Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

01.12.2022


Жанубий Кореянинг "SK Nexilis" компанияси воҳамиздаги ЭИЗга қизиқиб қолди

Қашқадарё ва дунё

Электромобиллар учун мўлжалланган литий-ионли аккумуляторларда қўлланиладиган мис фольга ишлаб чиқарувчи "SK Nexilis co. Ltd" компанияси (Жанубий Корея) воҳамизда ташкил этилган эркин иқтисодий зонага қизиқиш билдирмоқда.

Яқинда мазкур компаниянинг глобал кенгайтиришни режалаштириш гуруҳи менеджерлари Ли Терин ва Ли Джимин Қашқадарёда бўлиб, вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси ҳамда эркин иқтисодий зона дирекцияси вакиллари билан икки томонлама ўзаро ҳамкорлик бўйича музокара ўтказишди.

Вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармасининг расмий Telegram-каналида қайд этилишича, учрашув давомида кореялик ҳамкорларга эркин иқтисодий зона, унда мавжуд қулайлик ва афзалликлар ҳақида тўлиқ маълумот берилди. Хорижий корхонанинг талаб ва таклифлари юзасидан фикр алмашилди, келгусида ҳамкорликда  ишлаш тўғрисида фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилди.

Шу ўринда аниқлик киритиш жоизки, "SK Group" конгломерати таркибига кирувчи Кореянинг "SK Nexilis co. Ltd" компанияси яқинда Польшада электромобиллар учун литий-ионли аккумуляторларда қўлланиладиган мис фольга ишлаб чиқаришга ихтисослашган завод қуришни бошлади. Лойиҳа қиймати 900 миллиард вона (693 миллион доллар)га баҳоланаётган мазкур корхона Европада бу турдаги маҳсулотнинг энг йирик ишлаб чиқарувчисига айланиши мумкин.

Польшадаги заводдан ташқари, "SK Nexilis co. Ltd" 2021 йилнинг июль ойида Малайзияда ҳам худди шундай корхона барпо эта бошлаганди, шунингдек, у тез орада Шимолий Америка қитъасида учинчи заводни қуриб битказишни мўлжалламоқда. Мазкур компания 2025 йилга бориб аккумуляторлар учун мис фольга ишлаб чиқариш бўйича глобал қувватини йилига 250 минг тоннагача ошириш ниятида.

Ўз мухбиримиз

Report typo