Бор гап, бугун кўпчилик мана шу ном остида иш олиб бораётган шахсларнинг қонуний мақоми, фаолият йўналишидаги фарқ, ҳуқуқларию мажбуриятлари тўғрисида етарлича маълумотга эга эмас. Шундан бўлса керак, ҳатто ўзини блогер чоғлаб юрувчи кўпчилик "уддабурон"лар жойларда журналист сифатида намоён бўлишга чоғланган. Ваҳоланки, журналистика ва блогерликнинг тошу тарозуси бир-биридан тубдан фарқ қилади.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг "Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунида журналистга: меҳнатга оид ёки бошқа шартномавий муносабатлар асосида оммавий ахборот воситалари учун хабарлар ва материалларни тўплаш, таҳлил этиш, таҳрир қилиш, тайёрлаш ҳамда тарқатишга доир фаолиятни амалга оширувчи шахсдир, дея тасниф берилса, блогерга оид таъриф "Ахборотлаштириш тўғрисида"ги Қонунда келтирилган.
Унга кўра, интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа хусусиятга эга ахборотни жойлаштирувчи, шу жумладан, ахборотдан фойдаланувчилар томонидан ушбу ахборотни муҳокама қилиш учун жойлаштирувчи жисмоний шахс блогер саналади.
Қонунчиликда журналистнинг ҳуқуқлари аниқ белгилаб қўйилган. Хусусан, у ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида: ахборотни тўплаш, таҳлил этиш, таҳрир қилиш, тайёрлаш ва тарқатиш; ахборот олиш учун давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга мурожаат этиш; давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни истисно этган ҳолда ҳужжатлар, материаллар ва ахборотдан фойдалана олиш; журналист текшируви ўтказиш; ўзи тайёрлаган хабарлар ва материалларни оммавий ахборот воситалари орқали имзосини ёки тахаллусини қўйиб тарқатиш, уларда ўз фикр-мулоҳазасини ифодалаш; давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида ва оммавий тадбирларида ҳозир бўлиш; журналистлик фаолиятини амалга ошириш юзасидан мансабдор шахс қабулида бўлиш; маълумотларни белгиланган тартибда ёзиб олиш, шу жумладан, зарур техника воситаларидан фойдаланган ҳолда ёзиб олиш; судларнинг очиқ мажлисларида, ҳарбий ҳаракатлар майдонларида, табиий офат юз берган ҳудудларда, оммавий тадбирларда ҳозир бўлиш каби ўзига қонун ҳужжатлари билан берилган ҳуқуқлардан фойдаланади.
Шунингдек, ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида журналист: қонун ҳужжатлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари талабларига риоя этиши; ўзи тайёрлаётган материалларининг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириши ва холис ахборот тақдим этиши; айбсизлик презумпцияси принципига амал қилиши; журналистика соҳасининг сирини ошкор этмаслиги; журналистларнинг касбга оид одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиши; шахснинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши шарт.
Журналист ўз касбига доир ахборотдан шахсий мақсадларда фойдаланиши, ахборот манбаи ёки муаллиф розилигисиз жисмоний шахснинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотларни эълон қилиши мумкин эмас.
Хўш, блогерчи?
Гап шундаки, ҳозирча блогерлик фаолияти алоҳида қонун ҳужжати доирасида тартибга солинмаган. Шундай экан, улар мамлакатимизда барча шахслар учун умумўрнатилган тартиб-қоидалар асосида иш кўради. Хусусан, улар фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг "Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида"ги Қонуни билан белгиланган: ҳар бир фуқаронинг ахборот олиш хуқуқи кафолатланади; ҳар кимнинг ахборотни излаш, олиш, тадқиқ этиш, узатиш ва тарқатиш ҳуқуқи давлат томонидан ҳимоя қилинади; ҳар ким ахборот олишни сўраб бевосита ўзи ёхуд қонуний вакиллари орқали мурожаат этиш ҳуқуқига эгалиги каби нормаларни дастак тутиши мумкин.
Яъни, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жавобгарлиги оддий фуқаролар сингари бўлади. Яна шундан аёнки, блогер журналист каби текширув ўтказиш ваколатига ҳам эга эмас.
Улардан фарқли равишда журналист журналистлик фаолиятини амалга ошириш чоғида шахс дахлсизлиги кафолатидан фойдаланади. Танқидий материаллар эълон қилганлиги учун журналистни таъқиб қилишга йўл қўйилмайди. Журналист текшируви даврида у қўлга киритган материаллар ва ҳужжатлар олиб қўйилиши ёки кўздан кечирилиши мумкин эмас. Давлат журналистга ахборотни эркин олиши ва тарқатишини кафолатлайди, ўз касбига доир фаолиятни амалга оширишида унинг ҳимоя қилинишини таъминлайди. Журналистнинг журналистлик фаолиятига аралашиш, ундан ўз касбига доир вазифаларни бажариш чоғида олган бирор бир маълумотни талаб этиш тақиқланади.