16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Долзарб Сиёсат

АМИР ТЕМУРДЕК БУЮК АЖДОДИМИЗДАН ЖАСОРАТ, МАТОНАТ, БАҒРИКЕНГЛИК КАБИ ФАЗИЛАТЛАРНИ МЕРОС ҚИЛИБ ОЛГАН МЕҲНАТСЕВАР, САМИМИЙ ВА ОЛИЖАНОБ ҚАШҚАДАРЁ АҲЛИ БИЛАН ОЛДИМИЗГА ҚЎЙГАН УЛКАН МАРРАЛАРГА АЛБАТТА ЭРИШАМИЗ

Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи, ислоҳотлар натижадорлиги билан яқиндан танишиш мақсадида 19-20 июнь кунлари Қашқадарёда бўлди. Давлат раҳбари ташриф давомида саноат, тиббиёт, туризм, энергетика каби кўплаб соҳалардаги корхоналар фаолияти ва маҳаллалардаги бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди.

Президент ташрифни Қарши шаҳридаги «Alp texno servis» электротехника корхонаси билан танишувдан бошлади.

Мамлакатимиздаги иқтисодий ислоҳотлар соҳа ва тармоқларда ўз натижаларини бермоқда. Бутун республикада технологик «сакраш» кузатилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг беш ойида саноат 6,4 фоиз ўсган, бу соҳада экспорт 6 миллиард доллардан ошган.

Бунда Қашқадарё саноатининг ҳиссаси катта. Қарши шаҳридаги «Alp texno servis» шундай экспортчи корхоналардан бири. Қиймати 10 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳа электр техникаси йўналишида глобал етказиб бериш занжирида ўрин топган. Корхона хорижий «TСL», «HOFFMANN» брендлари учун буюртмалар тайёрлаб бермоқда. Шунингдек, маҳаллий SMART брендига асос солинган. Шу номлар остида йилига 500 минг донагача телевизор ва электрон платалар ишлаб чиқарилмоқда.

Маҳсулотлар юқори технологик, сифати ва дизайни бозор талабига мос. Шу боис 70 фоиз товарлар экспортга йўналтирилмоқда. Ўтган йили 2 миллион доллардан зиёд экспорт қилинган. Бу йилги режа 10 миллион доллар.

Давлатимиз раҳбари бу тармоқни янада ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.

– Бу соҳада тажриба орттирдик, ташқи бозорга йўл топдик. Энди бу корхонани кенгайтириш керак. Одамзот бор экан, бундай маҳсулотларга талаб бўлади. Фақат сифат ва номенклатура бўйича ўсиш, рақобатбардош бўлиш зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Яна бир муҳим вазифа – маҳаллийлаштириш. Ҳозир корхонада бу кўрсаткич 50 фоиздан ошган. Келгусида 20 миллион долларлик яна 4 та лойиҳани амалга ошириб, чангютгич, электр чойнак, ҳаво совутгич, вентилятор ишлаб чиқариш режалаштирилган. Буларнинг натижасида йилига 30 миллион долларлик экспорт имконияти яратилади.

Корхонада 200 киши иш билан таъминланган. Қарши давлат техника университети билан дуал таълим йўлга қўйилган.

* * *

Давлатимиз раҳбари Қарши шаҳридан Шаҳрисабзга кетаётиб, поездда қашқадарёлик фаоллар билан самимий мулоқотда бўлди.

Суҳбатда шаҳару қишлоқлардаги ўзгаришлар, аҳоли ҳаёти, бугунги тинчлик қадри ҳақида сўз борди.

«Инсон қадри учун, инсон бахти учун» деган эзгу ғоя давлатимизнинг фаолият дастурига айланган. Шу асосида аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш, даромади ва фаровонлигини ошириш, маҳаллаларни обод қилиш ижтимоий ҳаётимизда етакчи ўринга чиқмоқда.

