Сараланган сатрлар
Маълумки, Нобел мукофоти буюк илмий изланишлар, инқилобий ихтиролар ёки маданият ва жамият ривожига катта ҳисса қўшган инсонларга бериладиган энг нуфузли халқаро мукофотлардан бири саналади. Мукофот Алфред Нобел васиятига кўра ирқи, миллати, жинси ва динидан қатъи назар, физика, кимё, физиология ёки тиббиёт соҳасидаги кашфиётлар, бадиий асарлар, халқлар дўстлиги ва тинчликни мустаҳкамлаш йўлида кўрсатилган фаолият учун берилади. Ҳозирги вақтда Нобел мукофотининг қиймати 10 миллион швед кронаси (1,3 миллион доллар атрофида)га тенг.
Мазкур мукофотга лойиқ кўрилган шахс борки, ўз даражасидаги энг юқори мутахассис сифатида кўрилади, тан олинади. Жумладан, адабиёт соҳасида Нобел мукофотига сазовор бўлган адиблар рўйхатини жамласангиз, анча муҳташам саф кўз олдингизда намоён бўлади. Мигел Анхел Астуриас, Габриел Гарсиа Маркес, Албер Камю, Бернард Шоу, Элиас Канетти, Эрнест Хемингуэй, Хуан Рамон Хименес, Ясунари Кавабата, Редярд Киплинг, Морис Метерлинк, Патрик Модиано, Пабло Неруда… Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин ва уларнинг ёзганлари мумтоз асарлар қаторидан аллақачон жой олиб улгурган.
Хўш, кейинги йилларда қайси адиблар Нобел мукофотига лойиқ кўрилмоқда ва улар кўтарган мавзулар нималардан иборат? Одамларни ҳайратга солиш мушкул, китобдан чалғитувчи воситалар тўлиб-тошиб ётган бир шароитда нуфузли мукофотга лойиқ кўрилган битикларда нима борки, халқаро миқёсда ном қозонмоқда?
Кейинги 5 йилни олсак, 2020 йилда америкалик шоира Луиза Глюк “ўзининг ашаддий гўзаллиги билан индивидуал мавжудликни умумбашарий қиладиган, бехато таниладиган шеърий овози учун”, 2021 йилда эса Танзанияда таваллуд топган британиялик ёзувчи Абдураззоқ Гурна “маданиятлар ва қитъалар ўртасидаги жарликда мустамлакачилик оқибатлари ва қочқинлар тақдирига муросасиз ва раҳмдиллик билан киришгани учун” Нобел мукофотига муносиб деб топилган.
2022-йилда француз ёзувчиси Анни Эрно, 2023 йилда норвег адиби Юн Фоссе, ўтган йили корейс адибаси Хан Канг адабиёт соҳасидаги нуфузли мукофот соҳиби дея эълон қилинди.
Қуйида Нобел қўмитаси баёнотида “романлари стереотипик таърифлардан холи ва улар бизга дунёнинг бошқа жойларидаги кўплаб инсонларга таниш бўлмаган Шарқий Африкани очиб беради”, дея таърифланган Абдураззоқ Гурна ҳақида сўз юритмоқчимиз.
Гурна 1993 йилда мукофотни қўлга киритган Тони Моррисондан кейинги биринчи қора танли ва 2007 йилда лауреат бўлган Дорис Лессингдан кейинги африкалик ёзувчи ҳисобланади.
У 1948 йилда Шарқий Африка қирғоғидаги Занзибарда туғилган. Отаси ва амакиси Ямандан кўчиб келган тадбиркорлар бўлган. Бошланғич таълимни инглиз мактабларида олиб, Қуръон курсида ўқийди ва араб тилини ўрганади (ўз она тили суахили бўлган). 1960 йилларда Занзибар инқилоби пайтида қочқин сифатида Буюк Британияга кўчиб ўтган ва олий маълумотни Кент университетида олади. Докторлик диссертациясида Шарқий Африка, Кариб денгизи ва Ҳиндистон адабиётидаги мустамлакачилик мавзусини таҳлил қилган.
