Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Раҳматилло УСМОНОВ

30.12.2016


“Жиҳод” ва “ҳижрат”: АСЛИЯТ ВА ТАЛҚИН

 

“Жиҳод” сўзи луғатга асосан “бор имкониятни ишга солиб ҳаракат қилиш” маъносини англатади. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, мусулмон одам жиҳод қилмоқчи бўлса, ўзининг барча куч-қуввати, ақл-заковати ва моддий имкониятларини Аллоҳ йўлида, Унинг дини учун сарфлаши керак бўлади. Алоҳида таъкидлаб айтиш лозимки, “жиҳод” сўзи луғатда уруш маъносини англатмайди. Уруш араб тилида бошқа сўзлар билан ифода этилади. Асосан, уруш маъносини англатиш учун араб тилида “қитол” сўзи ишлатилади. Бироқ “жиҳод” сўзининг луғатдаги хусусиятидан келиб чиқиб, жиҳоднинг турлари ҳам кўпайган ва ўша   даврда душманга қарши жон-жаҳди билан жанг қилиш ҳам “жиҳод” дейилган. Ушбу охирги маъно бошқаларидан устун келиб, кейинчалик жиҳод деганда фақат қитол тушуниладиган бўлиб қолган.

Имом Термизий, Ибн Ҳиббон ва Дайламийлар ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Жиҳоднинг афзали Аллоҳ таолонинг зотида ҳавои нафсингга қарши жиҳод қилмоғингдир”, деганлар.

Имом Бухорий, Муслим ва бошқалар ривоят қилган ҳадисда  эса шундай дейилади: “Бир киши Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига у зотдан жиҳодга изн сўраб келди. Шунда у зот унга: “Сенинг ота-онанг борми?” дедилар. “Ҳа”, деди. “Бас, икковлари(хизмати)да жиҳод қил!” дедилар”. Демак, ота-онанинг хизмати ҳам жиҳод бўлиши мумкин.

Жиҳод ҳақидаги оятларнинг барчаси ўрганиб чиқилганида шу нарса маълум бўладики, Исломда жиҳод ҳукми шароитга қараб ўзгариб туради.

Жиҳод икки қисмдан иборат: талаб ва мудофаа. Талаб жиҳоди ҳозир йўқлигига уламолар ижмоъ қилишган. Чунки ҳозирда ҳамма давлатлар урушмасликка келишганлар ва ўзаро алоқалар ўрнатиб, элчихоналар очганлар. Мудофаа жиҳоди душманлар мусулмон юртга уруш қилиб, бостириб кирсалар, ҳимоя учун бўлади.

Суриялик машҳур олим Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий жиҳод ҳақида китоб ёзиб, бугунги кунда жиҳод чақириғи билан чиқаётганларнинг гаплари ҳам, ишлари ҳам ҳақиқий жиҳоддан йироқ, деган фикрни олға сурди. У куч ишлатишни “жиҳод” деб даъво қиладиганларга қарши таълиф қилган “Ал-Жиҳод фил Ислом” номли китобида қуйидагиларни ёзади: “Мен бу   асрда баъзи бир доиралар наздида янги ислом туғилаётганини мулоҳаза қилмоқдаман. У Аллоҳнинг ҳузуридан ваҳий бўлиб тушмайди. Лекин баъзи одамларнинг фикрлари ва мижозларидан келиб чиқади. Унинг ҳукмлари шаръий далиллар ҳукми ила бирлашмайди ва уларнинг ҳужжатига бўйсунмайди. У фақат баъзи шахс ва жамоаларнинг таассубидан ёки шаҳвату ҳавойи нафснинг султонидан келиб чиқади.

Бугунги кунда ислом олами гувоҳ бўлиб турган нарса ўша янги ислом “элчи”ларининг тинимсиз ҳаракатларидан келиб чиққан нарсалардир. Биз уни аввал билмаган эдик. Улар ўзларининг исломини ҳозиргача биз Аллоҳдан ваҳий бўлиб келган деб билган исломнинг ўрнига қўймоқчилар.

Биз билган ислом Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятлари баёни, қатъий шаръий далиллар, собит фиқҳий қоидалар, мусулмонларнинг барча авлодлари илмларининг кенглигига ва фаҳмларининг дақиқлигига гувоҳлик берган салаф уламолари жумҳурининг ижтиҳодлари тақозо қилган нарсаларни лозим тутишдан иборатдир”.

 “Мазкур фикр ва мижоз исломи, уни ихтиро қилганларнинг даъвоси бўйича, гўёки Қуръон, Суннат ва салафи солиҳларнинг ҳукмининг фиқҳи эмиш. Аммо улар бир вақтнинг ўзида бирор айби йўқ мусулмонларни кечаси бўғизлаб кетишни “шариат рухсат берган иш” дейдилар. Улар Исломий маҳкама зиммаларига бирор айбни қўймаган муслима қизларни сўйиб ташлашни “шариат рухсат берган иш” дейдилар. Улар оддий йўловчилар тўла учқични ичидаги беайб инсонлар билан қўшиб портлатиб юборишни ҳам “шариатда бор иш” дейдилар. Ҳар биримиз кўзларимизни юмиб олиб, “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бугун ичимизда юрибдилар”, деб хаёл қилайлик. Ул зот мазкур мижозий Исломга рози бўладиларми?! Уни қабул қилиб, бошлиқ бўлиб, унга даъват қиладиларми?”