Ҳудудлар имкониятини тўлиқ ишга солиш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган дастурлар натижасида юртимизнинг ўзида муносиб меҳнат шароитлари яратилмоқда. Ёшлар ва хотин-қизлар даромадли касбларга ўқитиляпти.

Иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар самарасида саноат жадал ривожланмоқда, илғор технологияли корхоналарда қўшилган қиймат яратилмоқда. Қишлоқ хўжалиги, туризм, транспорт, энергетика соҳаларида улкан лойиҳалар ишга туширилмоқда.

Президентимиз иқтисодиёт ривожи, аҳоли кайфиятида йўлларнинг аҳамияти юқори эканини таъкидлаб, бу борада мутасаддиларга топшириқлар берди. Охирги 2 йилда юртимизда 40 минг километр йўл ва 540 та кўприк таъмирланган. Бу йил Қашқадарёда жами 100 километр магистрал йўллар таъмирланиши режалаштирилган. Бу лойиҳаларни тезлаштириш, йўл бўйларини ободонлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Нуронийлар бу ўзгаришларни халқимиз ўз ҳаётида сезаётгани, ислоҳотларга юқори баҳо бераётганини айтишди. Хотин-қизлар вакили барча соҳаларда аёлларга кенг имкониятлар берилгани, натижада улар ўз оиласи ва меҳнат жамоаларида қадр топиб, ҳаётидан рози бўлиб яшаётганини сўзлаб берди.

* * *

Президент Шавкат Мирзиёев Шаҳрисабз шаҳридаги кўп тармоқли кардиология маркази фаолияти билан танишди.

Ижтимоий давлат саналмиш Ўзбекистонда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш энг долзарб йўналишлардан бири. Шу мақсадда давлат шифохоналари ислоҳ қилиняпти, соҳага инвестициялар жалб этилиб, хусусий сектор ҳам ривожлантирилмоқда. Жумладан, бугунги кунда Қашқадарёда 700 дан зиёд хусусий клиника очилган, уларда 72 та хизмат тури йўлга қўйилган.

Россиялик тадбиркор билан ҳамкорликда ташкил этилган «Оқ сарой» клиникаси яқинда ишга тушди. Бу ерда 4 та жарроҳлик ва 6 та реанимация хоналари, 100 дан ортиқ шифо ўринлари мавжуд. Бир вақтнинг ўзида 4 та ва кунига 25 тагача юқори технологияли кардиожарроҳлик амалиётларини ўтказиш имконияти яратилган. Бунинг учун Россия, Туркия ва Кувайтдан малакали шифокорлар ишга жалб этилган. Стентлаш, аорта коронар шунтлаш, туғма нуқсонларни бартараф этиш, эндопротезлаш каби даволар самараси юқори.

Марказ юқори аниқликда ташхис хизмати ҳам кўрсатади. Масалан, замонавий эхокардиография ускунаси сунъий интеллект ёрдамида ишлайди. Бунақаси ҳозирча Ўзбекистонда ягона.

Давлатимиз раҳбари бундай инновацион клиникалар тиббиётда сифат ва дунёқарашни ўзгартириши, бошқаларни ҳам трансформацияга ундашини таъкидлади.

– Бу ердаги тизимни андоза қилиб олиб, 14 та ҳудудимизда шундай клиникалар ташкил этиш зарур. Бунга қанча маблағ керак бўлса, топамиз. Фақат замирида халқимиз учун кафолатланган сифатли даво бўлиши лозим. Муқобиллик, рақобат бўлмаса, сифатга интилиш бўлмайди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мутасаддиларга бу борада таклиф тайёрлаш, клиникаларни бирламчи бўғин ва тиббий суғурта тизими билан уйғунлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шифохонада 130 та иш ўрни яратилган. Малакали мутахассислар тайёрлаш учун шу ернинг ўзида клиник ординатура йўлга қўйилган.

Президентимиз бунга алоҳида аҳамият қаратиб, талаба ва шифокорларнинг малакасини ошириш, хорижлик мутахассислар билан телемедицинани кенгайтириш муҳимлигини қайд этди.