Гурна 1980-1983 йилларда Нигериядаги Кано Баеро университетида маъруза ўқиган. Кент университетида инглиз ва постколониал адабиёт профессори унвонини олгач, нафақага чиққунига қадар шу ерда дарс беради. Гурна бугунги кунда Англиянинг Кентербери шаҳрида яшайди, Британия фуқаролигига эга. Танзанияни назарда тутиб, “Қалбан у ерда яшайман”, дейди.
Абдураззоқ Гурна романлари танқидчилар томонидан ижобий баҳоланган бўлса-да, тижорий жиҳатдан муваффақиятли бўлмаган ва баъзи ҳолларда Буюк Британиядан ташқарида чоп этилмаган. Нобел мукофоти билан тақдирлангандан сўнггина унинг асарларига бўлган талаб ошди. Хусусан, ўтган йили “Жаннат” романи ўзбек тилида ҳам нашр этилди. Романда Қуръони каримда келтирилган Юсуф алайҳиссалом ҳақидаги ҳикоя 1900-1914 йиллар орасидаги Шарқий Африкада юз берган воқеаларга мослаштирилади. Асарда Африкадаги қуллик, тарихни бузиш ва исломофобия каби масалалар муҳокама қилинади.
Абдураззоқ Гурна романлардан ташқари, Салмон Рушдий, Энтони Бёрджесс, Жозеф Конрад, Видиадҳар Суражпрасад Наипаул, Зое Викомб каби муаллифлар ҳақида ёзилган бир қанча адабий-танқидий асарларнинг ҳам муаллифи саналади.
Оддий китобхон сифатида шуни айтиш мумкинки, Абдураззоқ Гурна ёзган даражадаги, балки ундан анча баланд асарлар ўзимизда ҳам кўплаб топилади. Биргина фарқи, ўзимизнинг адиблар ёзган асарларни дунёда билишмайди. Гурна эса Британияда яшайди ва дунёнинг исталган қисмида яшовчи кишилар тушунадиган инглиз тилида ёзади. Ваҳоланки, у ёзган мустамлакачиликнинг оғир оқибатлари ҳақида ўзбек адабиётида анча таъсирли асарлар ёзилган.
Шундай экан, асарларимиз дунёга чиқиши, бунинг учун профессионал таржимонлар хизматидан фойдаланиш, бу фаолиятни кенг рағбатлантириш керак. Ҳозирча туркий дунёда 2006 йилда Ўрхон Помуқ адабиёт соҳасида Нобел мукофоти билан тақдирланган ягона адиб саналади. Аниқки, нуфузли халқаро мукофотга лойиқ ёзувчиларимиз кўп. Фақат рағбат ва тарғибот керак, холос…
Қуйида эътиборингизга ҳавола этилаётган лавҳалар Абдураззоқ Гурнанинг “Жаннат” романи саҳифаларидан жой олганки, ўзга муҳит, ўзга давр воқелиги билан танишиш фойдадан холи бўлмайди.
* * *
Агар ҳамма нарсани аёлларга ташлаб қўйганимизда нима бўларди деб ўйлайсан? Менимча, ҳалиям ғорда яшаб юрган бўлардик.
* * *
Ўтирволиб нолишнинг нима кераги бор? Ҳаммамиз бир гўрмиз. Улар бизнинг душманимиз. Айнан шу нарса бизни бирлаштириши керак. Уларнинг кўзига ҳаммамиз ҳайвондек кўринамиз ва буни яқин ўртада ўзгартиролмаймиз. Нега улар бунча кучлилигини биласанми? Чунки улар асрлардан бери дунёни кемириб келишяпти. Сенинг нолишинг уларни тўхтатолмайди.
* * *
Манави ёш йигитлар биздан ҳам кўпроғини йўқотади. Кун келиб, уларни биз билган ҳамма нарсага тупуришга мажбур қилишади. Ўзларининг қонунларини ёддан айттириб, ўзлари ёзган тарихни муқаддас сўздек эъзозлатишади. Биз ҳақимизда нима ёзишади? Қул бўлганимизни ёзишадими?
