Бир сафар байрамга озгина кечикиб қолдим. Шошилганим учун ҳансирай-ҳансирай баланд тепаликка чиқиб бордим. Бу ердаги жозибадан дилим яйраб кетди. Тоза ва мусаффо шабададан энтикиб нафас оларканман, енг шимариб бири пиёз арчиётган, бири гуруч юваётган ҳамқишлоқларга ҳазиломуз гап ташладим:
- Нега ҳар йили байрамни шу тепаликда нишонлаймиз? Бу тепаликнинг бир хосияти бор-ов…
- Кўрмаяпсизми, ҳамма жой кўринади, маза-да, - дея ўзича жавоб берди ёшроқ йигитлардан бири. Унинг бу гапига чим устида ёнбошлаб, ёшларни ишга бошқариб турган етмиш ёшли баковул бобо (у ҳар доим қишлоқнинг тўй ва байрамларига бош-қош бўлгани учун ҳамма шундай атайди) мийиғида кулиб қўйди. Сўнг томоқ қириб, суҳбатга қўшилди.
- Байрамни қишлоқдаги энг баланд тепаликда нишонлашимизнинг сабаби фақат ҳамма жойнинг кўринишида эмас, Жавлонбой. Бу ҳам Худонинг бир инояти, мустақиллигимиз шарофати.
- Ия, баковул бобо, мустақилликкача-чи?
Баковул бобо оғир хўрсинди:
- Сизлар билмайсизлар, невараларим, - у қўлини бигиз қилиб, қишлоқдаги Узунсой томонни кўрсатди. – Бир вақтлар бу байрамни ҳув анави сойнинг бир қуриган чуқурида нишонлар эдик. У вақтлар бундай шодиёна, куй-қўшиқлар қаёқда, дейсиз. Бир қозонга ош дамласак, буғи кўтарилмасин деб, устига шолча ёпиб ўтирардик. Шўро деганлари билиб қолса, балога қолардик. Боболаримиздан қолган удум деб, байрам қилишга қилардигу бир ошамдан ошни еб қайтгунимизча, хавотирдан ўлиб бўлардигей...
Баковул бобо охирги гапларини айтаётганида маъюс тортиб, овози титраб кетди. Ҳамма жим бўлиб уни тинглаётгани боис, орада бироз сукунат ҳукм сурди. Бобо оғир ютиниб олар экан, кўзларида ёш милтиллагандек бўлди. Чамаси яна кўп нарсаларни айтиб бермоқчи эдию, бўғзига тиқилган ўкинч бунга изн бермади.
Ҳа, ўтмишимизда шундай даврлар бўлганки, халқимизнинг миллий қадриятлари, бой маънавий меросини акс эттирувчи барча нарсалар қатори Наврўз байрами ҳам таъқибга, тазйиққа учраган. Аммо ота-боболаримиз шундай шароитда ҳам ўз анъаналаридан тонмади, бу айёмни яширинча бўлса-да, нишонлайверди. Чунки Наврўз замирида халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган миллий қадриятлари, маънавияти, асрий анъана ва урф-одатлари мужассам. Бу айёмда гина-аразлар унутилади, кўнгилларда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик туйғулари жўш уради.
Ана шундай эзгу фазилатлар, соф инсоний қадриятлар намунаси бўлмиш Наврўз байрамимиз мустақиллик туфайли яна ўзимизга қайтди. Хусусан, Биринчи Президентимиз ташаббуси билан чинакам умумхалқ байрами сифатида мазмунан ва шаклан бойиди. У мамлакатимизнинг асосий байрамларидан бирига айланди ва ҳар йили юртимизнинг барча гўшаларида - узоқ-яқин шаҳар ва қишлоқларида катта тантаналар билан кенг нишонланмоқда.
Айни кунларда маҳаллаларда, сайилгоҳларда бошлаб юборилган байрам шодиёналари, сумалак маросимлари, спорт мусобақалари, миллий халқ ўйинлари, одамлар юз-кўзларидаги шодон кайфият киши қалбига сурур, ўзгача шукуҳ бахш этади. Шундай дамларда Узунсойнинг бир этагида қисиниб-қимтиниб ош пишираётган боболарим ҳақида ўйлар эканман, этим жунжикиб кетади. Беихтиёр бугунги кунлар учун шукрона келтираман.
Баковул бобо ўзининг икки оғизгина ҳикоясида ўтмишнинг оғир дамларинию мустақиллик боис ўзимизга қайтган ўзлигимизни, эркимизни шу қадар теран ифодалаб берган эдики, юрагимда ўчмас из қолдирди. Ўз навбатида бу ибрат Наврўз байрамининг қанчалик улуғлигини, халқимизнинг миллий маънавияти билан чамбарчас туташиб кетган айём сифатида мангу ва барҳаёт эканини англатиб тургандек бўлаверади.
Ж. БОЙМУРОДОВ