Айтиш жоизки, нотўғри овқатланиш оқибатида қашқадарёликлар орасида юрак-қон томир хасталиклари кўп учрайди. Янги клиника ва унинг қошидаги марказ ушбу касалликларни эрта аниқлаб, ташхис қўйиш ва даволашда муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур марказ томонидан мобиль диагностика машиналари йўлга қўйилган бўлиб, чекка ҳудудлардаги аҳолига УТТ, МСКТ, ЭКГ каби тиббий хизматларни кўрсатади.

* * *

Давлатимиз раҳбари Яккабоғ туманида барпо этилган «Янги Ўзбекистон» массивини бориб кўрди.

Аҳоли фаровонлиги ва турмуш маданиятини оширишга қаратилган мазкур массив илғор  шаҳарсозлик ечимлари асосида қурилган. Кўп қаватли уй-жойлар кўркамлиги, тартиблилиги ва ободлиги билан туман қиёфасини ўзгартириб юборди. 18 гектар майдонни эгаллаган массивда 54 та беш қаватли уйлар қурилиб, 1 минг 400 та хонадон аҳолига тақдим этилади.

Иншоотлар нафақат замонавий архитектураси, балки аҳоли учун яратилган инфратузилманинг қулайлиги билан ҳам ажралиб туради. Ҳар бир уй замонавий коммуникация тармоқлари, атрофи эса болалар майдончалари ва автотураргоҳлар билан таъминланган.

Шу билан бирга, ҳудудда уч қаватли «Эко бозор» барпо этилган. У орқали маҳаллий деҳқонлар ўз маҳсулотларини тўғридан-тўғри истеъмолчиларга етказиш имконига эга. Бу эса ҳам сифат, ҳам нарх жиҳатидан одамларга маъқул бўлмоқда. Бозорда 640 та иш ўрни яратилган.

Давлатимиз раҳбари ушбу экобозорда яратилган шароитларни кўздан кечирди, сотувчи ва харидорлар билан мулоқот қилди.

– Бозорлар тўкинлик, фаровонлик ва халқнинг маданиятини кўрсатади. Яккабоғда шундай обод маскан бунёд этилгани қувонарли. Халқимизнинг харид қобилияти, бозор маданияти ошаяпти. Шунга муносиб бундай қулай савдо марказларини кўпайтириш керак, – деди Президент.

Алоҳида эътиборга молик жиҳати, массивдаги инфратузилма иншоотларига қуёш панеллари ва гелиоколлекторлар ўрнатилган. Бу эса энергия тежамкорлиги ва узлуксизлиги, экологик хавфсизликни таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

Аҳолининг дам олиши, болалар ва ёшларнинг фаол вақт ўтказиши учун ҳам қулайликлар яратилган. Хусусан, сайилгоҳлар, болалар боғчаси, спорт майдонлари, соғломлаштириш масканлари ҳамда сервис нуқталари ягона концепция асосида барпо қилинган.

Мутасаддиларга шу концепция асосида бошқа туман марказлари ва массивларни ҳам ривожлантириш юзасидан кўрсатмалар берилди.

* * *

Президент Шавкат Мирзиёев Шаҳрисабз тумани Ҳисор тоғи ён бағридаги сайёҳлик салоҳияти билан танишди.

Туризм кам маблағ билан кўп иш ўрни яратадиган, аҳоли даромади ва ҳудудлар қиёфасини яхшилайдиган соҳа. Қашқадарёда ҳам бу борада имкониятлар кўп.

Президентнинг 2023 йил 28 ноябрдаги қарори асосида Қашқадарё вилоятининг тоғли-рекреацион ҳудудларида замонавий хизмат кўрсатиш ва туризм мажмуалари барпо этилмоқда. Жумладан, хорижий давлатларнинг малакали экспертлари ва етакчи компаниялари иштирокида Мираки, Амир Темур, Улоч ва Полмон маҳаллаларида сайёҳлар учун қулайликлар яратилмоқда. Умумий 240 гектар майдонда 400 миллион долларлик 117 та лойиҳа амалга оширилаётир. Бунинг натижасида эса 1 минг 700 та доимий иш ўрни очилади.