Диний экстремистик оқимларнинг яна бир даъвоси ҳижрат бўлиб, “ҳижрат” сўзининг луғавий маъноси “тарк қилиш, ташлаб кетиш, ўз ватанидан бошқа жойга кўчиш”дир. Истилоҳда эса динига эркин амал қилиш имкони бўлмай, юртида беш вақт намоз ўқиш ва бошқа фарз амалларни бажариш имкони топилмаса, қодир кишиларнинг бошқа юртга кўчишларини англатади. Ҳижрат икки хил бўлади. Биринчиси - дин ва ҳаёт муҳофазаси йўлида амалга ошириладиган маконий ҳижрат бўлиб, унга тааллуқли бир қатор оят ва ҳадислар ворид бўлган. Қуръони каримнинг “Наҳл” сураси   41-оятида шундай дейилади: “Зулму қийноқларга дучор бўлганларидан сўнг Аллоҳ йўлида ҳижрат қилган зотларни, албатта, бу дунёда ҳам гўзал  (гўшаларга)  жойлаштирурмиз. Энди охират ажри мукофоти янада каттароқ эканини  (одамлар)  билсалар эди!” Шу мазмундаги оятлар “Нисо”, “Анфол”, “Наҳл” сураларида ҳам бор.

Ҳижратнинг иккинчиси - гуноҳ-маъсиятларни тарк этиш. Шу маънодаги ҳижрат тўғрисида Пайғамбаримиз  Муҳаммад (с.а.в.) бир қатор кўрсатмаларни баён қилганлар. Жумладан, Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда У зот: “Тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлган инсон ҳақиқий мусулмондир. Аллоҳ таоло қайтарган нарсаларни тарк қилган инсон ҳақиқий муҳожирдир”, дейдилар.

Имом Муҳаммад ибн Исмоил ас-Санъоний ўзининг “Субулус Салом” номли машҳур китобида қуйидаги ҳадиснинг шарҳини келтиради.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ”, дедилар”. “Бу ҳадис умумий ва ўзидан олдин келган ҳижратга далолат қилувчиларни насх қилувчидир, дейдилар. Шу билан бирга, Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бўлган арабларни Ўзлари томон ҳижрат қилишга амр қилмаганлар ва ўз  юртларида туришларини инкор қилмаганлар”.

Имом Байҳақий Ибн Умардан ривоят қилган ҳадисда: “Ҳижратнинг энг афзали – Раббинг ёмон кўрган нарсани тарк этмоғингдир”, дейилади.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, “ҳижрат” сўзи бир жойдан иккинчи жойга кўчиш маъносини англатади. Истилоҳда Муҳаммад (с.а.в.) даврларидаги мусулмонларнинг Ҳабашистонга, сўнгра ўзлари бош бўлиб Мадинага кўчиб ўтишларига айтилади.

Албатта, ҳижратга тегишли оят ва ҳадислар фақат юқорида зикр қилинганлардангина иборат эмас. Бу масалани батафсил ўрганиб чиққан уламолар унинг ҳукмини ҳам мукаммал баён қилганлар.

Мухтасар бўлиши учун Қувайт Вақф ва Исломий ишлар вазирлиги нашр этган “Фиқҳ энциклопедияси”да баён қилинган сўзларни келтирамиз: “Мусулмоннинг дорул ҳарбда муқим туриши унинг Исломига путур етказмайди. Фақат дини хавф остида қолгандагина бундан мустасно. Яъни динини ошкора зоҳир қилиш имкони қолмаса, ҳижрат қилиш лозим бўлади”.

Бас, шундай экан, аслида мусулмон бўлган юртларда намозини ўқиб, рўзасини тутиб, бошқа ўзига фарзи айн бўлган ҳукмларга амал қилиб юрган мусулмонларга “Ҳижрат қилмасанг, кофир бўласан!” дейиш қандай гап?! Ваҳоланки, Ислом дини қоидаларига биноан, фатво бериш ҳуқуқи ақида ва фиқҳ илмида мукаммал даражага етган, Қуръон ва ҳадис илмини тафсирлари, турли шарҳлари, санадлари билан тўлиқ ёд билувчи, қолаверса, муфтий мартабасига эга бўлган муайян шахсларгагина берилиши мумкин.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, янги пайдо бўлган барча тоифалар ўзларига баландпарвоз шиорларни танлашлари, ислом динида муқаддас ҳисобланган сўзларни бузиб талқин қилмоқчи бўлаётганлари ёки бутун мусулмонлар учун муқаддас бўлган баъзи бир атамалар билан номланишлари ўзларининг қабиҳ жиноятларини ниқоблашга уринишдан бошқа нарса эмас.

Раҳматилло УСМОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили

Report typo