* * *
Амакисининг айтишича, рус одамлари немислардек маданиятли эмасмиш. Ўлкани кезиб юриб, саёҳатлари давомида битта шаҳарчада тўхташганда у ердаги инсон зоти борки мастликдан ўзида эмасмиш. Эркаклар тугул, аёллар ва болалар ҳам мастмиш. Уларнинг ёввойилигини кўриб, амакиси у ерни ислом диёри чегарасини белгилайдиган яъжуж-мажужлар юрти деб ўйлабди. Лекин бошқа ҳайрон қоладиган жойи Рус ўлкасида яшайдиган кўп одамлар мусулмон экан. Ҳамма шаҳарда шунақамиш. Татарлар, қирғизлар, ўзбеклар!
* * *
Амакиси Бухоро, Тошкент, Ҳирот деган шаҳарларда ҳам бўлибди. Бу ердаги одамлар ақлга сиғмас даражада гўзал масжидлар ва жаннатмонанд боғлар қуришган эмиш. Амакиси Ҳиротдаги энг чиройли боғда тунаб қолибди ва тунда шунақа мукаммал куй эшитибдики, нақ ҳуши бошидан учай дебди.
Биз агар гуноҳкор айбига иқрор бўлиб, тавба-тазарру қилса, жазоламаймиз, айниқса, жазо оғир бўлса. Одамларга ялиниб-ёлворамиз, ортимизда аза тутиб қоладиганларимиз борлигини айтамиз. Немисларда бунинг тескариси. Жазо қанча оғир бўлса, улар ҳам шунча қаттиққўл ва шафқатсиз бўлиб олади. Менимча, уларга жазо бериш ёқса керак. Ҳукминг ўқилдими, тилинг узилгунча ялинсанг ҳам, немис қаршингда ҳиссиз ва уялишсиз турган бўлади. Агар жонига тегиб кетсанг, охирги чоранг жазога кўниш бўлади. Биз кўрадиган шунча ишни мана қандай уддалашади. Улар ҳеч нарсага чалғишмайди.
* * *
Харсанглар ва тиканлар орасидан сўқирларча йўл қидираётган ёвуз ва ёқимсиз махлуқдай эди. Унингча, сафардагиларнинг ҳаммаси шу аҳволда эди – кимсасизликнинг ўртасида йўлни йўқотган кўрлардек. Айтишича, у ҳис қилган даҳшат оддий қўрқувга ўхшамасди. Худди воқеликда мавжуд эмасдек, тушда яшаётгандек, йўқолиб кетиш арафасида тургандек эди. Уни ҳайрон қилган нарса нима одамларни шунчалик даҳшатни енгиб, ўша ёқларгача савдо илинжида етаклаб боргани эди. Сафар фақат қўрқувдан иборат эмасди, албатта, лекин ҳамма нарсага сабаб бўлиб турган омил ҳам ўша қўрқув ҳисси эди.
* * *
Қуръонни билишинг сенга доим ёрдам беради. Ҳатто энг чуқур ғорда ёки ўрмонда йўқолиб қолсанг ҳам, ҳатто китобнинг сўзларига тушунмасанг ҳам…
* * *
Одамлар сенга эгалик қиламан, менинг қулимсан дегани худди бир ёмғир ёғиб ўтганига ёки кун охирида қуёш ботишига ўхшайди. Уларга ёқадими ёки йўқми, эртаси куни яна қуёш чиқади. Эркинлик ҳам худди шундай. Сени қамаб қўйишлари, занжирбанд қилишлари, ҳар қандай истакларингни ҳақорат қилишлари мумкин, лекин озодлигингни тортиб олиш қўлларидан келмайди. Сен билан ишлари битганда туғилганингда озодлигингни тортиб олишдан қанча узоқ бўлсалар, ҳали ҳам шундай қолган бўлишади.
* * *
Улар яшашга мажбур қилаётган ва ҳаммалари яшаётган ҳаётнинг ўзи аслида шармандали эди. Уларнинг фитналари, нафратлари, адоват тўла тамагирлиги, ҳатто энг эзгу хислатларни ҳам айирбошланадиган матоҳга айлантириб улгурганди.
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