Бугун Миракидаги ўзгаришлар мазкур қарор ва туризм бўйича ўтказилган йиғилишлар натижаси.

Илгари бу сўлим жойлардан ҳар ким ўз билганича фойдаланар эди. Сой бўйлари бетартиб, оромгоҳларда инфратузилма етишмасди. Бугун бу манзил яхлит туризм кластерига – «Мираки» халқаро туризм марказига айланди.

Давлатимиз раҳбари бу ердаги ободлик ва қулайликларни кўздан кечирди. Оқсув дарёсининг икки қирғоғи бўйлаб пиёда ва велосипедда юриш учун ўн километрлик «эко йўлак» ташкил этилган. Болалар майдончаси, кўнгилочар боғ, нуронийлар маскани, оилавий меҳмон уйлари ҳамда кўчма савдо шохобчалари маҳалла кўркини оширган.

«Miraki spa and resort» дам олиш ҳудуди туризм марказининг замонавий қисми. Бу ерда иккита меҳмонхона, савдо ва кўнгилочар мажмуа барпо қилинган. Шунингдек, бир вақтнинг ўзида 600 нафар сайёҳни қабул қилувчи меҳмонхоналар, 300 ўринли оилавий хостел очилган. Бу йилига 300 мингдан ортиқ меҳмонга хизмат кўрсатилишини англатади.

Давлатимиз раҳбари янги меҳмонхона ва савдо мажмуаси фаолияти билан танишди. Сайёҳлик бўйича истиқболдаги муҳим лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.

– Шаҳрисабзнинг устун тарафи – йил давомида саёҳатга келиш мумкин. Бунинг учун йўл, коммуникация, меҳмонхоналар қураяпмиз. Энди хизмат турларини кўпайтиришни ўйлаш керак. Масалан, Миракига келган меҳмон вақтини қандай ўтказади, нималар харид қилади? Шу талаблардан келиб чиқиб, хизматлар таклиф қилиш, бу ернинг табиати ва шароитини чет элларда кенг тарғиб этиш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Янги сайёҳлик марказига инвесторларни жалб этиш учун муҳандислик-коммуникация тармоқлари тортилган. Миракига элтувчи ва маҳалла ичидаги йўллар мукаммал таъмирланган. Электр таъминоти яхшиланган. Сайёҳларни қизиқтириш учун Ҳисорак сув омборига туташ ҳудудда икки километрдан ортиқ дор йўли ва денгиз сатҳидан 2 минг 700 метр баландликда ресторан ҳам барпо этилган.

Бундай кенг қулайликлар Қашқадарёга келувчи сайёҳлар сонини оширмоқда. Ўтган йили вилоятга икки ярим миллион нафардан ортиқ сайёҳ ташриф буюрган. Шундан беш юз минг нафарга яқини айнан Шаҳрисабз туманига келган. Ҳудуддаги бу ўзгаришлардан кейин келтирилган рақам бир неча баробар ўсиши табиий.

* * *

Давлатимиз раҳбари Шаҳрисабз туманидаги «Ҳисорак» сув омбори яқинида барпо этилган «Ҳисорак» кичик гидро электр станциясини кўздан кечирди.

Ушбу сув омбори 1987 йилда қурилган бўлиб, 2004 йилда капитал реконструкция қилинган. Ҳудудда 2011 йилда ишга туширилган қуввати 45 МВт бўлган асосий «Ҳисорак» ГЭС ҳам мавжуд бўлиб, йилига 80 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Бу эса ўртача ҳисобда 33 минг хонадоннинг йиллик электр энергияси эҳтиёжини қоплайди.

