мезбонларнинг болалари билан кўриштиришларини дарров ҳам англамас. Ёки умрини ҳалол меҳнатга тиккан, эл ичида обрў қозонган фахрийларга нима боис бу қадар эъзозу ҳурмат кўрсатилишини бирдан тушуна қолмас. Бироқ уларнинг бийрон тилларида тийрангина дилларидан чиқаётган саволлари бисёр, “Нега? Нега?”ларга бобо-момолари, ота-оналари, амакию аммалари, тоғаю холаларидан батафсил жавоб олмагунча тинчишмайди. Ва сенинг ҳикоянгни ҳам таъсирланиб ўқишади, сенга ўхшамасликка аҳду қарор қилишади, хотираси уйғоқ, қадр деган туйғунинг нондай азизлигини билиб олишади.

Сен эса афсона қатларида қолаверасан. Дарвоқе, сенинг ҳозирги авлодларинг – замонавий манқуртлар узоққа бора олмайди. Улар ҳам эртага афсонага айланиши муҳаққақ. Зеро, эзгулик тантана қилаверади. Хотира – азиз, қадр эса муқаддасдир...

 

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

Report typo