Қашқадарёга оид
Олигофренопедагогика – ақлий ривожланишида турли даражада қийинчилиги бўлган болаларни ўқитиш, тарбиялаш, ривожлантириш ва ижтимоий ҳаётга мослаштириш усулларини ўрганадиган махсус педагогика соҳаси саналади. Мазкур йўналишда боланинг билиш қобилиятларини такомиллаштириш, ўқиш, ёзиш ва ҳисоблашни ўргатиш, мустақил ҳаёт кўникмаларини шакллантириш, мулоқот ва ижтимоий мослашувни қўллаб–қувватлаш, ҳар бир боланинг имкониятига мос таълим усулларини танлаш каби вазифалар бажарилади. Умуман, барча давр ва мамлакат учун зарур соҳа.
Олигофренопедагогика ихтисослиги бўйича биринчи педагогика фанлари доктори илмий даражасини олган мутахассис қашқадарёлик олима эканига нима дейсиз?!
Асли ғузорлик олима Муҳаббат Ҳакимова ана шундай мартабага эришган.
Олима 1962 йилда туғилган. 1986 йилда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтини олигофренопедагогика ихтисослиги бўйича тугатган. 1986-1993 йилларда Қибрай туманидаги умумий ўрта таълим мактабида ўқитувчи, 1993-2001-йилларда Навоий давлат педагогика институти доценти, 2001 йилдан Тошкент давлат иқтисодиёт университети кафедра мудири лавозимида ишлаган.
1997 йилда педагогика фанлари номзоди, 2010 йилда педагогика фанлари доктори илмий даржасини, профессор илмий унвонини олган. 6 та монография, 6 та дарслик, 40 дан ортиқ ўқув ва ўқув-услубий-электрон қўлланмалар, 250 дан ортиқ рисола, илмий ва илмий-оммабоп мақолалар муаллифидир. 1999 йилда «Халқ таълими аълочиси» сифатида эътироф этилган. 2001 йилда «Ўзбекистон Мустақиллигининг 10 йиллиги» эсдалик нишони, 2021 йилда «Мўътабар аёл» кўкрак нишони билан тақдирланган.