Мамлакатимизда экологик тоза, арзон ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш ҳамда мавжуд қувватларни оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти томонидан кичик ва микро ГЭСлар барпо этилиб, фойдаланишга топширилмоқда.

Шаҳрисабз туманида энергетик қуввати 3,5 МВтга тенг, йилига ўртача 17,5 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарувчи «Ҳисорак» кичик ГЭСи шулар жумласидан. Унинг қурилиши тўлиқ маҳаллийлаштириш доирасида амалга оширилди. Лойиҳанинг қиймати 1,5 миллион долларни ташкил этади. ГЭС фаолияти натижасида йилига ўртача 5 миллион куб метр табиий газ тежалади. Бу ерда ишлаб чиқариладиган электр энергия 7 минг 300 та хонадонга етади.

Давлатимиз раҳбарига дарё сувидан энергия олиш бўйича келгуси режалар ҳақида ахборот берилди.

Энг муҳим лойиҳалардан бири – келгуси икки йил ичида умумий қуввати 12 МВт бўлган 416 та кинетик турбинали микро ГЭС қуриш режасидир. Бу микро ГЭСлар ариқ ва каналлардаги сув оқимидан самарали энергия ишлаб чиқариш имконини беради.

Ҳозирда вилоятда умумий қуввати 49 МВт бўлган 3 та ГЭС фаолият юритмоқда. Истиқболдаги лойиҳалар туфайли бу кўрсаткич сезиларли даражада ошиши кутилмоқда. Гидроэнергетика орқали вилоятда аҳоли электр энергияси истеъмолининг 15 фоизини қоплаш мақсад қилинган.

Мамлакатимизда сўнгги саккиз йил ичида электр энергияси ишлаб чиқариш 38 фоизга ошиб, 81,5 миллиард кВт/соатга етди. Жорий йилда республика бўйлаб умумий қуввати 24,7 МВт бўлган 5 та янги кичик ГЭС фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

* * *

Италия, Франциянинг ландшафтли боғлари, қирдаги токзорлари дунёга машҳур. Уларни бориб кўришга иштиёқмандлар кўп. Энди шундай кўркам маскан Шаҳрисабзда ҳам бор.

Давлатимиз раҳбари Қашқадарёга ташрифи чоғида ушбу агротуризм мажмуасини бориб кўрди.

Илгари бу жойлар қуруқ қир-адир бўлган. Томчилатиб суғориш йўлга қўйилгани натижасида ҳудуд яшилликка бурканди. Мажмуа 520 гектардан иборат бўлиб, адирлик қисмида «терраса» усулида узум, гилос ва олма экилган ҳамда ўрмон барпо этилган. Франциядан энг сара навлар олиб келинган.

– Чўл-адирларни ўзлаштиришимизга шубҳа қилганлар шу боғни келиб кўрсин, – деди Президент.

7,5 минг тонна маҳсулот етиштириш имкониятига эга мажмуанинг   экспорт қуввати 5 миллион долларга тенг. 100 та доимий ва мингдан ортиқ мавсумий иш ўрни яратилган. Кўчатлар ривожини франциялик мутахассис кузатиб боради, ёшларга деҳқончилик сирлари ва бозор талабларини ўргатади.

Ҳудудда, шунингдек, 120 ўринли ресторан ва 100 ўринли меҳмонхона қурилган. Агрологистика ва ўқув маркази, қайта ишлаш, сақлаш қувватлари қурилмоқда.

Мутасаддилар бундай боғларни кенгайтириш, бошқа тоғли туманларда ҳам ташкил этиш режалари ҳақида айтди. Давлатимиз раҳбари суғоришни ташкил этиб, боғларни аҳолига бўлиб бериш, одамларга даромад манбаи яратиш бўйича топшириқлар берди.

* * *

Кўкдала туманида 20 июнь куни Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказилди.

Президент Шавкат Мирзиёев вилоятда улкан ўзгаришлар бўлаётгани, ислоҳотлар одамлар ҳаётига кириб бораётганини қайд этди.

Олдинлари вилоят саноатининг ярмидан кўпи нефть-газ ва кимё тармоғига тўғри келарди. Сўнгги йилларда электр техникаси, қурилиш материаллари, тўқимачилик, мебелсозлик соҳаларида катта «сакраш» бўлди. Ҳозир бу тармоқларнинг саноатдаги улуши 54 фоизни ташкил этаяпти.

Лекин ҳаёт тўхтаб турмайди, ҳали қилинадиган вазифалар кўп. Таҳлилларга кўра, Қашқадарёда ишга солинмаган камида 15 миллиард долларлик салоҳият бор. Бу имкониятларнинг учдан бири лойиҳага айлантирилса ҳам вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотини келгуси беш йилда бемалол 10 миллиард доллардан ошириш мумкин.

Маълумки, жадал ривожланиш дастурига кирган туманларда «Ислоҳотлар штаби» тузилмоқда. Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Кўкдалада ишга тушган янги лойиҳалар бунда тайёр андаза экани таъкидланди. Энди шундай штаб Қашқадарёда ҳам бўлиши белгиланди.

Давлатимиз раҳбари вилоятни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича қўшимча имкониятларни кўрсатиб ўтди.  

Энг катта захира қишлоқ хўжалиги ерлари экани қайд этилди. Мисол учун, Қашқадарёдаги суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари 515 минг гектарни, томорқа ва боғдорчилик ерлари 45 минг гектарни ташкил қилиб, республикада биринчи ўринда.

Бундан ташқари, вилоятда 1,3 миллион гектар яйлов ва ўрмон ерлари мавжуд. Энди улардан самарали фойдаланиш учун алоҳида компания ташкил қилинади. Инвестиция жалб қилиш, лойиҳаларни молиялаштириш ва улуш билан кириш учун унга акциядорлик жамияти мақоми берилиб, Кузатув кенгашига Бош вазир раҳбарлик қилади. Компанияга дастлабки босқичда 100 миллион доллар ажратилади. Бу маблағ ва қўшимча инвестиция ҳисобига икки йилда вилоятдаги камида 200 минг гектар яйлов ва ўрмон ерлари лазерли текисланиб, сув тежовчи технологиялар жорий қилинади.

Қашқадарёда чорвачиликни комплекс ривожлантириш дастури бошланади. Бунинг учун Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан   12 ойгача 14 фоизли кредитлар ажратилади. Бу орқали вилоятдаги 127 та чорвадор тўлиқ қувватга чиқади. Ери ҳам, фермаси ҳам борларга имтиёзли маблағ берилади.

Йил бошидан бери вилоятда мева-сабзавот экспорти 2 карра ошиб, 62 миллион долларга етган. Айниқса, Кўкдала тарвузлари машҳур. Қашқадарёда буни помидор бўйича ҳам қилса бўлади. Шу мақсадда 13 та тумандаги 6 минг гектар ерда помидор етиштириш йўлга қўйилади.

Картошкачилик учун 10 фоиздан 12 ой муддатга имтиёзли кредит ажратилади. Бу тармоққа зарур техникалар импорт божидан озод этилади, юқори авлодли уруғ харид қилишда қўшилган қиймат солиғининг 50 фоизи қайтариб берилади.

Аҳолини ишли қилиш ва камбағалликни қисқартириш энг долзарб масалалардан. Йил бошидан 284 минг одамнинг бандлиги таъминлангани билан яна минглаб ишсизлар бор.

Шу боис бу йил Қашқадарёда 470 минг кишини банд қилиш, 150 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш, Китоб тумани, Қарши ва Шаҳрисабз шаҳрини «ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудуд»га айлантириш бўйича катта марра олинган.

Хусусан, Шаҳрисабз, Қамаши, Ғузор ва Чироқчи туманларидаги табиат гўшаларида туризм масканлари барпо этилади. Кўкдаладаги Чиял бозорида яхна тайёрловчилар учун шароит ва санитария яхшиланиб, гастрономик туризм кенгайтирилади. Шаҳрисабз шаҳри Қорасув маҳалласида темирчилик маркази ташкил қилинади.

Ишсиз фуқаролар хорижий тилларга ўқитилиб, юқори даромад берадиган мамлакатларга ишга юборилади. Аукционда сотиладиган 120 дан ортиқ объект ва 400 гектар ер негизида корхоналар ташкил этиб, 70 минг иш ўрни очиш чоралари кўрилади.

Бу йил Қашқадарёда 3,5 миллиард доллар инвестиция бўйича катта марра олинган. Ўтган беш ойда Косон, Китоб ва Чироқчида инвестиция қарийб 2 карра ошган.

Вилоятдаги конлар инвестиция жалб этиб, қўшилган қиймат яратиш учун катта имконият экани қайд этилди. Масалан, Китобдаги 5 та истиқболли майдонда 39 тонна олтин, Чироқчида 10 минг тонна ноёб металлар захираси аниқланган. Қурилиш материаллари соҳасида 150 миллион долларлик 16 та лойиҳа тайёрланган.

Муборакдаги газни қайта ишлаш заводи  атрофидаги инфратузилмадан фойдаланиб,  200 гектар майдонда инновацион саноат зонаси ташкил этилади. Унда кластер тизими асосида нефть-кимё, электротехника, робототехника ва қурилиш материали бўйича 5 та йирик лойиҳа амалга оширилади.

Вилоят пахта етиштириш бўйича етакчи бўлса-да, тўқимачилик саноатидаги улуши 10 фоизга ҳам етмайди. Бу соҳада 400 миллион долларлик 35 та лойиҳа бошланади. Жорий йил ип-калавани қайта ишлаш 51 фоизга, келгуси йили   100 фоизга етиши учун чоралар кўрилади.

Бундай иқтисодий лойиҳалар учун ривожланган инфратузилма зарур. Масалан, «Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу» йўлининг вилоятдан ўтган 100 километрини реконструкция қилиш ҳисобига транзит салоҳиятини 3 карра ошириш мумкин.

«Қарши – Шаҳрисабз – Китоб» магистрал йўлининг 106 километри реконструкция қилиниб, 2 тасмадан 4 тасмага ўтказилади. Бу лойиҳа доирасида Қамаши ва Яккабоғ марказидан айланиб ўтадиган 34 километрли янги йўл ҳам барпо этилади. Ислом тараққиёт банки иштирокида «Тошкент-Термиз» йўлининг Қашқадарёдан ўтган 60 километри ҳам 4 тасмали қилиниб, цемент-бетон қопламага ўтказилади.

Аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш учун 7 минг 700 та хонадонли уйлар барпо этилади. Бу йил 183 километр сув ва канализация тармоғи, 8 та сув иншооти қурилади.

Йиғилишда ёшлар бандлигини таъминлаш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Уларни «Ёшлар бизнеси» дастурига, олийгоҳ битирувчиларини «Келажакка қадам» дастурига қамраб олиб, тадбиркорлик ва бандлигига кўмаклашиш вазифаси қўйилди.

– Кўриб турганингиздек, Қашқадарёда режалаштирган ишларимиз кўп. Амир Темурдек буюк аждодимиздан жасорат, матонат, бағрикенглик каби фазилатларни мерос қилиб олган меҳнатсевар, самимий ва олижаноб вилоят аҳли билан олдимизга қўйган улкан марраларга албатта эришамиз. Аминманки, қашқадарёликлар барча ислоҳотларимизнинг олдинги сафида бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан вилоят ва туман ҳокимлари, тармоқ раҳбарлари ахборот берди, тадбиркорлар ва жамоатчилик вакиллари билан мулоқот қилинди.

* * *

Давлатимиз раҳбари Қашқадарё вилояти Кўкдала тумани маъмурий марказидаги улкан бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Бу туман давлатимиз раҳбари ташаббуси билан аҳолига қулайликлар яратиш, урбанизация жараёнларини тартибга солиш мақсадида уч йил аввал ташкил этилган эди. Шундан сўнг ҳудуд ривожи жадаллашиб кетди. Бугун Еттитом яқинида янги шаҳар пайдо бўлмоқда.

Аввало, 120 километр сув, 210 километр электр тармоғи қурилиб, зарур инфратузилма яратилди. Йўллар кенгайтирилиб, таъмирланди. Маъмурий бинолар, 19 та мактаб, 22 та боғча, кўп тармоқли шифохона ва оилавий поликлиника барпо этилди.

Эътиборлиси, туман ҳокимлиги биноси мамлакатимизда янги тажрибанинг бошланиши бўлди. Бу ерда 38 та давлат идораси бир жойда жамланган. Бу аҳолига катта қулайлик яратмоқда. Авваллари бирор юмуш юзасидан олис масофаларни босиб, Чироқчи тумани идораларига қатнаган фуқаролар энди барча хизматларни ўзига яқин жойда оляпти.

Президентимиз Кўкдаладаги  бунёдкорлик, бундай яхлит ва мутаносиб шароитлар барча туманлар учун намуна эканини таъкидлади.

Хусусан, «Инсон» маркази ҳам ҳокимлик биносида жойлашган. Бу ерда аҳоли учун ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар бир нуқтада комплекс шаклда тақдим этилади. Унинг дастурий тизими 55 та дахлдор ташкилотларнинг маълумотлари билан интеграция қилинган. Болалар, ногиронлиги бор инсонлар, кексалар ва ижтимоий тўловлар тизими ўзаро боғланган.

Давлатимиз раҳбари туман марказидаги Еттитом кичик саноат зонасида ҳам бўлди.

Тўрт гектар майдонда тўқимачилик, озиқ-овқат, қурилиш ва хўжалик моллари каби йўналишларда қиймати 10 миллион долларлик тўққизта кичик лойиҳа жойлаштирилган. Масалан, «Komfort Star New» корхонасида иситиш қозонлари ва бошқа темир маҳсулотлар, «Komfort Industrial Aria»да чинни буюмлар ишлаб чиқарилмоқда. Умуман, саноат зонасида 600 дан ортиқ доимий иш ўрни очилади.

Президентимиз янги бунёд этилган санъат саройини ҳам бориб кўрди.

Бу ерда 255 ўринли томоша зали, кўплаб тўгарак хоналари бор. Сарой замонавий чолғу асбоблари билан таъминланган, овоз ёзиш студияси, овоз кучайтириш мосламалари, мукаммал совитиш ва иситиш тизими билан жиҳозланган.

Диққатга сазовор жиҳати, тумандаги санъат мактаби, умумтаълим мактаби ва спорт мажмуаси у билан яқин жойлашган. Давлатимиз раҳбари бу болаларга қулай бўлишини таъкидлаб, келгуси лойиҳаларда шуни қўллаш бўйича кўрсатмалар берди.

Президентимиз ёш ижрочиларнинг бадиий чиқишларини ҳам кузатди.

– Сизларни кўриб, Амир Темур бобомиз юртида истеъдодлар кўплигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. Ғайратли бўлиб, билим олишдан тўхтамасангиз, Ўзбекистон буюклигининг замини сизлар бўласиз, – деди Шавкат Мирзиёев ёшларга қарата.

Марказда, шунингдек, болалар майдончалари, яшил ҳудудлар, савдо ва сервис марказлари уйғунликда қурилмоқда. Умуман, 200 дан ортиқ объект барпо этилди. Бу   бунёдкорлик ва қулайликлардан аҳоли мамнун.

Ҳудудда яна ижтимоий соҳа объектлари, кутубхона, спорт майдонлари, маданият марказлари қурилиши давом этмоқда.

Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарёга ташрифи якунланди.